Наманган нафақат олмаси, гуллари билан ҳам мафтункор

11:44 30 Май 2018 Жамият
629 0

Наманганда анъанавий гул байрами бўлиб ўтмоқда. Эллик саккизинчи бор ўтказилаётган ушбу анжуманда нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонлар ҳам қатнашаётгани унинг халқаро миқёсга чиқиб бораётганидан далолатдир.

Байрам тадбирлари “Наманган” халқаро аэропортида меҳмонларни тантанали кутиб олиш билан бошланди. Улар шарафига гуллар билан безатилган автомобиллар  карвони иштирокида ўзига хос парад уюштирилди. 

Бу галги айёмда Бангладеш, Саудия Арабистони, Кувайт, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан ишбилармонлар, сайёҳлар ва гул ишқибозлари қатнашмоқда. Асосий кўргазма Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил қилинди. Уста гулкорлар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ҳаваскор боғбонлари томонидан 1,5 миллион тупдан зиёд гуллар намойишга қўйилди. 100 дан ортиқ манзарали кўринишлар барпо этилди. Махсус ажратилган жойларга 2,5 миллион туп мавсумий гул кўчатлари ўтқазилди.

Наманганлик гулчилар байрамни интиқлик билан кутишади. Шу боис кўргазмага қўйиш учун чечакларнинг энг ноёб турларини парваришлашади. 

— Гулчилик бизга аждодлардан мерос, — дейди хусусий тадбиркор Садриддин Қодиров. — Ҳозирги кунда иссиқхонамиздаги кўчатлар тури 500 дан ортади. Янги навларни маҳаллийлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, сўнгги бир йил давомида “Бугуэла” деб аталадиган Арабистон атиргулини иқлимимизга мослаштирдик. Унинг бир неча турини бугун кўргазмага ҳам қўйганмиз. 

Бир ҳафта давом этадиган байрам кунлари маданият ва истироҳат боғи чинакам сайилгоҳ, кўнгилочар тадбирлар масканига айланади. Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткор ва сўз усталари, вилоят бадиий жамоалари, дорбозлик ҳамда бошқа турдаги халқ ўйинлари ижрочиларининг чиқишлари айёмга янада кўтаринкилик бахш этади. Мушоиралар уюштирилади, тадбир якунида эса энг яхши гулчи аниқланиб, “Спарк” автомобили билан тақдирланади. Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ғолибларни ҳам қимматбаҳо совринлар кутмоқда.

Гул байрамининг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров сўзга чиқди. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар