Мурожаатлар мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда. Нега?

11:18 20 Декабрь 2018 Жамият
469 0

Архив фото

Наманган шаҳридаги Бунёдкор ва Гулистон маҳаллалари ҳалигача марказий газ тармоғига уланмаган. Устига-устак, бу сингари маҳаллаларга суюлтирилган газ етказиб бериш масаласи ҳам рисоладагидек ташкил этилаётгани йўқ. Кўп қаватли уйлардаги аҳвол, айниқса, уларни иситиш мавсумига тайёрлаш борасидаги камчиликлар қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Мисол учун, Умид маҳалласида жойлашган 6-тураржой биноси 1961 йилда қурилган. Ҳозирги кунда авария ҳолатига тушиб қолган жойда истиқомат қилаётган 44 та хонадон эгаларининг ҳасратидан чанг чиқади.Юқори Ровустон маҳалласидаги икки қаватли уйнинг табиий газ, ичимлик суви ва иссиқлик тизимидан узиб қўйилганлиги ҳам қишнинг қорли-қировли кунлари бўлса-да, мутасаддиларни ташвишга солмаяпти.

Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи ўз фаолияти натижаларини халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг сессиясига тақдим этди.

Вилоят маркази аҳлини ташвишга солаётган масалалар эса юқорида қайд этилганидек, оз эмас. Хусусан, ҳудуддаги ижтимоий объектлар фаолияти, шунингдек, 102та маҳаллада истиқомат қилаётган оилалар турмуш шароити билан танишиш жараёнида 13 мингдан зиёд муаммолар юзага чиқди.

Одамларни кўпроқ нималар қийнаяпти? Табиий газ таъминоти соҳасида 4 минг 664 та, тураржой билан боғлиқ 2 минг 735 та, йўллар таъмири бўйича 756 та, қисқаси, кундалик турмушда учрайдиган бошқа йўналишларда ҳам кўплаб муаммолар аниқлангани ҳақиқий аҳволни ойдинлаштиради.

Эътибор қаратилиши зарур бўлган камчиликлар соғлиқни сақлаш, таълим, электр энергия¬си таъминоти соҳаларида ҳам учрайди ва бу шаҳар аҳлининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Одамлар бу хусусда маҳаллий ҳокимият ҳамда тегишли идораларга мурожаат қилишяпти. Бироқ муаммолар ҳамиша ҳам ечимини топаётгани йўқ. Айрим раҳбарлар фаолиятида расмиятчилик, депутатлар фаолиятида хўжакўрсинлик кузатилади. Аҳоли ўз ечимини топмаган сўровлари юзасидан республика идораларига такрор ва такрор мурожаат қилишга мажбур бўляпти.

Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳ ва сектор раҳбарлари ногиронлиги бор 40 нафар шахсга махсус аравачаларни топширди. 244 нафар фуқаро имтиёзли йўлланма билан шифохоналарга ётқизилди. Ички йўллар таъмири, кўчаларни ободонлаштириш бўйича анчагина иш қилинди. Барча ўрганилган хонадон ва объектларда аниқланган муаммоли масалалар “hudud.gov.uz” дастурига киритилди, маълумотлар базаси, фото ва видеоматериаллар тайёрланиб, сектор раҳбарларига тақдим этилди.

Сессияда ўрганиш якунлари, унда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019