Мустаҳкамланаётган ҳамкорлик

21:10 09 Май 2018 Сиёсат
587 0

Пекиндан махсус мухбиримиз Омонулла ФАЙЗИЕВ хабар қилади.
Хитой — нафақат Шарқий Осиё, балки дунёдаги энг ривожланган ва қудратли мамлакатлардан саналади. Буни қуйидаги маълумотлар ҳам яққол тасдиқлайди: айни пайтда бу ерда салкам бир ярим миллиард киши яшайди. Ҳудуди бўйича у Россия ҳамда Канададан кейин учинчи ўринда туради. 2017 йил якунларига кўра, Хитой иқтисодий жиҳатдан жаҳонда иккинчи ўринда қайд этилди.

Халқаро ҳамжамиятда мазкур давлатнинг нуфузини белгилайдиган яна бир жиҳат бор. Яъни Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзосидир.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга ривожланиб, янги мазмун-моҳият касб этаётгани ушбу давлат Ўзбекистонни ўзининг энг яқин ҳамкори, ишончли дўсти ва стратегик шериги, деб билишидан далолат. Аслида муносабатларимиз мустаҳкамлигининг яна бир сабаби бор: Буюк Ипак йўли тарихида халқларимиз муҳим ўрин тутган. Ўша пайтларданоқ миллий қадрият ҳамда анъаналаримиз жаҳон маданиятини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган.

Ўзбекистон ҳам Хитой Халқ Республикаси билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришни устувор йўналишлар сифатида кўради. Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган мамлакатлардан бири бўлиб, юртимизда унинг капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ҳамда корхоналар фаолият кўрсатмоқда. 

2017 йил якунлари бўйича давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард АҚШ долларига етди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги мулоқот мунтазамлик касб этган. Юртбошимизнинг 2017 йил 11 — 13 май кунлари мазкур мамлакатга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Жорий йил март ойида Президентимиз Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга олий лавозимга қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади.
Бугун Ўзбекистон ҳамда Хитой турли лойиҳалар, авваламбор, юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон ХХР раҳбарияти томонидан илгари сурилган Хитой компаниялари иштирокидаги Ўзбекистон — Хитой юқори технологиялар саноат паркини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

Ушбу мамлакатнинг бир қатор компаниялари республикамиз ҳудудида углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол қатнашмоқда. Мамлакатимиз Ўзбекистон — Хитой газ қувури ҳамда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлайди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланаяпти. Идоралараро алоқалар доирасида талаба ва амалиётчилар алмашинуви кенг йўлга қўйилган. Тошкент ҳамда Самарқанд хитой тили ва маданиятини ўрганиш бўйича Конфуций институтлари фаолият юритмоқда.

Бугунги кунда Хитой “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида кўплаб хайрли саъй-ҳаракатларни олиб бораяпти. Мазкур лойиҳа икки ва кўп томонлама алоқалар механизмларини янада мустаҳкамлаган ҳолда, халқаро ҳамкорлик ҳамда тараққиётнинг янги моделларини шакллантириш ва илгари суришни назарда тутади. “Бир макон, бир йўл”да Ўзбекистоннинг иштироки муҳим саналади. Чунки Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз давлатлараро савдо-иқтисодий ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашда катта салоҳиятга эга.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ривожида давлатларимиз муҳим ўрин тутади. Маълумки, жорий йилда ШҲТга Хитой Халқ Республикаси раислик қилмоқда. Шу боис унинг навбатдаги саммити Циндао шаҳрида бўлиб ўтади.
Айни пайтда ШҲТ саммитига қизғин ҳозирлик кўрилаяпти. Булар билан яқиндан танишиш учун ШҲТга аъзо мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари ХХРга ташриф буюрди. Хусусан, Ўзбекистондан “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти, Россия Федерациясининг “Мир” телеканали, Қозоғистоннинг “Қазақстан” телеканали ҳамда “Литер” газетаси, Тожикистоннинг марказий “Точикистон” телеканали ва “Авеста” ахборот агентлиги, Қирғизистоннинг “КТРК” корпорацияси вакиллари бир ҳафта давомида Чин юртида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишадилар. Дастурда ШҲТ котибиятининг бош қароргоҳига ташриф ва мутасаддилар билан учрашув, турли департамент вакиллари билан мулоқотлар, Циндао ҳамда Иу шаҳарларига бориш ва бошқа тадбирлар белгиланган.

Сафаримизнинг илк куни 6 май, якшанбага тўғри келгани учун дастуримиз очиқ бўлди. Бундан унумли фойдаланиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари бир-бирлари билан яқиндан танишдилар. Бизнинг Ўзбекистондан эканлигимизни билган ҳамкасбларимизнинг барчаси, у хоҳ ижодкор, хоҳ техник ходим бўлсин, юртимиз ҳақида, мамлакатимизда кейинги икки йил давомида олиб борилаётган янгиланишлар хусусида илиқ фикрлар билдиришди. Эзгу саъй-ҳаракатлардан ҳайрату ҳавасда эканликларини яширишмади.

Хитой деганда кўпчиликнинг хаёлига шу мамлакатнинг ўзига хос рамзларидан бирига айланиб қолган буюк девор келади. Дунё бўйича сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган мажмуалардан бири ҳам айнан шу! Расмий учрашувларимиз бошланмасидан олдин барчамиз мазкур улкан мажмуага сафар қилдик. Пекиндан енгил автомобилда борилса, ўртача бир ярим соатлик йўл экан. Девор, ҳақиқатан ҳам, номига муносибки, охири кўринмайди... Маълумотларга қараганда, у милоддан аввалги III асрда қурила бошланган. Тарихи ҳақида интернетда етарлича материаллар мавжуд. Аммо бир жиҳат диққатимизни тортди: зиналар бўйлаб кўтарилиб борарканмиз, уларнинг бир-бирига ўхшамаслиги, бири баланд, бири паст эканлиги жуда қизиқ. Баъзи жойларда қалтис бурилишлар, тикка тепаликлар ҳам бор. Хитойликларнинг айтишича, ўша пайтларда отлиқ суворийларнинг девор зиналари бўйлаб чиқа олмаслиги учун шундай йўл тутилган. Бу ҳам ташқи душмандан, хавф-хатардан сақланишда қўл келган. Мажмуага қадам қўйганингизда, Мао Цзэдуннинг “Буюк Хитой деворига чиқмаган шахс хитойлик эмас”, деган фикрлари ёзилган катта тошга кўзингиз тушади. Чинликларнинг сўзларига қараганда, бу иқтибосда мардлик, матонат, сабру бардош каби тушунчалар мужассам.
Таассуротларимиз ҳақида навбатдаги материалларимизда кенгроқ тўхталамиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар