Мураббийликдан прокурорликкача. Ёхуд афсонавий футболчининг силлиқ кечмаган ҳаёти ҳақида

15:05 15 Сентябр 2020 Спорт
450 0

Ёши улуғ футбол мухлисларига Давид Кипиани деган ном яхши таниш. Аммо Тбилисининг «Динамо» клуби ҳамда СССР терма жамоаси аъзоси саналган бу афсонавий футболчининг фаолияти, ҳаёти силлиқ кечмаганини ҳамма ҳам билавермайди. Келинг, барчасини бошдан ҳикоя қила қолайлик.

Давид 1951 йилда шифокорлар оиласида туғилган. Тбилисидаги 35- футбол мактабида таҳсил олган.1968 йилда Грузия ўсмирлар терма жамоаси таркибида Сочида ўтказилган «Умид Кубоги» турнирида ғолиб чиққач, Тбилисининг «Динамо» клуби ўринбосарлар таркибига қабул қилинган. Шу билан бир вақтда Тбилиси политехника институтига ўқишга кирган. Аммо химик бўлишга иштиёқи йўқлигини англаб, ТДУнинг юридик факультетида ўқишни давом эттирган. Икки йил Грузия пойтахтининг бошқа бир жамоаси — «Локомотив»да ўйнагач, «Динамо»га қайтган. 1971 йилда шу жамоа сафида илк ўйинини ўтказган. Тез орада СССР терма жамоасига таклиф қилинган. Бироқ йиғинлар чоғида тиззасидан жароҳат олгани унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Тўғри, кейинроқ ҳам мамлакат терма жамоаси мураббийлари эътиборида бўлди. Аммо ўша кезларда собиқ иттифоқ терма командасини Валерий Лобановский, Константин Бесков каби таниқли мураббийлар бошқаришган. Уларнинг бири Киевнинг «Динамо»си, иккинчиси эса Москванинг «Спартак» клуби ўйин услубини терма жамоага сингдиришга уринар, тактикамизга мос тушмайди, деган важ билан Давид Кипианини кўпинча захира ўриндиғида қолдиришарди. Шу боисдан қаҳрамонимиз терма жамоа сафида жуда кам — атиги 19 марта майдонга тушди. Шунга қарамай 7 та гол киритди. Шунингдек, олимпия терма жамоасидаги 2 та учрашувда 2 та гол муаллифи бўлди. Шу икки далилнинг ўзиёқ Давид Кипианининг ўта маҳоратли ўйинчи бўлганидан дарак беради.

Кипиани ўйинни ташкил этиш фазилатига эга диспетчер футболчи эди. Майдонни жуда яхши кўрарди. Сафдошларини қойилмақом тарзда тўп билан таъминлаш устаси саналарди. Техникаси юқори, зарбаси кучли эди.Унинг майдондаги ҳаракатларини кўриш учун стадионга атайин келадиган мухлислар сон-саноқсиз эди. Дарвоқе, собиқ иттифоқ чемпионати доирасидаги учрашувларда у Тбилисининг «Динамо»си таркибида Тошкентга ҳам бир неча бор ташриф буюрган, «Пахтакор»га қарши тўп сурган. Тўпни ўз измига бўйсундира билган бу футболчининг имкониятларидан собиқ иттифоқ терма жамоасида оқилона фойдаланилмаганини унинг ўйинини мунтазам кузатиб борган кишилар ҳали-ҳануз афсус билан эслашади. Бунга бир жиҳатдан жароҳат ҳам халал берди. Масалан, 1981 йилда оёғи лат еди. Оқибатда 1982 йилги жаҳон чемпионатига бора олмади. У катта футболдаги фаолиятини тугатганида халқаро тоифадаги спорт устаси, СССРда хизмат кўрсатган устаси унвонларига эга эди.

Шундан сўнг Кипиани мураббийликда ўзини синаб кўрди. 1983 йилнинг охирида афсонавий Нодар Ахалкатси ўрнига «Динамо» (Тбилиси) жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Жамоа аста-секинлик билан чемпионатдаги мавқеини тиклай борди. Аммо 1986 йилда уни мураббийликдан четлаштиришди. Ажабланарлиси, бунга жамоа қайд этаётган натижалар эмас, балки Кипианининг турмуш ўртоғидан ажрашгани сабаб бўлди. Ўша пайтдаги тузум таомилига, аниқроғи мафкурасига кўра, шундай йўл тутилди. Ваҳолонки, бу пайтда жамоа чемпионатда бошқа бир команда билан 3-4- ўринларни бўлишиб турганди.

Оқибатда Кипиани ишсиз қолди. Аммо сандиқда сарғайиб ётган дипломи жонига ора кирди, дўстларининг кўмаги асқатди. Тез орада у СССР Бош прокуратурасига ишга қабул қилинди. Бу нуфузли ташкилотда Кипиани умумий назорат бўлими бошлиғининг ўринбосари вазифасида ҳам ишлади. Лекин ҳаётининг энг қайноқ дамларини футболга бағишлаган киши «миллионлар ўйини»дан қандай қилиб узоқлашсин? Хуллас, 1988 йилда прокуратурадан бўшади ва Тбилисининг «Динамо»сига бош мураббийлик қилишга киришди. Кейинчалик эса Кипрнинг «Олимпиакос» клубини бошқарди. Бироз муддат ўтгач, ватанига қайтиб, яна «Динамо»га, сўнгра Грузия терма жамоасига бош мураббийлик қилди. 

2001 йилнинг 17 сентябри грузин футболига оғир йўқотишни олиб келди. Кипиани автоҳалокатга учради. Шифохонага етмай туриб вафот этди. Айрим гап-сўзларга қараганда, машинасида катта тезликда кетаётган Кипиани қўл телефонида гаплашаётиб, автоуловни бошқара олмай қолган. Автоҳалокат содир бўлишидан бир неча сония аввал унда инфаркт рўй берган, деган тахминлар ҳам бор.

Мақоламиз якунида бу истеъдод эгасининг ютуқларини ёдга олмоқчимиз. У қадрдон "Динамо”си билан 1978 йилда собиқ СССР чемпиони бўлганди. Шу чемпионатнинг кумуш ва бронза медаллари соҳиби эди. Икки бор мамлакат кубогини боши узра кўтарганди.1981 йилда «Динамо» таркибида Европа Кубок эгалари Кубоги соҳибига айланганди. 1976 йилги Олимпиадада бронза медалини қўлга киритганди. Худди шу йили мамлакат терма жамоаси билан ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати ғолиби бўлганди. У 1977 йилда мамлакатнинг энг кучли футболчиси, деб топилган. Мавсумнинг энг кучли 33 футболчиси рўйхатидан 6 марта ўрин олган. 115 та гол киритган ҳолда Григорий Федотов клуби аъзолари сафига қўшилган.

Кипиани икки бор уйланган. Уч ўғли бор.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?