Мудофаа вазирлиги қўшинларида болалар учун махсус байрам томошалари ташкил этилди

18:27 04 Июнь 2018 Жамият
353 0

Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Ҳалқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб, маънавий-маърифий тадбирлар, спорт ўйинлари ҳамда байрамона театр томошалари ўтказилди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, Мудофаа вазирлиги спорт мажмуасида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун санага бағишлаб, байрам ва спорт мусобақаси ташкил этилди.

Мазкур байрам тадбирида мини футбол, шахмат-шашка, стол тенниси, қувноқ стартлар, мерганлик, велосипед пойгаси, арқон тортиш каби спорт турлари ва расм чизиш бўйича 12 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида мусобақа ўтказилди. Шунингдек, болалар учун автомодель ва енгил турдаги техникалар кўргазмаси ҳамда байрам концерти ташкил этилди.

Шунингдек, Жиззах шаҳридаги ҳарбий қисмда байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда 300 нафардан зиёд болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Сўз устаси Аваз Охун ҳамда Юнус Ражабий номидаги қўғирчоқ театри томонидан ижро этилган саҳна чиқишлари барчага манзур бўлди. Шу билан бирга Жиззах вилояти Касаба уюшмалари бирлашмаси ҳамда ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан жажжи қалб эгаларига музқаймоқ, ширинликлар ҳамда ўйинчоқлар улашди.

Марказий ҳарбий округи, Самарқанд вилояти Ёшлар иттифоқи ҳамда “Камалак” болалар ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган концерт ва ҳайрия тадбирлари Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ихтисослаштирилган болалар интернати, 10-сонли меҳрибонлик уйида ҳамда 16-ҳарбий шаҳарчада ташкил этилди. Байрам томошаларида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, мактаб ўқувчилари ҳамда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этди. Тадбир сўнггида келажагимиз бунёдкорларига совғалар ва китоблар топширилди.

Шарқий ҳарбий округида эса мазкур байрам янада эсда қоларли ва ўзгача ташкил этилди. Яъни ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан болажонлар учун Фарғона, Андижон ва Наманган шаҳридаги кўнгилочар масканларга сайёҳат уюштирилди.

Жануби-ғарбий махсус ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ҳам байрам тантаналари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар