Москва шаҳрида «Қарши Савдо уйи» иш бошлади

11:45 30 Июль 2018 Иқтисодиёт
165 0
Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 26 июль куни Москва шаҳрининг «4 сезона» бозорида «Қарши Савдо уйи»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги делегацияси аъзоларининг Москва шаҳри ва Самара вилояти, Толятти шаҳарлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини ўрнатиш мақсадида жорий йил апрел ойида Россияга сафари давомида Россия Федерациясининг Толятти шаҳар округида фаолият юритаётган трансфарматор ишлаб чиқарувчи ООО «Толяттинский Трансформатор» ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ООО «СлаСти» корхоналари билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича ўзаро келишувларга эришилган эди.

Ушбу келишув асосида савдо-иқтисодий алоқаларни амалда йўлга қўйиш ва давомийлигини таъминлаш мақсадида Толятти шаҳар округи ҳокимлиги делегация аъзолари Қарши шаҳрига ташриф буюрди. Амалга оширилган хизмат сафарлари натижасида мазкур корхоналар билан ҳамкорликда Москва шаҳрининг «4 сезона» бозорида «Қарши Савдо уйи» очилди. Шунингдек, ўзаро делегациялар алмашинуви натижасида Қарши шаҳрида 3 та қўшма корхона ташкил этилди.

Хусусан, Москва шаҳридаги ООО «Агровосток» ва Қарши шаҳридаги «Шуртан агро транс» МЧЖ билан ҳамкорликда 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига қишлоқ хўжалиги техникаларини олиб келиб сотиш ва ижарага бериш бўйича МЧЖ шаклидаги «Вирго транс» қўшма корхонаси, Москва шаҳри ООО «Фасадсервис» ва Қарши шаҳрининг «Булут-С» МЧЖ билан ҳамкорликда 150 минг доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига қурилиш ишлари ва бошқа кўп тармоқли ишлар бажариш бўйича «Булут-С» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ҳамда Москва шаҳридаги ООО «Виктор» ва Қарши шаҳрининг «Булут-С» МЧЖ билан ҳамкорликда 150 минг доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш ишлари ва бошқа кўп тармоқли ишлар бажариш бўйича ”Булут-С” МЧЖ шаклидаги жами умумий қиймати 400 минг долларлик қўшма корхоналар ташкил этилди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар