Муаммолар енгиб ўтиляпти, олдимизда қиш синови турибди

13:09 17 Август 2020 Жамият
236 0

«Тарихни шахслар яратади», деган ибора бежиз айтилмаган. Бугун давлатлар қанчалик қудратли, аҳолиси қанчалик кўп бўлмасин, пандемия олдида шошиб қолди.

Ана шундай оғир ва якуни ҳали кўринмаётган кунларда масъулиятни ўз зиммасига олиб, халқни талафотсиз бу балодан олиб чиқиш, ойлик иш ҳақини тўлаб туриш, пенсия, нафақаларни эгалари қўлига ўз вақтида етказиш, қишлоқ хўжалигини юритиш, тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш каби қийин масалаларни фақат ўз халқи ва юртини қалбдан севган одамгина ҳал эта олади. Ана шундай муҳим ва оғир юк бугун Президентимизнинг зиммасига тушди.

Пандемия даврида муҳтарам Президентимиз 40 мингдан ортиқ муҳтож оилаларга пул маблағлари, озиқ-овқат, дори-дармон билан таъминлаш орқали яқиндан кўмак кўрсатдилар. Эндиги масала эса қиш мавсуми...

Бу йил саратоннинг тафти баланд бўлди. Демак, қаҳратоннинг ҳам қаҳри қаттиқлашиши эҳтимоли йўқ эмас. Шунинг учун синов мавсуми – қишга пухта ҳозирлик кўриш, айни кунларнинг ҳар дамидан оқилона фойдаланиш зарур.

Одатда, халқимиз қиш ғамини ёзда кўради. Ахир мавсумнинг беталафот, кўнгилдагидек ўтиши бугунги саъй-ҳаракатларга боғлиқ.

Барчамизга маълум, олис чекка қишлоқ аҳолисининг кўп қисми асосан чет давлатларда ишлаб, оиласини таъминлаб келган. Пандемия сабабли улар уйда қолди, кўплаб оилаларнинг даромади пасайди ёки йўқолди. Шу боис кўплаб хонадонларда ҳозирданоқ «тобора яқинлашиб келаётган совуқ кунларда хонадонимни нима билан иситаман?», деган савол ўйлантириб қўйган.

Шу билан бирга, «тождор вирус» қиш мавсумида грипп билан биргаликда қандай оқибатларни келтириб чиқариши ҳам кўпчиликни ўйлантириб қўйган. Бундай кунларда эса, албатта, иссиққина хонадонда ўтириш зарур.

Шу ўринда, истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, етказиб бериш «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти зиммасидаги энг устувор вазифа ҳисобланади.

Чунки, электр энергиясини етарли миқдорда етказиб берганда хам, кўплаб трансформаторларимиз керагидан ортиқча юкни кўтара олмай қолиши ҳисобига куйиб қолади, натижада, аҳоли иситиш у ёқда турсин, уйларини ёритишдан хам маҳрум бўладилар. Кўмир билан боғлиқ муаммолар хам ҳеч кимга сир эмас.

Шу сабабли бу йилги пандемия шароитида, кўмир захираси, электр энергияси билан иситиш мумкин бўлган чораларни кўриб чиққан ҳолда, истисно тариқасида, балки табиий газ билан таъминлаш мумкин бўлган қишлоқларни қайта улаш ва табиий газ етказиб бериш орқали совуқ қишни беталафот ўтказиб олишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаш зарур. Бу куннинг долзарб муаммоларидан биридир.

Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?