Мустақиллик — инсон қадри кафолати

17:12 27 Август 2020 Сиёсат
202 0

Мустақиллик... бу сўзнинг қадри нақадар баланд, нақадар азиз! Шукрки, бугун ҳур ва озод юртда яшаяпмиз, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва фаровон ҳаёти кафолатланган. Юртимиз тинч, хонадонларимиз файзли. Тонгимиз икки кафт орасидаги муборак дуолар билан бошланади. Хотиржам меҳнат қиламиз, баракага йўғрилган ҳар бир кунимизга беихтиёр шукрона айтамиз.

Бугун Ўзбекистоннинг ўз йўли бор, мақсади аниқ, эртаси бугунидан-да, нурли. Шиддат билан ривожланаётган мамлакатимиз равнақи ҳар бир соҳада ўз аксини топмоқда. Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистонда, айниқса, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Шу боисдан, фуқароларимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида халқаро аҳамиятга молик лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, жорий йилда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланиш учун Ўзбекистон ўз номзодини илгари сурмоқда. БМТ Котибиятига Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга 2021 — 2023 йиллар учун илгари сурилаётган Ўзбекистон Республикаси номзодини расмий рўйхатдан ўтказиш ва ташкилотнинг “Candiweb” электрон саҳифасида ёритиш бўйича нота юборилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳозирги мураккаб шароитда универсал нуфузли халқаро ташкилот сифатида БМТнинг аҳамияти ва роли тобора ортмоқда. Айниқса, БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари, хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши ер юзидаги давлатларнинг тинчлик ва хавфсизликни, барқарор тараққиётни ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда етакчи ўрин тутади.

Ўзбекистон ҳукумати ўз номзодини кўрсатиш мақсадида 2019 йилнинг 12 июлида Тошкентда «Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари» лойиҳасини тақдим этди. Мазкур ҳужжат БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюциясига мувофиқ тайёрланган бўлиб, у ўзида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ишига қўшган ҳиссаси ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятларини мужассам этган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича самарали қонунчилик тизими йўлга қўйилган. Бугун хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам қонунчилигимизда бир қатор янгилик ва қулайликлар жорий этилмоқда. Илгари давлат томонидан меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кундалик эҳтиёжлари ва орзу-умидлари тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ишончли ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатлари бўлмаган. Эндиликда мамлакатимиз ташқарисида ишлаётган ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб иш шароитларини таъминлашга қаратилган тизим яратилмоқда. Сўнги икки йил давомида ташкиллаштирилган, уюшган ва хавфсиз миграцияни таъминлаш, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш мақсадида 8 дан ортиқ қонун ва қарорлар қабул қилинди.

Масалан, 2019 йил 20 августда Президентимизнинг «Хорижда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон билан Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида 8 нафардан иборат бўлган хорижда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари департаменти ташкил этилди.

Халқаро шериклар билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга йўналтирилган турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда Ўзбекистон фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда хорижга ишга юбориш, уларни чет элда меҳнат ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Япония, Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Қозоғистоннинг ваколатли давлат органлари билан ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар тузилди.

2019 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари томонидан 182,7 минг кишининг хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилишига кўмаклашилди. Корея Республикасининг Кванджу ва Россиянинг Москва шаҳрида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари очилди ва улар томонидан 27,1 минг фуқарони ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича хизматлар кўрсатилиб, 578,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўланмаган ойлик иш ҳақлари ундириб берилди. Қонуний вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган 131,6 минг Ўзбекистон фуқароларига имтиёзли чипта (билет)лар ва 57,2 минг нафарига суғурта полислари берилди ҳамда 17,0 минг нафарига “Visa-Migrant” кредит картаси расмийлаштирилди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, оғир молиявий аҳволга тушиб қолган, айниқса Россия Ички ишлар вазирлигининг фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидан 3,5 минг Ўзбекистон фуқароси хориждан қайтариб Ватанга олиб келинди. Меҳнат миграцияси бўлган вақтда вафот этган 310 нафар фуқаронинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди, тиббий ёрдам керак бўлган 102 нафар фуқарога авиачипталар олиб берилди.

Бу ҳали охирги икки йилда амалга оширилган ишларнинг намунаси. Ҳали олдинда белгиланган режалар бисёр. Мақсад битта: фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаровон турмуш тарзига кўмаклашишдан иборат. Бу ислоҳотларнинг барчаси Мустақиллик шарофати, Истиқлолнинг бизга берган туҳфасидир. Албатта бу ўзгаришлар фуқароларимизнинг ҳар бир янгиланишга дахлдор тарзда яшашга ундайди.

Гулшана ХУДОЁРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?