Муроджон Аҳмадалиевга Президент совғаси “Трекер” автомобили ва уч хонали уй совға қилинди (фотогалерея)

18:02 03 Февраль 2020 Спорт
528 0

Фото: Алихан Утарбеков, "Халқ сўзи"

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, терма жамоамиз сафида Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионати совриндорлари бўлган Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксда икки йўналиш (WBA ва IBF) камарини қўлга киритгани ҳақида хабар бергандик.

Бугун боксчимиз юртимизга қайтиб келди. У Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спорт жамоатчилиги томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, унинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, спортчининг яқинлари, мухлислар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Кутиб олиш маросимидан сўнг “Олимпия шон-шуҳрати“ музейида боксчимизни тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди. Абдулла Нигматович тадбир давомида сўзга чиқар экан, Аҳмадалиевнинг ушбу ғалабаси ўзбек спорти учун улкан ютуқ эканлиги, жаҳон боксидаги 42 йиллик рекорд айнан ўзбекистонлик боксчи томонидан такрорлангани муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг спортчимизга “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Сўнгра, Бош вазир Абдулла Арипов Президент совғаси сифатида Тошкент шаҳридан 3 хонали уй ва “Трекер“ автомобилининг калитини боксчимизга топширди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?