Мовий кўзли атом мега-лойиҳаси

17:52 22 Октябр 2019 Дунё
292 0

У қандай қилиб бутун мамлакат ҳаётини ўзгартирмоқда?

Биз, ўзбекистонликлар беларусча меҳмондўстлик ва умуман ушбу мамлакат ҳақида нималарни биламиз? Брест қаҳрамонлари, Беловеж ўрмони, Якуб Колас, “Сябры” (“Дўстлар” ансамбли), ўша ерда ишлаб чиқарилган юк машиналари ва тракторлар ҳақида эшитганмиз, холос. Менимча, асосий билганларимиз рўйхати шу бўлса керак.

Демак, бу борадаги билимларимиз у қадар кўп эмас, ҳаминқадар. Масалан, ҳамма ҳам Синеокая (Беларусдаги кўп сонли кўлларни шундай деб аташади) ҳақида билмаса керак. Ваҳолонки, бу жой яқин орада янги диққатга сазовор жойга айланади. Ҳатто мазкур маскан ҳозирнинг ўзидаёқ турли давлатлардан юзлаб журналистлар эътиборини ўзига тортяпти. Гап мамлакатдаги биринчи атом электр станцияси ҳақида кетяпти.

Ўзбекистоннинг ўз АЭСи эса тахминан ўн йилдан кейин пайдо бўлади. Мухбиримиз бу борадаги улкан лойиҳа қандай қилиб бутун мамлакат ҳаётини ўзгартириб юборганини билиш учун Беларусга бориб келди. Бу эса унга юртимизнинг бу борадаги яқин келажаги ҳақида тасаввур ҳосил қилишига ҳам имкон берди.

1 киловатт учун 1300 сўм

Етиб боришим билан бир савол туғилди: беларусларга атом станцияси ўзи нима учун керак? Чунки шу пайтгача мамлакат бирор марта электр энергияси танқислигини бошдан кечираётганини эшитмаган эдик.

Кейин аён бўлишича, муаммо ҳажмда эмас, сифатда экан. Бинобарин, ушбу давлатда номинал электр манбалари диверсификация қилинган. Масалан, гарчи республика иссиқ иқлимга эга бўлмаса-да, қуёш электр станциялари мавжуд. Лекин энергетика “оила”сига барибир газ “хўжайинчилик” қиляпти. Қувватларнинг қарийб 95 фоизи айнан ушбу турдаги ёқилғи ҳисобидан ишлаб чиқарилмоқда. Аммо ўзларида газ деярли йўқ ва асосан, импорт қилинадиган қиммат “зангори олов” ёқилаётир. Боз устига, у ўзидан ёғли углеродли изни ҳам қолдирмоқда. Аҳоли эса 1 киловатт/соат учун 6,1 центдан 7,2 центгача (бизнинг пулда 570-680 сўм), юридик шахслар эса 14,1 центгача(1330 сўмгача) тўлайди.

Шунинг учун ҳам энергетика тизимида атом станцияси пайдо бўлиши мантиқий қадам сифатида қабул қилинди. Албатта, бунда энергетика хавфсизлиги масаласи эътибордан четда қолгани йўқ. Беларусь энергетика вазири ўринбосари Вадим Закревскийнинг фикрича, бу устувор вазифалардан биридир.

Истеъмолчилар эса замонавий технологик қурилмаларда ишлаб чиқарилган арзон, рақобатдош ва ишончли электр энергиясига эга бўлишлари керак. Синеокаядаги ушбу талабларга жавоб берадиган манба бугун фойдаланишга деярли тайёр. АЭС мамлакат эҳтиёжининг 30 фоизини таъминлайди. Натижада газли, қолаверса, фақат битта манбага боғланиб қолган манбалар улуши 60 фоизгача қисқаради.

Юқоридагиларга уйғун равишда шу каби лойиҳалар яқин келажак манзараларида ҳам ўз ифодасини топяпти. Экспертлар урбанизация, рақамли технологиялар ва саноатлашувни дунёни ўзгартираётган учта тренд деб эътироф этишмоқда. Энергияга бўлган талаб ўсяпти. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин ўн йилда у икки баробар ошади, шаҳар аҳолиси эса икки-уч миллиардга етади. Бу инфратузилмалар учун жуда катта миқдорда юкланиш деганидир. Биз рақамли технологиялар, оҳанраболи ёстиқчалар устидаги тезюрар поездлар ҳақида гапиришни яхши кўрамиз, электромобиллар яратганларни замонамиз қаҳрамонлари деб биламиз. Аммо яқин йиллар учун оддий ҳолга айланган бундай нарсалар аслида “жуда очкўз” бўлиб, юқори куч ва кучланишдаги энергия билан озиқланади. Масалан, электромобилни олиб кўрайлик. Уни том устига қўйилган қуёш панели орқали, айтайлик, бир ёки ундан кўп вақтда қувватлантириш мумкин. Энергиянинг анъанавий манбасидан эса аккумулятор анча тез "тўйинади". Фарқни сезяпсизми? Агар прогнозларни ҳисобга оладиган бўлсак, 2050 йилга бориб электромобиллар ва гибрид двигателли автоуловлар бутун дунёдаги енгил машиналар паркининг ярмини ташкил этади. Бу юқоридаги каби саволни қайта беришга ҳожат қолдирмайди.

Ҳавас қилгуликатомчилар шаҳри

Мамлакат пойтахтидан 150 километр узоқликда жойлашган Гродненск области Островец тумани тарихи тахминан олти асрга тенг. Бироқ охирги ўн йилда мазкур заминда воқеалар том маънода қайнай бошлади. Сабаби, ўша пайтда тумандан 20 километр узоқликда Беларусь атом электр станцияси барпо этилиши маълум бўлганди.

Аср қурилишига мутахассислар олиб келинди. АЭС эксплуатацияси билан банд ишчи-ходимларнинг 30 фоизи атрофдаги туманлар аҳолиси эканлиги эътиборга лойиқ. Бунёдкорлик ишларига тумандаги ташкилотлар жалб этилди. Зеро, келгусида айнан ушбу корхоналар таъмирлаш ва реконструкция жараёнларида ҳам қатнашади. Ишчиларни жойлаштириш учун кўп қаватли уйларни бунёд этиш бошланди. Бунинг ортидан мактаблар, дўконлар, овқатланиш нуқталари пайдо бўлди. Кенг йўллар солинди, бинолар фасадлари янги ёрқин рангларда жилваланди. Туман марказидаги қишлоқ (посёлка) шу қадар тез қад ростладики, пировардида у ўз мақомини ўзгартиришига ҳам тўғри келди. Бир неча йил олдин Островецни шаҳар дея қайта номлашди.

Беларусь АЭС бош директори Михаил Филимоновнинг сўзларига кўра, Островец яшаш фонди бўйича сезиларли ютуққа эришди. Ушбу мега-лойиҳа бошланган 2008 йилдан буён икки баробар кўп тураржой қурилди. Яқин кунларда шаҳарда тиббиёт мажмуаси ҳам очилади.

Бу ерда қурилган қатор янги бинолар киши ҳавасини келтиради. Ўзбекистоннинг биринчи АЭСи қад ростлайдиган Фориш туманида эса ҳозирча манзара умуман бошқача. Лекин бир неча йил ўтиб ўзаро туташиб кетган инфратузилмалар янги атомчилар шаҳри Жиззах вилоятига узукка кўз қўйгандек ярашиб тушади. Айрим маълумотларга кўра, “атом клуби” давлатларидаги станцияларга яқин ҳудудлардаги иш ҳақлари ўртачадан 40 фоиз кўп экан. Бу пуллар форишликларга ҳам ортиқчалик қилмайди.

Шов-шувлар ортидан қувиб

“Газета тўқимаси” тушунчаси бугунги кунга келиб “фейк” дея қайта ном олди. Лекин у қандай аталишидан қатъи назар, текширилмаган ёки ёлғон ахборот ростдан ҳам узоқ умр кўриши мумкин экан.

Тасаввуримизда юз йил ортга қайтамиз. 1909 йил Беларуснинг биринчи “Наша Нива” газетасида тасвирли хабарча берилади.

Островецдан унча узоқ бўлмаган қишлоқда яшовчи одамлардан бири журналистга 1908 йил 17 декабрь тонгида момақалдироқ гумбурлаб, унинг уйидаги дераза ойналари зир титрагани ҳақида гапириб беради. Шунда газетачи шов-шув “ҳиди”ни сезиб, хулоса чиқаради ва ёзади: “Бу зилзила эди!”

Туб аҳоли хабарни экзотика деб ҳисоблайди. АЭС қурилишига қаршилар эса ушбу мақолага жуда жиддий қарашди ва қарашмоқда. Улар шу асосда атом электр станцияси қурилаётган ҳудудни сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудуд эканлигини тасдиқлашади. Шу пайтда беш, олти ва ҳатто етти балл ҳақида гап кетади.

Беларусь атом станцияси қошида ташкил этилган ахборот марказида манбалар чуқур ўрганилди, маҳаллий аҳоли ўртасида сўров ўтказилди. Аммо Островецда ер қимирлагани бўйича ҳеч қандай маълумот топилмади. Ҳатто вайроналарнинг бирор изига дуч келинмади. Бу ердагилар ҳудуднинг сейсмиклиги ҳақидаги афсона фақат юқорида айтиб ўтилган қинғир мақолачага асосланишига ишончлари комил.

Гап АЭС хавфсизлиги параметрлари ҳақида кетганда эса ушбу жойдаги ҳар бир инсон уларни нафақат заррабин, балки микроскоп остида кўришга тайёр. Россия саноат экологияси институти радиациявий лаборатория мудири Алексей Екидиннинг фикрича, аҳоли кўпинча хавфни ортиқча баҳолаб юборса, АЭС келтириши мумкин бўлган хатарларни йўқ қилиш бўйича ишларга етарлича баҳо бермайди. Бошқа томондан қатъий талаблар ва жиддий жамоатчилик назорати лойиҳачилар, қурувчилар ҳамда олимларни лойиҳани рисоладагидек амалга оширишлари сари руҳлантиради. Шундан сих ҳам, кабоб ҳам куймайди.

Беларусь АЭСга “3+” авлодидаги ВВЭР-1200 реакторлари ўрнатилган. Ўзбекистонда ҳам худди шундайлари пайдо бўлади. Бу нафақат тараққийпарвар муҳандислик ғоялари меваси, балки Чернобиль ва Фукусимада йўл қўйилган хатолар устида тер тўкиб ишланган, меҳнат қилиниб, эришилган натижадир.

Мутахассисларнинг тасдиқлашича, лойиҳада энг замонавий воситалар ва тизимлар қўлланилган: бир-бирини такрорловчи тўртта хавфсизлик тизими канали, эришни бартараф этувчи қурилма, реактор иншоотининг икки қаватли ҳимоя қобиғи, водородни йўқ қилиш тизими, иссиқликни пассив қайтариш тизимлари шулар жумласидандир. Қолаверса, ташқи таъсирлардан муҳофазаланиш ҳам назарда тутилган. Агар реактор залида нимадир содир бўлса, у ҳолда барча радиофаоллик ҳимоя қобиғи ичида қолади. Агар реактордаги сув улкан чойнакдаги каби буғга айлансаю ичкаридан қопқоққа босим ўтказса, у ҳолда ҳам қобиқ ушбу улкан босимни ушлаб қола олади. Энергия блоки ташқариси устига самолёт қуласа ҳам, бузилмай тураверади.

Беларусь АЭС бош муҳандиси Анатолий Бондар айтиб ўтганидек, станция зарур стресс-тестлардан ўтказилди. Синовлар энергия блокларни уларнинг тўлиқ ўчиб қолиши билан боғлиқ хавф, шу жумладан, Фукусимадаги бўлгани каби сув тошқини, цунами, зилзиладан ҳимояланганини тасдиқлади. Шундай қилиб хавфсизлик бўйича ҳеч қандай камчиликлар аниқланмади, демак, ҳеч қандай жиддий амалиётга ҳам ҳожат йўқ, ишнинг чаласи қолмаган.

Шубҳа-гумонлардан холи клуб

Замона ҳақиқатлари замон хатарларини юзага келтираётгани рост гап. Мана, мисол учун, шу йил сентябрь ойида нефть бозорлари Саудия Арабистонида рўй берган воқеадан сўнг хавотирга тушиб қолди. Ўшанда дронлар ва ракеталар “қора олтин” қудуқлари ҳамда уни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилганди. Оқибатда стратегик объектлар ҳаво ҳужуми олдида ожиз эканлиги маълум бўлди.

Беларусь АЭСни шу каби таҳдидлардан мамлакат мудофаа вазирлигининг зенит-ракета ҳарбий қисми ҳимоя қилади. Унинг командири Андрей Долбикнинг сўзларига кўра, энг замонавий қурол-яроғ ва техника билан жиҳозланган ҳамда аъло даражадаги тайёргарликдан ўтган шахсий таркибга эга жамоа атом электр станциясини ишончли ҳимоя қиляпти.

АЭС қошида ёнғинга қарши курашиш ва қутқариш қисми ҳам фаолият юритаётир. Унинг командири Константин Лазовскийнинг таъкидлашича, фавқулодда ҳолатни бартараф этиш учун “тревога” эълон қилинган вақтда жамоа бир дақиқага етар-етмай йиғилади. Тасарруфида энг яхши ўт ўчириш машиналари, пневматик асбоб-ускуналар ва яна бошқа кўп нарсалар мавжуд қутқарувчилар эса қисқа муддатларда ёнғинни ўчириш, вайроналар орасидан одамларни чиқариб олиш, зарарли моддалар сизиб чиқаётган нуқталарни бартараф этишга қодир.

Шундай қилиб Беларусь АЭСни ўз кўзларим билан кўрдим. Бизники эса ҳозирча қоғозда. Аммо гувоҳ бўлганларим асносида уни рўёбга чиқариш фавқулодда фойдали эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Ва яна шуни англадимки, хавфсизлик тизимлари ишга солиниши ва реакторлар ҳимоя қобиғи мустаҳкамлиги бошқа пайт ҳам синовдан ўтказилиши эҳтимоли жуда кам. Бироқ улар ҳамиша жанговар шай ҳолатда эканлиги кўнгилни тинчлантиради. Буни қандайдир ваҳимачи-муаллифлар (бундайлар кам эмас) ёзган матнларни ўқиб эмас, балки ўзим кўриб ишонч ҳосил қилганим учун айтяпман.

Доим фитна қўзғовчи сохта таҳлилчиларнинг яна бир фикрини эслаб ўтиш лозим. Улар Ўзбекистондаги АЭСни Россия давлат корпорацияси қураётганига эътибор қаратишмоқда. Барча ишлаб чиқариш цикли (асбоб-ускуналарга хизмат кўрсатишдан тортиб ёқилғини утилизация қилишгача) кадрларимиз ўзлаштирмаяпти, балки бу билан РФдан келган мутахассислар шуғулланяпти, дейишмоқда улар. Гўёки бу энергетика тармоғи мустақиллигини бошқа мамлакатга боғлаб қўяр экан.

“Manʼo” тадқиқот маркази директори Бахтиёр Эргашев бу борада “паранойя” (шубҳа-гумон ёки ишончсизлик)га берилмасликни тавсия қилади. Унинг сўзларига кўра, “Росатом” давлат корпорацияси эндигина “атом клуби”га қўшилаётган кўплаб давлатларда АЭС қурган ва бундан кейин ҳам қуради. Уларда худди Ўзбекистондаги каби ҳозирча ўз мутахассислари йўқ. “Росатом” эса шартномалар доирасида маҳаллий кадрларни тайёрлаб бериш мажбуриятини ҳам ўз зиммасига олган. Натижада келгусида улар АЭСдан фойдаланиш лаёқатига эга бўлади. Бинобарин, бу мамлакатлар бироз вақт энергетика қувватларининг бир қисмини бошқа мамлакат мутахассислари бошқаришидан қўрқишмайди. Зеро, илгари бундай объекти бўлмаган давлатларга АЭС қураётган компаниялар доим шундай амалиётни қўллаб келишган.

"Аксинча, атом энергетикаси нафақат иқтисодиёт, саноатни жадаллаштиради. Балки бу алоҳида клуб, билимлар индустриясидир", деб ҳисоблайди болгариялик радиоэкология бўйича эксперт, техника фанлари доктори Янко Янев. Шундай экан, бу ерда барча билимлар, цивилизация ютуқлари йиғилади. Ўзбекистон, шубҳасиз, ушбу клубга қўшилишдан фақат ютади.

Руслан КЕНЖАЕВ

(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019