Мустақиллик «Давлат — машина, одам — унинг битта винтчаси» деган тескари мантиққа қурилган қоидани бекор қилди — депутат

10:49 25 Август 2020 Сиёсат
315 0

Одам кўз ўнгида кечаётган ўзгаришларга тез ўрганади, тез кўникади, шунинг учун уларни бирданига пайқайвермайди, дейишади. Эҳтимол, тўғридир. Аммо, бу ўзгаришлар истиқлол одимлари билан боғлиқ бўлса, уларни сезмаслик мумкин эмас.

Мустақил Ўзбекистон йигирма тўққиз қадам юриб қўйди. Қувонарлиси, ҳар қадам ташланганида бир юксалиш, ўзгаришга юз тутди. Яшаш тарзимиз, туриш-турмушимиз фаровонлаша борди. Шунча йил ўтиб, ахийри замона зайли билан ҳар соҳада инновацион янгиланиш қилишга, ҳатто инновацион фикрлашга ҳам ўргандик. Демак, буларнинг бари яхшиликка.

Ҳар бир онимиз бироз аввалгисига ўхшамай боряпти. Ҳар кейинги йил, ортидагисидан анча-мунча фарқ қиляпти. Буларнинг барчаси қадам-бақадам бораётганимиздан далолатдир. Муҳими, бу залворли қадамларнинг негизида инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилиш ётибди. Бу нима дегани? Бу инсон қадр-қиммати ортяпти, дегани.

Одам қачон бахтсиз бўлади? Агарда эл назаридан қолса ёки қадр-қиммати ерга урилса, поймол қилинса. Шўро даврида халқимиз очарчиликларни ҳам кўрди. Зоғора нон, кунжара еди. Ўлмади, синмади. Лекин беқадрликдан юраги эзилиб яшади. «Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман» дейдиган бўлди. Мустақиллик ўша эгилган қадни кўтарди. Аслида биз нимаики ютуққа эришмайлик, бизга куч-қудрат бераётган, қўллаб-қувватлаётган ҳам ана шу мустақиллик, ҳурлик, эркин яшамоқ саодатидир. У бугун ҳар бир замондошимизнинг ҳаётига дахлдор ўзгаришлар қилмоқда. Мустақиллик «Давлат — машина, одам — унинг битта винтчаси» деган тескари мантиққа қурилган қоидани бекор қилди. Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши қатъий белгилаб қўйилди. Чунки халқ — давлатнинг асосий манбаи. Бу — адолатнинг биринчи тантанаси эди.

Ана шу адолатдан келиб чиқиб, «Ислоҳотлар инсон манфаатига хизмат қилиши керак» деган даъват янгради. Бугун миллионлаб одамларнинг ҳаёти, фаровон рўзғори, замонавий автомобиллари, корхоналари шундан сўзламоқда.

Биргина тадбиркорлик йўналишида қилинган ишлар, берилган имтиёзларни олайлик. Солиқ имтиёзими, ноль харид қийматида ер олишми, оддий деҳқоннинг етиштирган маҳсулотини четга экспорт қилиш дейсизми, кредит масаласими бари-бари халқнинг ҳаётида туб ўзгариш қилишга қаратилган. Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади деган тамойилга асосланган. Бугун давлат ишида ишлаган одам ҳам тадбиркорлик қилишга, ҳеч йўқса, уйидаги кафтдек томорқасидан уч марта ҳосил олиб, қўшимча даромад қилиши кераклигига ундалмоқда. Боқимандаликка эмас, меҳнатга ўрганган кишигина фаровон, бой яшаши мумкинлигига ўргатилмоқда. Тан олиш керак, узоқ йиллардан бери томорқаси бўш ётган хонадонлар билан ишимиз бўлмади. Аммо, давлат раҳбарининг топшириғи билан энди бунга жиддий қараладиган бўлди.

Ислоҳотларнинг яна бир одими сўнги йилларда давлат ва жамиятни инновацион ривожланиш йўлига тўла ўтказиш ва бу йўлдаги асосий устувор йўналишларни белгилаб берди. Юртбошимиз қайд этганидек, бу борадаги давлат, бошқарув органлари фаолият йўналишининг бешта устувор йўналишлари белгиланди. Хусусан, бугунги кундаги асосий вазифалардан бири сифатида ижро ҳокимияти органлари фаолиятида янги даврни бошлаш фурсати етганлигини кўпчилик тушуниб етди. Ваҳоланки, ижро ҳокимияти органлари фаолиятидаги муаммолар бир неча йиллар мобайнида тўпланиб, илдиз отган, охир-оқибатда давлат, жамият, халқ турмушида бир қатор муаммоларни келтириб чиқарган эди. Энди бу муаммоларни ҳал этиш, иллатлардан қутулиш учун ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий мезон ва тартиблари ишлаб чиқилиб, қатъий йўлга қўйиш бошланди.

Қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат шунчаки қоғозларда, сўзларда қолиб кетмаслигига, улар ҳаётимизда амалий нишона бериши лозимлигига қаратилган ишлар бошлаб юборилди.

Маъмурий буйруқбозликдан воз кечиш, ҳар қандай маъмурий таъсирни қисқартириш ва унинг ўрнига бозор иқтисодиёти механизмларидан, бу йўлда халқаро майдонда тўпланган тажрибалардан кенг фойдаланиш, энг муҳими, давлатнинг айрим функциялари хусусий секторга ўтказила бошланди. Зеро, давлат идораларининг иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсири кучайиб, илдиз отиб кетганлигидан кўз юма олмасдик. Айниқса, қуйи бўғин идораларининг имкониятларини кенгайтириш, жумладан, маҳаллий ҳокимиятлар ваколатларини янада чуқурлаштириш орқали давлат ва жамият тараққиётига эришишнинг асосий душмани бўлган коррупцияга қарши курашни кучайтиришга бел боғланди. Ёки биргина давлат хизматларининг йўлга қўйилиши бюрократизмнинг оёғига болта урди. Халқнинг сарсонгарчилигига чек қўйди.

Ўзгаришларнинг натижасини Қуролли Кучлар тизимида ҳам кузатишимиз мумкин. Илгари халқ учун мутлақо ёпиқ бўлган мудофаа сиёсати энди очиқланди. Армия халқ билан бирга эканлигини одамлар ҳис қила бошлашди. Айниқса, 2018—2021 йилларда қўшинларни замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳарбий техникаларни таъмирлаш, модернизация қилиш бўйича комплекс дастур доирасида ўтган йилларда бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди. Армияни илғор техника, қурол-аслаҳа билан таъминлаш, мавжуд техникани модернизация қилиш, жанговар шайликни ошириш борасида катта қадам ташланди. Тизимда хизмат қилаётган ўғлонларимиз давлатлараро ўтказилган мусобақаларда ғолиб бўлиб қайтишганда бунинг мевасини кўрдик.

Вақт югурик. Ҳозир 29 кўринишида нурланган рақам билан ёнма-ён турибмиз. Ҳали 30, 31, борингки, 50,60 йиллик истиқлол келади юртимизга. Унинг баландлиги, унинг бойлигини тасаввур этишнинг ўзи одамни нечоғлик улканлаштириб юборади.

Фахриддин САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?