Миллатлараро тотувликда гап кўп

10:45 25 Август 2020 Сиёсат
473 0

Ҳар доим мустақиллик сўзини тилга олар эканман, ўн бир ҳарфдан иборат ушбу сўзнинг салмоғидан бутун вужудимга титроқ киради. Бу сўзнинг замирида ватанимиз тарихи, ўтмиши, бугуни, келажаги, боболаримиз орзу-армони, келажакка бўлган умиди ётибди. Ҳар бир байрамнинг ўз қувончи, ўз ўрни, ўз салмоғи бор. Лекин, мустақиллик байрами берадиган қувончни ҳеч қаердан тополмаймиз.

1991 йил 31 август куни ўз мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистонда 1992 йил 13 январда Марказий Осиёда биринчи бўлиб Байналмилал маданият маркази ташкил этилди.1992 йилда 10 та миллий марказ ташкил этилган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 138 дан ортиқ.

Ҳар икки йилда бир марта «Ўзбекистон -умумий уйимиз» шиори остида дўстлик ва маданият фестивали ўтказиб келинади. 2017 йилнинг январь ойида муҳтарам президентимиз ташаббуси билан Республика байналмилал миллий маданий маркази ташкил этилганлигининг 25 йиллиги юртимизда кенг миқёсда нишонланди. Шу йили ўтказилган фестивалга адабиёт йўналиши бўйича иштирок этиб, фестиваль лауреати бўлиш менга ҳам насиб этди.

2017 йилнинг 19 май куни давлатимиз раҳбарининг «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимиздаги миллий маданий марказлар ҳаётида, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида янги истиқболларни очиб берди, бу соҳадаги ишларда туб бурилиш ясади. Фармон билан Республика байналмилал миллий-маданий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги эски Бобур боғи Дўстлик боғига айлантирилди. Республикадаги миллий марказлар учун алоҳида бино ажратилди.

Ҳозирда мамлакатимиздаги таълим муассасаларида таълим 7 тильда олиб борилса, ўндан ортиқ тилларда кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланиб, газета ва журналлар чоп этилади.

Барчангизга маълумки, 2019 йили декабрь ойида «Янги Ўзбекистон — янги сайловлар» шиори остида ўтказилган умумхалқ сайлови натижасига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 20 нафари яъни, 13 фоизини бошқа миллат вакиллари ташкил қилади. Бундан кўриниб турибдики, бизни парламентимиз кўп миллатли парламент.

Ҳозирги кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги «Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним» шиори остида пандемия давридаги карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда кенг нишонланмоқда. Орадан қанча йиллар, асрлар ўтмасин, қандай синовларни бошимиздан кечирмайлик, халқимизнинг матонати ва жасорати билан қўлга киритилган миллий мустақиллик куни кўп минг йиллик тарихимиздаги энг улуғ байрам, ҳеч қачон унутилмайдиган шонли сана бўлиб қолиши шубҳасиздир.

Ақшагул ТУЛEГEНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?