Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакиллари Халқаро бокс турнирида жами 5 та медалга сазовор бўлишди

14:13 26 Август 2019 Спорт
110 0

Россиянинг Грозний шаҳрида бокс бўйича Чеченистон Республикаси Биринчи Президенти Аҳмат-Ҳожи Қодиров хотирасига бағишланган XI халқаро турнир ўтказилди. Унда юртимизнинг 10 нафар чарм қўлқоп устаси қатнашиб, якунда 8 нафари шоҳсупага кўтарилди. Совриндорларнинг 5 нафари Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) боксчиларидир. Бу ҳақда  Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди. 

Чеченистонга Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мураббийлар Тўлқин Қиличев, Илёс Раҳимжонов ҳамда Асқар Султонов қўл остида борди ва 8 вазн тоифасида 10 нафар боксчи билан халқаро турнирда иштирок этди. Юртдошларимиз битта вазн тоифаси (-69 кг) бўйича жанглардан бошқа барчасида муваффақиятли қатнашиб, совриндор бўлишди. Терма жамоамиз таркибидаги боксчиларнинг 5 нафари МВСК аъзолари эди ва уларнинг барчаси шоҳсупага кўтарилди.

XI халқаро турнирда МВСК аъзоларидан Шунқор Абдурасулов (-60 кг) бошқа клубдошларига нисбатан яхшироқ қатнашди. У финалда россиялик Магомед Шамсаевни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва олтин медаль билан тақдирланди.

Иккинчи олтин медаль жаҳон чемпионатига борувчи терма жамоамиз таркибидан ўрин олган энг оғир (+91 кг) вазнли боксчимиз Баҳодир Жалоловга тегишли бўлди. У сўнгги ҳал қилувчи финал жангида қозоғистонлик Даурен ули Айболдини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди.

Ҳа, Грознийдаги турнир баъзи мамлакат терма жамоалари учун 7-21 сентябрь кунлари Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан ўзига хос тайёргарлик, мураббийлар учун айрим боксчиларни кўрик ва синовдан ўтказиб олиш вазифасини ҳам ўтади.

XI халқаро турнирда 8 нафар боксчимиз ярим финалгача муваффақиятли етиб борди. Уларнинг фақат икки нафари финалга чиқди ва сўнгги жангда ҳам ғалаба қозониб, олтин медаллик бўлди, қолган 6 нафар боксчимиз учун эса ярим финал жанглари омадсиз кечди ва барчаси бронза медаль билан кифояланди.

Грозний халқаро турнирида совриндор бўлганлар:

Олтин медаль:

Шунқор Абдурасулов (-60 кг, МВСК); Баҳодир Жалолов (+91 кг).

Бронза медаль:

Фозилжон Абдумуродов (-52 кг); Элнур Абдураимов (-63 кг); Баҳромжон Фозилов (-75 кг, МВСК); Козимбек Мардонов (-81 кг, МВСК); Мадияр Саидраҳимов (-91 кг, МВСК); Обиджон Тоҳиров (+91 кг, МВСК).

Шундай қилиб мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун 2 та олтин ва 6 та бронза, жами 8 та медаль билан якунланди. Бу муваффақиятда асосий улуш Мудофаа вазирлиги спорт клуби боксчиларики бўлди, улар битта олтин ва 4 та бронза, жами 5 та медални қўлга киритишди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019