Наманган вилоят аҳолисининг 37,8 фоизи тизимли ичимлик суви билан таъминланмаган

13:42 12 Октябр 2019 Жамият
127 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Олий Мажлис Сенатида давом этаётган ялпи мажлисда Наманган вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. 

Кейинги пайтларда ислоҳотлар самараси Намангандаги ўзгаришлар мисолида янада яққол кўзга ташланмоқда. Бунинг ёрқин мисоллари ҳақида вилоят ҳокими ўз ҳисоботида батафсил тўхталди.

Аммо муаммолар ҳам йўқ эмас. Шулардан бири автомобиль йўлларининг аксарият қисми таъмирталаб ёки носоз аҳволга келиб қолгани билан боғлиқдир.

Андижон ва Наманган вилоятларини Наманган шаҳри билан боғловчи, давлат аҳамиятига молик ва суткасига 10-15 мингта автотранспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга бўлган 4Р112 “Фарғона ҳалқа йўли” орқали ҳозирда кунига 30-35 мингта автомобиль ҳаракатланмоқда. Мазкур йўлнинг бугунги кун талабларига ҳеч бир жиҳатдан жавоб бермаслиги оқибатида 2019 йилнинг ўтган 9 ойида ушбу йўл оралиғида фуқаролар ўлими ва тан жароҳатига сабаб бўлган 30 дан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган.

Ваҳоланки, Президентимизнинг тегишли қарорига асосан мазкур йўлни тўла таъмирлаш белгиланган эди. Бироқ, йўлни кенгайтириш учун талаб этиладиган бузилиш ишлари олиб борилгани ва тегишли мулкдорларга компенсация пуллари тўлаб берилганига қарамасдан, бу вазифа ижроси тўлиқ таъминланмаган.

Мажлисда Молия вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ушбу масала юзасидан қўшимча чораларни кўриши зарурлиги таъкидланди.

Умуман олганда, вилоятдаги давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларининг 30 фоизи, хўжаликлараро ички автомобиль йўлларининг 66 фоиздан ортиғи таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани масъул тузилмалар томонидан мазкур масалаларни ҳал этиш бўйича комплекс ёндашувнинг йиллар давомида ишлаб чиқилиб, амалда жорий этилмаганини кўрсатади.

Вилоятда сув, айниқса, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Вилоят аҳолисининг 37,8 фоизи тизимли ичимлик суви билан таъминланмаган. Мавжуд ичимлик суви олиш иншоотларининг аксарияти 46 фоиз қувват билан ишламоқда, сув қудуқларининг 13 фоизи таъмирталаб ҳамда 8 фоизи мутлақо яроқсиз ҳолга келган. 

Шунингдек, мажлисда янги иш ўринларини яратиш, таълим, спорт, соғлиқ сақлаш ва бошқа тизимларни такомиллаштириш, умуман, вилоятни комплекс ривожлантириш бўйича зарур таклифлар билдирилиб, кўплаб муаммоларнинг ечимига хизмат қилувчи чора-тадбирлар белгиланди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
Халқ сўзи онлайн”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019