Мустақилликнинг 29 йили: Ижтимоий ҳимояга ёндашув бутунлай ўзгарди 

12:20 24 Август 2020 Сиёсат
466 0

Ҳар бир миллат, халқ учун озод, эркин, мустақил бўлиб яшаш – энг катта бахт, саодат. Асрлар давомида интилиб, курашиб, қўлга киритилган Мустақиллик куни биз учун энг улуғ, энг азиз байрамдир. Бу қутлуғ сана Ўзбекистоннинг янги юксалиш даврини, эркин ва озод ҳаётини бошлаб берди. У бизга тушимизга ҳам кирмаган имкониятлар эшигини очди, эртак бўлиб туюлган нарсалар ҳақиқатга айланди. Буни биргина мисол билан таърифлаб ҳам бўлмайди, тавсифлаб ҳам...

Истиқлол имкониятларини соҳалар тараққиётида, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасида, юртдошларимизнинг онгида, дунёқарашида бўлган ўзгаришларда яққол кўриш мумкин. Албатта, натижалар ҳам шунга яраша бўлмоқда. Қалби уйғоқ ҳар бир одам юртимизда рўй бераётган ўзгаришларни кўриб қувонмоқда, юрак-юрагидан ҳис қилмоқда.

Барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгариш ва мислсиз янгиланишларнинг барчаси халқимизни рози қилишдек эзгу мақсадга қаратилган. Хусусан, кейинги йилларда аҳолини қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайди, ижтимоий ҳимояга нисбатан ёндашув бутунлай ўзгариб бормоқда.

Давлат бюджетининг ушбу соҳага йўналтирилган йиллик харажатлари изчил ошириб борилмоқда. Бу нимани англатади?.. Бунинг ҳисобига тиббиёт, таълим, спорт, санъат соҳасида улкан ишлар амалга оширилди, оналар ва болаларга, нуронийларга, ногиронлиги бўлган шахсларга енгилликлар яратилди, уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, бандликни таъминлаш, уй-жой қуришга эътибор янада кучайди.

Истиқлол йилларида ижтимоий соҳага эътибор кўламини тасаввур қилиш учун охирги 3-4 йилдаги ишларни эслаш етарли бўлади, назаримда.

Авваллари ижтимоий ҳимояга муҳтож инсоннинг бирламчи эҳтиёжларини қаноатлантириш чоралари ҳақида ўйланган бўлса, ҳозир шунга қўшимча равишда унинг ҳаётга муносабати, дунёқарашини ўзгартириш, касбга ўргатиш, меҳнатга ундаш орқали уни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, камбағаллик юқори бўлган маҳаллаларда қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилмоқда. Ёшларимизни мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши белгиланди. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун бир қатор енгилликлар яратилди.

Албатта, бундай ўзгаришлар минг-минглаб оилаларнинг даромад манбаини мустаҳкамлаш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Камбағалликкни қисқартириш стратегияси замирида ҳам шу масала турибди.

«Ўз ишимни йўлга қўяман», деган киши учун бугун ҳамма эшиклар очилмоқда. Бу ишлар мамлакатимизда инсон қадри баланд эканини, инсонпарвар жамият бунёд этиш йўлида катта-катта қадамлар ташланаётганини англатади, деб ўйлайман.

Шу йил 1 сентябрдан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими воситасида амалга ошириладиган бўлди. Аҳолининг эҳтиёжманд тоифаси таркиби ўзгариши динамикаси мониторинги ва таҳлили юритилади, уларни баҳолаш мезонлари республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда, такомиллаштирилади.

Истиқлолимизнинг 29 йиллик тўйи «Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!» деган шиорни ўзида мужассам этмоқда. Тўғрисини айтиш керак, бундай шиор ҳар қандай одамнинг руҳини, кайфиятини кўтаради, ҳаётга, яшашга, она Ватанига муҳаббатини оширади.

Ҳар бир юртдошимиз қутлуғ байрамни катта ҳаяжон, фахр ифтихор билан кутиб олмоқда. Ҳозирги синовли дамларда бир-биримизга кўмакдош бўлиб, ана шу эзгу ният йўлида дадил одимлайлик.

Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?