Мустақилликка 29 йил: Ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди

15:56 31 Август 2020 Сиёсат
344 0

Мустақилликка 29 йил: Ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди

Бу йил истиқлолимизнинг 29 йиллик тўйи «Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» деган шиор остида нишонланмоқда. Ўтган 29 йил давомида Ўзбекистонда миллий демократик давлат қуриш, демократик янгилаш ва модернизациялаш, иқтисодиётни янги асосда ташкил этиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасида муҳим натижаларга эришилди.

Ўзбекистонда ижтимоий соҳага жамият эътиборини кучайтириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Айниқса, сўнгги йилларда мазкур соҳада мамлакатимизда беқиёс ишлар амалга оширилди. Бунда Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим дастуриламал бўлаётир. Ижтимоий соҳага оид қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, мақсадли дастурлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, жорий йилда коронавирус тарқалиши туфайли глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини камайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини манзилли қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан кечиктириб бўлмайдиган ва ўта муҳим вазифаларни ўз ичига олган ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб,пандемия оқибатларини юмшатишга эришилди.

Ҳеч бир соҳани унинг қонунчилик асосларини мустаҳкамламасдан туриб, ривожлантириб бўлмайди. Шу маънода, сўнгги уч йилда Олий Мажлис томонидан ижтимоий соҳага оид 30 дан зиёд қонун қабул қилингани соҳа тараққиётида муҳим омил бўлди. «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги, «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги, «Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Жорий йилда эса Қонунчилик палатаси томонидан «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунлар қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Парламентимиз томонидан 10 дан ортиқ халқаро шартнома, хусусан Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенцияси ратификация қилинди.

Шунингдек, кейинги йилларда камбағалликка барҳам бериш, аҳоли соғлиғини сақлаш, айниқса, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, гендер тенгликни таъминлаш каби муҳим соҳалардаги ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биргина 2019 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 53,8 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,4 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 93,5 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш соҳасида аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шунингдек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тегишли дастурга асосан, 2019 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган 13 минг 44 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Дунёда ижтимоий-иқтисодий беқарорлик кузатилаётган бугунги мураккаб даврда мамлакатимизда инсон манфаатларини барча нарсадан устун қўйиб, амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, оилаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай эзгу ишлар тизимли асосда давом эттирилиши юрт тараққиётини янада жадаллаштиришда ўз самараларини бераверади.

Одилжон ТОЖИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси 
раисининг ўринбосари,

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?