Наманганда автомобиль фаралари ишлаб чиқарадиган иккинчи корхона ишга тушди

08:54 27 Август 2020 Иқтисодиёт
328 0

Вилоят марказида автомобиллар учун ёритгичлар ва полимер материаллардан тайёрланган чироқлар ишлаб чиқарувчи Kadeer Parts Industry хорижий корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Чет эллик инвестор томонидан 4,7 миллион АҚШ доллари йўналтирилган лойиҳа ижроси билан йўлга қўйилган ишлаб чиқариш нафақат ички бозор учун, балки, экспортбоп маҳсулотлар ҳам етказиб беради.

Янги корхона ташкил этилиши билан 200 дан ортиқ замонавий касб йўналишидаги иш ўринлари юзага келди. Бизнес режага кўра, бу ерда 100 турдан ортиқ ёритгич компонентлари, 20 турдан ошиқ тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Хорижий корхонанинг кеча ўтказилган тақдимот маросимида бу сингари истиқболли лойиҳалар вилоят иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун, Наманганда автомобиллар учун ёритиш асбоблари ишлаб чиқаришга ихтисослашган яна бир субъект — UzChasys қўшма корхонаси ҳам мамлакат автомобилсозлик саноатининг ишончли бўғинларидан бири сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?