Мосуд МАННАН: “Бобурнинг невараси Акбар ҳукмронлиги даврида амалга киритилган Бенгаль тақвимидан ҳамон Бангладешда фойдаланиб келинади”

15:46 30 Август 2018 Сиёсат
100 0

Мосуд МАННАН, Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Бангладеш ва Ўзбекистонни кўплаб халқаро масалаларда нафақат якдил фикрлар ва позициялар, балки маданиятлар умумийлиги бирлаштириб туради. Бизда худди сиздаги каби Бобурийлар сулоласи вакилларининг цивилизациялар ривожига қўшган ҳиссаси чуқур ҳурмат билан тилга олинади ва қадрланади. Бобурнинг невараси Акбар ҳукмронлиги даврида амалга киритилган Бенгаль тақвимидан ҳамон Бангладешда фойдаланиб келинади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатдаги улкан ўзгаришларнинг ўзига хос “йўл харитаси”га айланди. Ўзбекистон раҳбари “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида давлат ҳокимияти олдига ­халққа яқин бўлиш вазифасини қўйди.

Бу борада иқтисодий тараққиёт, ижтимоий соҳани такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур ишлар марказида эса замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадрлар туриши лозим. Таълим тизимидаги туб ўзгаришлар ҳам айнан шунга йўналтирилгандир. Ўйлашимча, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва халқ билан яқинлашиш Ҳаракатлар стратегиясининг асосий концепциясига айланди. Ривожланиш ва ўсиш таш­қи сиёсат фаоллашувига ҳам турт­ки берди. Ўзбекистон, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни устувор йўналиш сифатида белгилаб олди. Юқори даражадаги ўзаро ташрифлар, Марказий Осиё республикалари ўртасида ҳамкорликнинг ривожланиши, ўзаро товар айланмасининг сезиларли даражада ўсиши минтақани хавфсизлик ва барқарор тараққиёт ҳудудига айлантиришдек муҳим вазифани босқичма-босқич амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Бангладеш ҳукумати ва халқи номидан ўзбекистонликларни Мустақиллик куни билан қутлайман. Мамлакатингизга, республиканинг ҳар бир фуқаросига фаровонлик ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман. Дипломатик алоқаларимизнинг бошиданоқ ўртамизда ҳамфикр­лиликка асосланган мустаҳкам ­ҳамкорлик йўлга қўйилди. Чин дилдан ишонаманки, қардошлик алоқаларимиз асрлардан асрларга давом ­этади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар