Мустақилликка 29 йил: Юксак мақсадлар билан бошланган ишлар, албатта, ижобат бўлади

17:10 27 Август 2020 Сиёсат
385 0

Дунёнинг ҳеч бир мамлакати ўз саноатини ривожлантирмасдан юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эга бўла олмайди. Мамлакатда саноатнинг тараққий этмагани унинг арзон хомашё етказиб берувчи, барча турдаги саноат ва тайёр маҳсулотларни бошқа мамлакатлардан импорт қилувчи ва уларга қарам бўлган иқтисодиёти заиф мамлакатга айлантиради.

Шукрки, Мустақиллик туфайли кўп соҳалар қатори мамлакатимиз саноат соҳасида ҳам катта ютуқларга эришилди. Миллий иқтисодиётимиз нафақат ҳажм жиҳатидан, балки сифат жиҳатдан ҳам тубдан ўзгарди. Агар мустақиллик йилларининг бошларида ЯИМ ҳажми 13,6 млрд. АҚШ доллари ва унинг таркибида саноат улуши 17,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда ЯИМ ҳажми 60,4 млрд. АҚШ доллари ва унда саноатнинг улуши 30,9 фоизга етди. Айниқса, охирги 3 йил давомида геология, энергетика, нефть-газ, фармацевтика, қурилиш ва қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, текстиль, автомобиль саноатларида янги қувватларни ишга тушириш ва модернизациялаш, соҳага инвестицияларни жалб этиш натижасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига айланди.

2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 70,3 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Саноат таркибида тоғ-кон саноатининг улуши 10,3 фоизни, ишлаб чиқарадиган саноат улуши 81,2 фоизни, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш саноатининг улуши 7,9 фоиз ва бошқа йўналишлар улуши 0,6 фоизни ташкил этди. Фақатгина 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигининг ўзида янги саноат объектлари ва мавжуд корхоналарнинг қувватини ошириш бўйича 4,6 млрд. АҚШ долларилик 145 та йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, бунинг натижасида 9772 та янги ишчи ўринлари ташкил этилди.

Ҳозирги мураккаб пандемия шароитида ҳам Ўзбекистонда иқтисодиётнинг пасайишини жиловлашга эришиши ҳам айнан мамлакатимизда ўз вақтида саноат соҳасига киритилган инвестицияларнинг самарасини бера бошлаганлигида, деб ҳисоблаш мумкин. Ҳар бир корхона фаолияти тўхташига ҳам фавқулодда ҳолат, деб қаралиши, солиқ органларининг тадбиркорларга кўмакчи, тадбиркор ислоҳотчи сингари ёндашувлар асосида иш ташкил этилиши корхоналарнинг келгуси муваффақиятлари учун хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 21 август куни Президентимиз пойтахтнинг Бектемир туманидаги саноат корхоналарига ташриф буюриши ҳам мамлакатимизда саноатни янада ҳам ривожалантириш учун замин яратиб берди, десак муболаға бўлмайди. Давлат раҳбарининг саноатни илм билан уйғунлаштириш, саноатнинг юраги бўлган салоҳиятли конструктор, муҳандисларни тайёрлаш, тармоқлар ва ҳудудлараро кооперцияни ривожлантириш учун ягона электрон платформа жорий этиш, давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устуворлик бериш орқали уларни рағбатлантириш, юқори технологияли маҳсулотлар ва асбоб ускуналар ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш муҳимлиги бўйича берган топшириқ ва тавсиялари саноатимиз ривожланишини кейинги босқичга олиб чиқиши учун асос бўлди, деб ҳисоблайман.

Албатта, ҳар соҳада бўлганидек саноат соҳасида ҳам марралар юқори олинган. Кўзланган мақсадга эришиш учун Ҳукуматимиз томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, саноат корхоналари учун зарур бўлган инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритиш, тадбиркорлар ва инвесторлар фаолиятига давлат аралашувини қисқартириш бўйича ишларни яна ҳам кучайтириш зарур бўлади. Тармоқ, ҳудуд раҳбарлари ҳамда тадбиркорларимиздан эса ақл, илм билан, шижоат кўрсатиб, ягона мақсад йўлида муштарак бўлиб, энг асосийси, ҳалол ва ватанпарвар бўлиш талаб этилади. Зеро, пок ниятлар билан бошланган ишлар, албатта, ижобат бўлади.

Нодирбек ТИЛАВОЛДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?