Нафақат кино кўриш, балки китоб ҳам ўқиш мумкин

17:21 03 Май 2019 Жамият
230 0

Президентимизнинг яқинда Сурхондарё вилоятига қилган ташрифлари давомида Ўзбекистон Миллий банки ва “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан нафақат Ўзбекистонда, балки, Марказий Осиёда дастлабки инновацион кўчма киномобиль тақдимоти ўтказилди. MAN автомобилида махсус жиҳозланган кинотеатр республикамизнинг энг олис шаҳар ва қишлоқлари аҳолисига миллий ва чет эл бадиий ҳамда ҳужжатли фильмларини намойиш этиш орқали ёшлар маънавиятини ошириш, уларнинг адабиёт, театр ва кино санъатига бўлган қизиқиши, қолаверса, китобхонликни тарғиб қилишдек кенг қамровли фаолиятга йўналтирилган.

Мобиль кинотеатр дунёнинг етакчи корхоналарининг замонавий техник воситалари билан жиҳозланган. Уни ишга тушириш учун 30 дақиқа кифоя қилади. У бир вақтнинг ўзида 80 томошабинга хизмат кўрсатади. Фильмлар 2D ҳамда 3D форматда намойиш этилади.

— Ушбу инновацион лойиҳамиз орқали Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни тарғиб қилиш ва унинг ижросига ҳисса қўшиш ҳам асосий вазифаларимиздан биридир, — дейди “Cinema service” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳратжон Умаров. — Киномобилда севимли фильмларни кўриш билан бирга ўзбек ва жаҳон мумтоз ҳамда замонавий адибларининг асарлари билан яқиндан танишиш, экранлаштирилган бадиий асарлар бўйича викторина ва танловлар ўтказиш имконияти ҳам мавжуд. Умуман олганда, “Экрандаги китоб”, “Китобга ошно болалик”, “Кино дунёсидаги эртаклар” лойиҳаси орқали ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, таътил кунларни мароқли ўтказиш, болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида китоб ўқишни тарғиб қилиш, бу жараёнда илғор хорижий тажриба ва инновацияларни қўллаш бўйича аниқ йўналишларни белгилаб олганмиз. Қолаверса, кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандлари, меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернати тарбияланувчилари учун бепул сеанслар ташкил этиш кўзда тутилган.

Киномобиль ўзининг дастлабки фаолиятини Термиздаги Ёшлар маркази ҳудудида бошлади. 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасалари талаба-ёшлари унинг илк томошабинлари бўлишди.“Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” ҳақида суратга олинган ҳужжатли фильм намойиши, айниқса, улуғ муҳаддиснинг ҳаёти, у қолдирган илмий мероси томошабинларда бой таассуротлар қолдирмоқда.

Мобиль кинотеатр имкониятларидан фойдаланиб, ёшларда жасурлик, мардлик, фахр ва ифтихор, юртга садоқат туйғуларини шакллантириш мақсадида ҳарбий ватанпарварлик мавзуида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, мультфильмлар намойиши, ижодий учрашув ва суҳбатлар ҳам уюштирилади.

Мобиль кинотеатр ўн кун мобайнида Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманлари бўйлаб ҳаракатланиб, энг чекка ҳудудлар аҳолисига хизмат кўрсатади.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019