Мозий ва бугунни уйғунлаштирган икки ҳужжатли фильм

15:01 01 Февраль 2019 Маданият
885 0

Фото: Умид Маликов.​

“Ислом дарахти Арабистонда экилган бўлса-да, меваси Мовароуннаҳрда етилган”, дейдилар. Чиндан ҳам, Ўзбекистон кўплаб диний ва дунёвий билимларга улкан ҳисса қўшган зотлар, қомусий олимлар, алломалар Ватани. Юртимизнинг дунёда ислом цивилизацияси маркази сифатида кўрилиши ҳам бежиз эмас, албатта.

Кеча Алишер Навоий номидаги киносаройида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан тасвирга олинган икки ҳужжатли фильм — режиссёр Ҳожимурод Валиевнинг “Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази” ҳамда Александр Гамировнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” ҳужжатли фильмларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, уларда Ўрта Осиёлик олимларнинг ислом тарихида тутган ўрни ва уларнинг тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, тасаввуф каби диний билимлар ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида сўз юритилади.

Фото: Умид Маликов.​

 

— Ушбу фильмлар орқали томошабинлар нафақат маданий ҳордиқ олади, балки юртимизнинг нега Ислом цивилизацияси маркази саналиши, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, шунингдек, етти пир ҳамда уларнинг маънавий ва маданий мерослари тўғрисида ҳам кўплаб маълумотларга эга бўлади, — дейди Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев. — Баҳоуддин Нақшбанд инсонни улуғлашга, унинг мўътабарлигини англаш каби масалаларга жиддий эътибор қаратган. Инсон дин учун эмас, дин инсон учун яратилганлигини эътироф этган. Миллий ғурурни, орият масалаларини кўтаришга интилган. Нақшбанд ғояларидан ёшларга тарбия беришда фойдалансак, уларни тарихий хотирага ҳурмат, инсонларга меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик руҳида тарбиялашда қийналмаймиз.

Табиийки, ҳужжатли фильм бадиий фильмдан тубдан фарқ қилади. Шунга қарамай, кино маҳсулоти томошабинни зериктирмаслиги, унга маънавий озуқа бериши зарур.

Фото: Умид Маликов.​

— Фильмни яратишда ғоя билан тасвирнинг бир-бирига уйғунлашуви энг асосий вазифа ҳисобланади, — дейди “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” фильми оператори Умид Маликов. — Биз иш жараёнида “Τalking head” (“Гапирувчи бош”)дан, яъни телевидениеда кенг қўлланиладиган усулдан фарқли равишда камерага “нафас бериш”га, томошабинни нафақат сўз билан, балки кучли драматик тасвирий ечимлар билан ҳам тутиб туришга ҳаракат қилдик.

Энг мураккаб кадрлардан бири ΧΙV асрни бугунги кунга боғлаш билан боғлиқ бўлди, десам, адашмайман. Боиси, бугуннинг томошабини хориж фильмларидаги сингари динамик тасвирларга ўрганган. Тасвирга олиш мобайнида ҳеч бир жиҳатни, ҳатто энг майда деталларгача ҳам, кўздан қочирмасликка ҳаракат қилдик.

Тақдимотдан сўнг бир гуруҳ ёшларнинг фикри билан қизиқдик.

Фото: Умид Маликов.​

— Бир гуруҳ тенгдошларим билан “Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази” ҳамда “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” ҳужжатли фильмларини катта қизиқиш билан томоша қилдик, — дейди Ўзбекистон Миллий университети магистранти Алишер Боймуродов. — Тариқат илмининг пешволаридан бири бўлган Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг дунёга келиши ва камол топиши ҳақида биз билмаган кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Бироқ фильм асосан унинг устози бўлмиш Самосий ҳазратларига бағишлангандек туюлди. Эҳтимол, Нақшбанд ҳазратларининг амалга оширган ишлари, асарларига, умуман, уларнинг сиймосига кўпроқ урғу берилганида, фильм номига яраша уйғунлик касб этармиди?

“Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази” фильмида эса ҳозирги давр сиёсатига ҳамоҳанг равишда ривожланиб бораётган диний масалаларга кенг эътибор қаратилибди. Биз, ёшлар дунёвий илмларни эгаллаш билан бир қаторда, диний билимимизни ҳам ошириб боришимиз зарур. Бу борада мана шундай ҳужжатли фильмларнинг аҳамияти катта эканини ҳис қилдик.

Юлдуз Ўрмонова (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019