Найман маҳалласида сайёр қабул ўтказилди

09:54 25 Август 2020 Жамият
140 0

Давлат хизматлар агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ташаббуси билан қишлоқ ва овулларда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш орқали кам таъминланган оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Поп туманининг Найман маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган шундай тадбирда иштирокчилар фаоллиги таъминланди.

Туман марказидан анча олисда жойлашган бу ҳудудда бандлик масаласи жиддий муаммолардан бирига айланган. Тўғри, бу ерда деҳқончилик, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланадиганлар анчагина. Бироқ, айни фаолиятни дейлик, оилавий бизнес сифатида расмийлаштиришга кўпчилик қизиқмайди. Ваҳолонки, шундай қилинса, хонадон аъзолари учун зарур меҳнат стажига эга бўлиш, бошқа қатор имтиёзлардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади. Айни пайтда ҳудуддаги мавжуд 610 хонадондан бор-йўғи 18 тасигина ўз бизнесини йўлга қўйган, холос.

Шу куни Поп туман давлат хизматлари маркази мутахассислари маҳалла аҳлига оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш юзасидан атрофлича тушунча бердилар. Бу масалани расмийлаштиришнинг ниҳоятда содда ва осон эканлиги алоҳида таъкидланди. Пировардида, йигирмага яқин фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги фаолият олиб боришга қарор қилганлигини билдирди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
 «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?