Мусиқа ва санъат мактабларидаги таълим жараёнлари анчагина издан чиққан, таълим сифати пасайиб кетган — вазир

17:04 03 Сентябр 2020 Маданият
314 0

Озодбек Назарбеков Маданият вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасаларида ўтказилаётган касбий (ижодий) имтиҳон жараёнларини кузатиб бормоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Вазир бугун Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб, абитуриентларнинг ижодий имтиҳонлардаги иштирокини бевосита кузатди. Кузатув чоғида кўплаб ёш иқтидорларнинг маҳорати ва истеъдодини эътироф этди, бўлажак маданият соҳаси вакилларини маҳоратини олқишлади.

Шу билан бир қаторда айрим абитуриентларнинг тайёргарлик даражаси ўта суст эканлиги, баъзиларида эса етарлича салоҳият сезилмаётгани, уларнинг иштирокидан кўнгли тўлмаётганини ҳам яширмади.

Бунинг асосий сабабини бошланғич таълимда мусиқа ва санъат соҳасига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги,бу йўналишда профессионал кадрлар етишмаётганлиги натижасида мусиқий таълимнинг оқсаётгани билан изоҳлади.

“Мусиқа ва санъат мактабларидаги таълим жараёнлари анчагина издан чиққан, таълим сифати пасайиб кетган, буни мазкур муассасалар кўплаб битирувчиларининг имтиҳонлардаги бугунги иштироки мисолида яна бир бор гувоҳи бўлдик. Бу дегани Маданият вазирлиги олдида бошланғич таълим тизимида ҳам кечиктириб бўлмайдиган кўплаб чора-тадбирлар борлигини билдиради”, - дея таъкидлади О.Назарбеков. 

Вазир шу ўринда имтиҳон комиссияси аъзоларидан олий таълим муассасасига “тасодифий талабалар” кириб қолмаслиги учун бор имкониятни ишга солиб, фақатгина ҳақиқий иқтидорларни талабаликка қабул қилиш лозимлигига алоҳида урғу берди.

Эслатиб ўтамиз жорий йилда Ўзбекистон давлат консерваториясига 16 та таълим йўналиши бўйича (ундан 2 та таълим йўналиши Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти учун истисно тариқасида қабул қилинган) жами 1852 нафар абитурентлар ҳужжат топширган бўлиб, улар сони ўтган йилгига нисбатан 30 % га кўпайгани ёшларимизнинг мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишлари ортиб бораётганидан дарак беради.

Мазкур таълим муассасасида ижодий имтиҳонлар 16 сентябрга қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?