Наманганда Давлатобод туманини ташкил этишдан кўзланган мақсад нима?

15:34 08 Сентябр 2020 Сиёсат
298 0

Хабар берганимиздек, бугун Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси олдидан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Давлатобод туманига 1977 йил 29 августда асос солинган бўлиб, унинг ҳудуди 1 125 гектарни ташкил қилган (1977-1995 йилларда Совет тумани, 1995 йилдан Давлатобод туманига ўзгартирилган). Олий Мажлиснинг 2003 йил 12 декабрдаги қарорига асосан туман тугатилиб, 2004 йил 1 январдан Наманган шаҳри таркибига қўшилган.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурхоновнинг таъкидлашича, эндиликда қайтадан ташкил этиладиган туман 4 686 гектар ҳудудни қамраб олади ва унга қуйидаги ерларни киритиш назарда тутилмоқда:

— 2004 йил 1 январгача фаолият кўрсатган Давлатобод туманининг 1 125 гектар майдони;

— 2016-2019 йилларда Косонсой (227 гектар), Тўрақўрғон (183 гектар) ва Наманган (2 726 гектар) туманлари ҳисобидан Наманган шаҳрига берилган ерлар;

– Наманган шаҳри «Юксалиш» маҳалласининг 425 гектар ҳудуди.

Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудида 25 та маҳалла фуқаролари йиғини, 33 850 та хонадон, 421 та кўп қаватли уй, 3 та касб-ҳунар коллежи, 18 та умумтаълим мактаби, 24 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та тиббиёт муассасаси, 698 та хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда 2 та маданий мерос объекти мавжуд.

Шунингдек, мазкур туман ҳудудида «Камолот» ва «Афсоналар водийси» истироҳат боғлари, «Президент мактаби», «Яшил деҳқон бозори», Наманган муҳандислик – технология институти, Навбаҳор стадиони ва 5 та йирик меҳмонхоналар жойлашган.

Ташкил этиладиган туман аҳолиси сони – 140 000 нафар (шундан: ишсизлар – 5328, пенционерлар – 10533, ногиронлик нафақасини олувчилар –5238, вояга етмаганлар – 55924 ва иқтисодий нофаол аҳоли – 19193 нафар)ни ташкил этади.

Ҳудудда 1 280 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, 698 та хизмат кўрсатиш объекти ҳамда 429 та саноат корхонаси (шундан 7 та йирик, 422 та кичик корхона), «Юксалиш», «Хонобод» ва «Орзу» кичик саноат зоналари фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, Наманган халқаро аэропорти, жами 303 км (27 км давлат аҳамиятидаги ва 276 км ички) автомобиль йўллари, 530 км газ тармоғи, 473 км электр тармоғи ва 256 км ичимлик сув тармоқлари мавжуд.

Хўш, бундан қандай натижа кутиляпти?

Қ.Бурхоновнинг айтишича, Давлатобод тумани шаҳар таркибидаги туман тоифасига киритилиб, туман ҳокимлиги (21 та штат бирлиги) ва барча туман бўлимлари (молия, солиқ, халқ таълими, мактабгача таълим, тиббиёт, маҳалла, маданият, бандликка кўмаклашиш ва ҳк.) ташкил этилади. Натижада бошқарув самарадорлиги яхшиланади. Ўз навбатида Наманган шаҳри ҳудудининг 4686 гектар (26%) ер майдонида Давлатобод тумани ташкил этилиб, илгари 2004 йилгача фаолият кўрсатган Давлатобод тумани ҳудудига нисбатан қарийб 4,2 баробарга кенгайтирилади.

Туман аҳолиси 149,6 минг нафарни ташкил этиб, Наманган шаҳар аҳолисининг 23,8 фоизини қамраб олади ва истиқболда замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига урбанизация жараёни жадаллашади.

Тумандаги 25 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, қўшимча янги ижтимоий соҳа объектлари барпо этилади.

Янги инфратузилма объектлари барпо этилади ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожлантирилади.

Маълумот учун, Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш масаласи халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг 2020 йил 29 июндаги ва Наманган вилояти Кенгашининг 2020 йил 30 июндаги қарорлари билан маъқулланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?