Муҳтожларга бир икки марталик кўмак бериш билан асосий муаммони бартараф этиб бўлмайди

11:50 14 Август 2020 Сиёсат
255 0

Жамиятдаги кўплаб масалалар бевосита мушоҳада қилишга чорлайди. Улардан бири камбағалликдир. Камбағал, деганда кўз олдимизга бошпанаси, либоси, овқатланиши ночор одам гавдаланади. Беихтиёр бир неча саволларга жавоб излай бошлайсиз.

Қандай қилиб камбағаллик домига тушиб қолган? Ўзига тўқ одам ҳам камбағал бўлиб қолиши мумкинми? Камбағалликдан қутулса бўладими? Камбағал бўлиб қолмаслик учун нима қилиш керак?.. Ушбу саволларни ўқиб туриб, бирдан жавобларингизни ўзингизга ёки бошқаларга билдира бошлайсиз. Бу борада кўплаб баҳс-мунозара қилиш, ҳатто ён атрофимиздан ёки ҳаётимиз давомида гувоҳи бўлган бир қанча мисолларни ҳам келтира бошлашимиз мумкин.

Мамлакатимизда ҳам 4-5 млн. атрофидаги фуқароларимиз камбағал бўлиб яшаётганини Президентимиз алоҳида таъкидлаганини кўпчилигимиз биламиз.

Энди ушбу қатламни камбағалликдан чиқариш бўйича кўплаб амалий ишлар амалга оширилмоқда. Улардан бири куни кеча қабул қилинган «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ҳисобланади.

Қарор 17 банддан иборат бўлиб, бир қанча долзарб масалаларни ўз ичига олган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш. Бунга хусусий сектор вакилларини ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Хўш бу марказларнинг одамларга қандай фойдаси бор?

Биламизки, кундан кунга меҳнат бозорида ҳам рақобат кучаймоқда. Бу эса сифатни юқори даражага олиб чиқмоқда. Меҳнатингиз сифатли бўлиши учун ўз соҳангизни малакали ходими бўлишингиз талаб этилади.

Мазкур рақобатда ютқазмаслик ва камбағал ҳамда ишсизларни ҳимоя қилиш мақсадида уларни ташкил этиладиган марказларда турли касбларга ўқитиш орқали кичик мутахассислар тайёрлаш назарда тутилмоқда. Ёки энг сермаҳсул соҳа бўлган тадбиркорлик сирлари ўргатилади.

Ушбу ташаббусга биринчилардан бўлиб ҳар бир туман ва шаҳар кесимида камбағал ва ишсиз фуқароларни, айниқса, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларни жалб этиш назарда тутилади.

Эътиборли жиҳати, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бевосита ишлаб чиқариш билан бирга ўқитилади, битирувчиларининг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади.

Бу ҳужжатни қўлга киритган шахс нафақат ўзимизда балки, чет эл давлатидаги салоҳиятли корхоналарида ҳам бемалол ишлаши мумкин бўлади.

Яна бир жиҳат, ушбу касбий малака сертификатини (Skills паспорти) олган битирувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касб-ҳунарга ўқиш ва малака имтиҳонини топшириш харажатларини қоплаш, тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилганлик учун рағбатлантириш субсидияларини ажратиш ҳамда ўз бизнесини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратишга йўлланма бериш каби имтиёзлар берилади.

Қарорда белгиланганидек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, кам таъминланган ва меҳнат мигрантлари оилаларининг аъзолари, ногиронлиги бўлган шахслар учун ўқитиш курслари бепул бўлиши таъминланади.

Шу билан бирга, нафақат ўзимизда балки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари кўпчиликни ташкил этадиган Россия Федерациясининг ҳудудларида давлат ҳамда нодавлат таълим муассасалари ва марказлари билан музокаралар олиб бориб, мазкур ҳудудларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизни касб-ҳунарга ва рус тилига, айниқса, кечки пайт (иш вақтидан кейин) ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан, ўқитиш учун жой, ўқув қўлланмаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш чоралари масъулларга вазифа қилиб белгиланмоқда.

Фикримизча, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга бир икки марталик кўмак бериш билан муаммони бартараф этиб бўлмайди. Тарихдаги ёрқин мисоллар фикримизни исботлайди. Бироз аччиқ бўлса ҳам, яна ўша гапни эслашга тўғри келяпти: «одамларга балиқ эмас, қўлига қармоқ бериб, балиқ тутишни ўргатиш керак».

Ҳужжатда барчаси аниқ баён этилган, молиявий масалалар манбаси, масъуллар аниқ кўрсатилган. Бу ёғи ижрога боғлиқ. Биз, парламент аъзолари ижро қандай бўлади, деб кутиб ўтирмаймиз, албатта. Масъул ташкилотлар билан бирга фаол иштирок этамиз.

Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?