Наботот оламининг ноёб хазинаси: Ўзбекистонда доривор ўсимликлардан нечоғли фойдаланилмоқда?

12:55 22 Апрель 2020 Иқтисодиёт
1310 0

Архив фото

Бир неча бой биологик рельефли ўлкалар чорраҳасида жойлашган ­Ўзбекистоннинг ўсимлик дунёси ­ғоятда ранг-баранг. Мафтункор она табиатимизда учрайдиган кўплаб турлар ­ноёблиги, энг асосийси, шифобахш ­хусусиятларга эга эканлиги билан ­алоҳида қийматга эга. Гап шундаки, юртимиз наботот оламидаги 4,3 мингдан ортиқ ўсимликлардан 750 турининг ­дориворлиги аниқланган. Таъбир жоиз бўлса, улар “яшил сайёрамиз”нинг ­бамисоли хазинасидир. Бироқ бундан нечоғли фойдалана оляпмиз? Табиий ҳолда ўсувчи шифобахш гиёҳларни ­асраб-авайлаш, маданийлаштириш ва кўпайтириш ишларининг ҳозирги ­аҳволи қандай?

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда доривор ўсимликларнинг 
112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган. Жумладан, 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланилмоқда. Агар кейинги пайтда тиббиёт ва фармацевтика саноатида шифобахш ўсимликларга бўлган талаб тобора ортиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, жабҳада қўлга киритилаётган натижалар мавжуд имконият даражасида ­эмаслиги аён бўлади. Шу маънода, Президентимизнинг ­жорий йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари ­тўғрисида”ги қарори айни вақтида қабул ­қилинган муҳим ҳужжатдир.

Кластерларда қўшимча қиймат “занжири” яратилади

Шифобахш гиёҳлар ўсадиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, унинг деҳқончилигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қарати­лаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки ўсимликлардан тайёрланган дори воситалари муолажадан сўнг организмда ҳеч қандай асорат қолдирмайди. Шу боис уларга эҳтиёж ҳар қачонгидан-да юқори. Масалан, Ўзбекистон 2019 йилда доривор ўсимликлардан олинган 48 миллион АҚШ долларилик маҳсулотларни экспорт қилди.

Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, беш минг йилдан ортиқ тарихга эга халқ табобати амалиётида фақат табиатга мурожаат қилинган. Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино қолдирган бебаҳо мерос, тавсия қилган даволаш усуллари бунинг ёрқин далилидир. Яъни ўтмишда ҳакиму табиблар беморларни турли хасталиклардан, шу жумладан, организмни бактериялар, вируслардан фориғ этишда доривор ўсимликлар, жониворлар ва уларнинг маҳсулотлари, қисман табиий маъданлардан фойдаланган. Ҳозирги пайтда ҳам халқ табобати анъаналарини изчил давом эттириб келаётган Хитой, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Жанубий Корея, Лаос, Малайзия каби мамлакатларда ҳам ҳали-ҳамон шу усулдан кенг ­фойдаланилади. Сўнгги пайтда ­юртимизда ҳам назардан четда қолиб келаётган бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, табиблар фаолияти ҳуқуқий-ташкилий жиҳатдан изга туширилаётгани таҳсинга лойиқдир.

Ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш бўлмоқда. Қарорга кўра, флорамизнинг доривор оламини маданийлаштириш, уларнинг плантацияларини ташкил этиш ҳамда қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат “занжири” яратилади. Бош­қача айтганда, шифобахш неъматлар етиштириш, териб олиш, сақлаш, бирламчи ҳамда чуқур қайта ишлаш, истеъмолчиларга ­маҳсулотларни тайёр ҳолда етказиб беришга ихтисослаштирилган табобат кластерлари ташкил этилади.

2020 йил 1 майдан фаолияти йўлга қўйиладиган кластерлар ­олдига нафақат ўлкамиз наботот оламида учрайдиган ўсимликлар, балки хориждан келтирилган доривор гиёҳларни иқлимлаштириш, маданий плантацияларини яратиш вазифаси қўйилмоқда. Бу жараёнда табиатимизда мавжуд бўлган ёввойи ўсимлик турларини аниқлаш, асрашга алоҳида эътибор берилади.

Биздаги ўсимликлардан бренд даражасидаги атирлар тайёрлаш мумкин

Олимларимиз томонидан олиб борилаётган изланишлар доривор ўсимликлар билан бирга, деҳқон ва боғбонларнинг орзусидаги янги ­навлар яратишга манба бўладиган маданий ўсимликларнинг ёввойи турлари борлигидан далолат бермоқда. Негаки, юртимиз кўпгина экинларнинг ватани ҳисобланади. Масалан, кундалик турмушимизда энг кўп ишлатиладиган пиёзнинг келиб чиқиш тарихи мамлакатимиз ҳудудига боғлиқлигини кўпчилик билмаса керак. Бу ердан кейинчалик қадимги Миср, Греция, Рим ва Ер юзининг бошқа жойларига тарқалган.­

Ҳудудимизда пиёзнинг 200 га яқин манзарали, хушбуй, доривор ва озуқабоп навлари ўсади. Бу турларнинг аксарияти эндем бўлиб, дунёнинг бошқа жойларида учрамайди. Афлотун пиёзи, Ошанин пиёзи, Пском пиёзи ва аралаш пиёз шулар жумласидандир. Олимларнинг хулосаларига кўра, юртимиз аҳолиси азалдан истеъмол қилиб келаётган Пском пиёзи маданий нав­ларга энг яқини ҳисобланар экан.

Мамлакатимизда шу сингари 
70 га яқин маданий ўсимликларнинг ёввойи турлари мавжуд. Шулардан пиёз, олма, бодом, ёнғоқ, арпа, хандон писта ва бошқа ўсимликлар биологияси атрофлича ўрганилмоқда. Натижада ёнғоқ навлари пайдо бўлган жой Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон эканлиги ўз исботини топди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ёнғоқларнинг ёввойи турлари Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам учраса-да, уларнинг энг катта майдонлари Ўзбекистонда сақланиб қолган. ­Умумий майдони 1,5 минг гектарни ташкил этади. Табиий ёнғоқ ва ­пистазорларнинг асосий қисми Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Шифобахш гиёҳларнинг маданий ҳолда етиштирилишининг афзал жиҳати шундаки, бу фармацевтика саноатига бир хил ёш ва типдаги хом ашё қабул қилиб олиш имконини беради. Натижада қайта ишлаш жараёни енгиллашади. Шунинг учун ўрмон хўжаликларимизда ўлкамиз табиатига хос бўлган ва чет элдан олиб келинган пол-пала, маккаи сано, мойчечак, тирноқгул, қалампирялпиз, арслонқулоқ, эхинацея, тухумак, эман, чойўт, тоғрайҳон, бўйимадарон, баргизуб, кийикўт, наъматак, қизил дўлана, қариқиз, жағ-жағ каби бир қанча ўсимликлар маданийлаштирилиб, ўстирилмоқда.

Аммо ҳозирги вақтда, асосан, Давлат фармакопеясига киритилган ўсимликлар етиштириляпти, холос. Улар халқ табобатида қўлланиладиган шифобахш гиёҳларнинг нари борса, 10 — 15 фоизини ташкил қилади. Демак, янги ташкил этилаётган ­“Ўзбекистон доривор ўсимликлари” кичик инновацион корхонаси, доривор ўсимликлар кластери олдида халқ табобатида минг йиллар давомида фойдаланиб келинаётган доривор ўсимликларнинг илмий табобатда ишлатилишига кўмаклашишдек улкан вазифалар турибди. Шунингдек, Ўзбекистон флорасидаги шундай ноёб, ўзига хос бўй таратувчи, такрори йўқ ўсимликлар борки, улардан мамлакатимизда бренд даражасидаги қимматбаҳо атирлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин.

Илм-фан, инновация ва ишлаб чиқариш интеграцияси

Албатта, инновацион корхона ҳамда доривор ўсимликлар кластери ушбу вазифанинг тўла-тўкис ижросини илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг илмий жамоаси кўмагисиз уддалаши қийин. Шу маънода, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 2025/2026 ўқув йилига қадар ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимида доривор ўсимликларга оид махсус соатларни ўқув режаларига киритиш белгилаб берилгани ани муддао бўлмоқда.

Айтиш жоизки, Самарқанд давлат университети нафақат ёшларнинг билим-кўникмаларини бойитиш, балки доривор ўсимликларни кўпайтириш, янги турларини маданийлаштириш борасида ҳам катта илмий салоҳиятга эга олий ўқув юртидир. Биргина биология факультетининг Ботаника кафедраси қошидаги “Гербарий фонди”да минтақамиз ҳамда хорижий мамлакатлардан келтирилган ноёб ўсимликлар фонди жамланган гербарийнинг кўз қорачиғидек сақланиб келиниши фикримиз тасдиғидир.

Кафедра қошидаги иссиқхонада эса Жанубий ва Шимолий ­Америка, Африка қитъалари, Ҳиндистон, ­Хитой, Япония, Жанубий Корея, шунингдек, Кавказорти мамлакатларидан келтирилган 70 га яқин оила, қарийб 170 туркум ва 230 дан ортиқ турдаги ноёб ўсимликлар парваришланмоқда. Шунингдек, бу ерда мамлакатимизнинг ноёб, доривор ўсимликлари ҳам парваришланиб, уларнинг биологик хусусиятлари илмий тадқиқотчилар томонидан ўрганилмоқда. Бу эса талабалар учун ўқув-амалий, илмий ишларида муҳим манба бўлиб хизмат ­қиляпти.

Эътиборлиси, Ботаника кафедраси ҳузурида мамлакатимиз олий ўқув юртлари таркибида ягона ҳисобланган “Абу Али Ибн Сино мероси” илмий лабораторияси ташкил қилинган. Бу ерда наботот намуналарининг дориворлик хусусиятлари ўрганилиши билан бир қаторда, тегишли мутахассис ва олимлар билан ҳамкорликда ўсимликларнинг дориворлик хусусиятлари илмий-амалий жиҳатдан асосланмоқда. Қисқаси, ушбу ноёб лаборатория илм-фанга инновацияларни изчил қўллаш, ишлаб чиқариш билан интеграцияни чуқурлаштиришда қўл келаётир.

Соғлом турмуш тарзининг муҳим шарти

Юртимизда доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашни кўпайтириш баробарида, улардан фойдаланиш имкониятлари ҳам кенгайтирилмоқда. Президент қарорига биноан, шу йил 1 июндан тиббиёт муассасалари, шу жумладан, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ (овул) врачлик пункт­ларида фитобарлар ташкил этилади. Сўнг таълим муассасалари, аэропортлар, барча турдаги вокзаллар, бозорлар, санаторий-курортларда, шунингдек, бошқа аҳоли гавжум жойларда шифобахш ичимликлар савдоси йўлга қўйилади. Фитобарлар ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларига эса имтиёзлар берилиши кўзда ­тутилган.

Аслида, фитоичимликлар саломатлик “қўрғони” бўлиб, инсон организмидаги иммунитетни оширади. Бироқ бу соҳага етарли даражада эътибор берилмагани туфайли мамлакатимизнинг жуда ҳам бой, дунёда тенги йўқ ноёб доривор ўсимликларидан шифобахш дамламалар, дори-дармонлар ­тайёрлаш ўлда-жўлда қолиб ке­таётган эди. Оқибатда бу бўшлиқни ҳар хил энергетик ва кучли газланган ичимликлар тўлдира бошлади. ­Саломатликка фойдасидан кўра, физиологик зарари кўп бўлган бундай ичимликларни ўсмирлар ва ёшлар севиб ис­теъмол қилишаётгани эртасини ўйлаган ҳар қандай кишини ташвишга солмай қўймайди. Фитобарлар тармоғини ривожлантиришга жиддий аҳамият қаратилиб, уларни таълим масканларида ташкил этиш чора-тадбирлари кўрилаётгани одамни хурсанд қилади.

Бинобарин, доривор ўсимликлар асосида тайёрланадиган ичимлик ва дамламалар “майин” таъсири, тез ва осон тайёрлаш имкониятлари мавжудлиги, алоҳида мураккаб технологик ускуналар талаб этилмаслиги, арзонлиги, асосийси, самарадорлиги юқорилиги билан қадрлидир. Айни пайтда юртимизда 28 фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб бўлган 100 дан ортиқ ўсимлик хом ашёларидан фитоичимликлар тайёрлашга ­рухсат этилган. Бу юртдошларимиз ўз таъби ва саломатлигига қараб, салқин, доривор, витаминларга бой фитоичимликларни танлаб ­истеъмол қилишлари мумкин, ­деганидир.

Умуман олганда, Президентимиз ташаббуси билан наботот олами ўз хазиналарини очмоқда. Бу ­битмас-туганмас бойликни тасарруф этиш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш эса ўзимизга, тиббий маданиятимизга боғлиқ.

Бакриддин ЗАРИПОВ,

академик, биология фанлари доктори, СамДУ профессори,

Худоёр КЕЛДИЁРОВ,

СамДУ биология факультети декани, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?