Мутасаддиларнинг айби билан тиббиёт соҳасидаги камчиликлар барҳам топмаяпти

14:17 31 Январь 2019 Жамият
581 0

Иллюстратив фото

“Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Сўнгги икки йил мобайнида соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича 70 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилди. Натижада биргина Андижон вилоятида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги 10 баробар ортди. Бироқ тизимда камчиликлар ҳам йўқ эмас.

Масалан, 2018 йилда вилоят бўйича туғуруқлар сони 65 минг 823 та бўлиб, уларнинг 758 нафарини ўлик ҳолатда туғилган гўдаклар ташкил қилди. Афсуски, бу кўрсаткич 2017 йилдагига нисбатан 24 нафар ортган. 1 минг 986 нафар чақалоқда 4 турдаги касаллик аниқланиб, улар доимий назоратга олинди. 10 нафар она эса туғуруқ билан боғлиқ жараёнда вафот этди. Бу ҳолат Асака туманида 4 марта, Балиқчи, Жалақудуқ, Улуғнор, Марҳамат туманлари ва Андижон, Хонобод шаҳарларида 1 мартадан қайд этилганининг ўзиёқ мазкур ҳудудларда фертиль ёшидаги оналар саломатлигига эътибор қай даражада эканини кўрсатади. Бу каби муаммоларнинг юзага келиши тиббиётнинг қуйи тизимида ҳамон ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашув, лоқайдлик ва бефарқликлар борлигидан далолат.

Ушбу масалалар халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида атрофлича муҳокама қилинди. Унда сўз олган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов юқоридаги салбий фикрларга ўз муносабатини билдирди:

— Мутасаддилар ҳатто масалани тўғри қўйишни ҳам билишмайди. Соҳани ривожлантириш учун нима кераклигини очиқ-ойдин айтиш лозим. Ана шунда биринчи галда нимани бажаришимиз зарурлиги ойдинлашади. Акс ҳолда, ижобий натижалар салбий ҳолатлар соясида қолиб кетаверади.

Сессияда, шунингдек, бажарилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Айтилишича, вилоятда 2018 йилнинг ўзида инвестиция дастури доирасида 29 та объектда 77,5 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида 11 бирламчи тиббиёт муассасаси, 3 та шифохона ва битта тез тиббий ёрдам бўлимида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида эса республикамиз пойтахти ва хорижий давлатлардан мутахассислар жалб этилди. Натижада кадрлар таъминоти 95,2 фоизга етди. 116 та янги хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти йўлга қўйилиши туфайли уларнинг сони 460 тага етди.

Тан олиш керак, вилоятда тиббиёт ҳамда фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича катта ишларга қўл уриляпти. Мазкур хайрли ишларда қуйи тизим вакиллари, айниқса, маҳаллий Кенгашга сайланган депутатлар ҳам фаоллик кўрсатсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019