Мустақиллик фарзандлари янгича дунёқараши, чуқур билим ва заковати билан юртимиз равнақида муҳим бурилиш ясайди

10:06 20 Сентябр 2019 Жамият
116 0

Тараққиётга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг бир қатор шартлари мавжуд. Энг аввало, жамиятдаги турли иллатлар — бефарқлик, коррупция ва адолатсизликларга барҳам бермай туриб кўзланган улуғвор мақсадларга эришишнинг имкони йўқ.

Яна бир муҳим масала борки,у нафақат мамлакат, балки миллатнинг эртанги тақдири билан боғлиқ. Президентимиз бот-бот такрорлаётганидек, таълим биз учун ё ҳаёт, ё мамот масаласидир. Жорий йилнинг 23 август куни умумтаълим мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш, ўқитувчилар обрўсини кўтариш, мамлакатимизда таълим тизими ва унинг салоҳиятини янада ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари бу ҳақиқатни яна бир бор таъкидлади.

Қолаверса, бугун мамлакатимиз аҳолисининг салкам 50 фоизини 18 ёшгача, 60 фоиздан кўпроғини эса 30 ёшгача бўлган навқирон авлод ­вакиллари ташкил этади. Шу боис ҳам Президентимиз ёшлар масаласига ­бежиз катта эътибор қаратмаяптилар. Бугунги кунда шахсан давлатимиз ­раҳбарининг ташаббуслари асосида таълимнинг тамал тоши — мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган улкан ишлар, 11 йиллик таълим ­тизимига ўтилгани, ўқитувчиларнинг жамиятимиздаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган тарихий ислоҳотлар юқоридаги фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Келинг, бу ҳақда атрофлича тўх­талсак. Бола асосий кўникмани жуда ёшлигидан олади. Шунинг учун мактабгача таълим бугунги кун талабларига жавоб берадиган тизим сифатида ­шакллантирилиб, алоҳида вазирлик ташкил этилди.

Эътироф этиш керакки, бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида сўнгги уч йил давомида мактабгача таълим муассасалари (МТМ) сони икки баробар ортди. Агар 2017 йилда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 2 миллион 541 минг ­нафарни ташкил этган бўлса, улардан 678 минг нафари (27 фоизи) МТМга қамраб олинган. 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра,бу кўрсаткич 1 миллион 66 минг нафарга (40,5 фоиз) етди.

Мазкур соҳага малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 майдаги “Мактабгача таълим учун кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамизнинг 97 та педагогика коллежи Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Энг асосийси, мактабгача таълим муассасаларининг нафақат ташқи қиёфаси, балки бу ердаги таълим жараёнининг мазмун-моҳияти ҳам тубдан ўзгартирилмоқда. Мақсад — бола мактабгача таълим муассасасида чуқур билим олиб, тайёр ҳолда мактабга борса, ўзлаштириши осон кечади. Мактабда яхши ўқиган бола эса, олий ўқув юртида ҳам чуқур илм олади. Малакали мутахассис бўлиб шаклланади. Қарабсизки, мамлакатимиз халқ хўжалиги учун юқори кўникмага эга кадрлар бўлиб етишади.

Айни шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Мактабгача таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси маромига етказилиб, Сенатга юборилиш арафасида турибди. Мазкур қонун ҳам соҳани тартибга солишда катта аҳамиятга эга бўлади.

Республикамизда ёшларимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, халқ таълими тизимида катта ишлар амалга оширилмоқда. Мавжуд мактабларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Қурилиш-таъмирлаш, рекон­с­трукция қилиш ишлари кенг қулоч ёзди. Янгидан-янги замонавий мактаблар барпо этиляпти. Дарсликлар ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш ҳолати яхшиланаётир. Ҳозирги кунда тизимда дарслик, ўқув-методик қўлланмаларни нашрга тайёрлашда асосий эътибор мазмун, сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беришига қаратилмоқда. Ўқитувчи омилига бўлган эътибор кучайтирилди. Ўқитувчи ва мактабгача таълим муассасалари ходимларининг ойлик маоши сезиларли даражада оширилди. Бу эса таълим сифатининг яхшиланишида муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 декабрдаги қарори билан 2019 йилда республикамиз бўйича 88 минг 246 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 507 та (шундан 34 та янги қурилиш, 299 та реконструкция қилиш, 174 та мукаммал таъмирлаш) умумтаълим мактабида жами 898,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, айни пайтда бу юмушлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда 9710 та умумий ўрта таълим мактаби, 215 та “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёт маркази, 22 та Меҳрибонлик уйи фаолият кўрсатмоқда. Мазкур таълим муассасаларида 6 мил­лион 172 мингдан кўпроқ фарзандларимиз таълим-тарбия оляпти. Уларга 440 мингдан зиёд ўқитувчи ва мураббийлар устозлик қилаётир.

Яратиб берилаётган ана шундай шарт-шароитлар туфайли бугунги кунга келиб, мактабда ўқиётган фарзандларимиз турли хорижий мамлакатларда ўтказилаётган фан олимпиадаларида, халқаро танлов, спорт мусобақалари ва санъат фестивалларида совринли ўринларни қўлга киритмоқда.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида мамлакатимизда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Таълимнинг ­халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус, профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари ташкил қилинади. Яъни ёшларимиз ўз хоҳиш-истаклари асосида халқ хўжалигининг турли йўналишлари бўйича мутахассис-кадрлар бўлиб етишишлари учун яна бир катта имконият ­берилмоқда.

Олий таълим тизимида жараённи сифат ва мазмунан бойитиш, соҳага замонавий ахборот-коммуникацияни жорий этиш, дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш, олий ўқув юрт­ларининг моддий-техника базасини ­мустаҳкамлаш, уларга кўпроқ мустақиллик бериш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Олий ўқув юртларидаги таниш-билишчилик, коррупция каби салбий иллатларга чек қўйиш, уларнинг олдини олиш улар ­фаолиятида устуворлик касб этмоқда.

Олий ўқув юртларида ишлаётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик ­маоши бир неча баробар оширилди. Уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириш масалаларига эътибор кучайтирилди. Олий таълим муассасалари энг замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Молия масалаларида ҳам уларга муайян эркинликлар берилди. Энг асосийси, боғча тарбиячисидан тортиб, мактаб ва олий таълимда фаолият юритаётган барча ўқитувчиларни турли жамоат тадбирлари, хусусан, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш қатъий тақиқлаб қўйилди.

Шу ўринда кишини қувонтирадиган яна бир далилга тўхталсак. Ўтган давр мобайнида олий ўқув юртлари, уларнинг филиаллари сони ва олий таълимга қабул кўрсаткичлари кескин ­ортди. Агар мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизда 40 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатган бўлса, ­бугунги кунга келиб, уларнинг сони 111 тага етди. Жумладан, 2 та ака­демия, 24 та университет,33 та инс­титут, 1 консерватория, 1 миллий рақс мактаби ҳамда олий таълим ­муассасаларининг 30 та филиали, хорижий мамлакатларнинг 20 та олий ўқув юрти филиали фаолият кўрсатяпти.

Айни кунларда мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида 380 мингга яқин ёшларимиз бакалавриат ва магистратура йўналишида таҳсил олаётган бўлса, уларга 27 мингга яқин профессор-ўқитувчилар сабоқ беряпти.

Эътибор берган бўлсангиз, бугунги кунда мамлакатимизда 1 миллиондан ортиқ фарзандларимиз мактабгача ­таълим муассасаларига борса, 
6,5 миллиондан кўпроқ ёшлар умумтаълим мактабларида, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Уларга эса ярим миллионга яқин устоз-мураббийлар таълим-тарбия бераётир.

Бу салмоқли рақам, албатта. Демак, тез орада сизу бизнинг сафимизга мус­тақиллик фарзандлари — кучли билим ва тафаккур, янгича дунёқараш эгалари келиб қўшилади. Янги авлод,янги куч майдонга чиқади. Бугунги ютуқлар ва муваффақиятларимиз бир неча карра зиёда бўлишида навқирон авлоднинг ҳиссаси катта бўлажак. Зеро, уларга давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи катта ишонч билдириб, қўллаб-қувватлаб турибди. Аждодларига муносиб авлод эса халқимизнинг, ­Президентимизнинг ишончини, албатта, оқлайди.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси раиси,

тарих фанларидоктори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019