Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган талабаларга контрактининг 35 фоизи тўлаб берилади - Вазирлик

19:31 14 Август 2020 Жамият
632 0

Олий ва ўрта таълим вазирлиги жамоатчилик томонидан пандемия шароитида олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш нархларини оптималлаштириш борасида билдирилган кўплаб мурожаатларни ҳисобга олиб, уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Молия вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларида мавжуд барча ресурсларни сафарбар этиш ҳисобига қатор таклифларни ишлаб чиқди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт шакли асосида ўқиётган 4 минг нафардан зиёд талабага шартнома миқдорининг 35 фоизини тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатилади. Ушбу моддий ёрдам бир талабага бир йилда 2,4 млн.сўмдан 3,4 млн.сўмгача миқдорни ташкил этади.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғидан озод қилинган бўлиб, бунда бир нафар талаба учун контракт тўлаган оилага бир йилда 770 минг сўмдан 1 млн. 177 минг сўмгача маблағ даромад солиғидан имтиёз шаклида қайтади.

Тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабаларга шартнома шартларини бажаришда бериладиган чегирмалар ҳисобига давлат бюджетига ортиқча юк тушмаслиги учун олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига тегишли харажатлар нормативлари қайта кўриб чиқилади ҳамда уларда қўшимча таълим хизматларни кўрсатиш ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш орқали чегирма харажатларини қоплаш чоралари кўрилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?