Мониторинг натижалари Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш бўйича ижобий натижа кўрсатаётганини намоён қилди

23:54 28 Март 2019 Жамият
550 0

2019 йил 19 — 22 март кунлари Ўзбекистон делегацияси Париж шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режасининг 20-мониторинг учрашувида ҳамда ИҲРТ Тармоғи бошқарув гуруҳининг 24-мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда “Халқ сўзи ONLINE” сайтига Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова хабар берди.

Маълумот учун, Истанбул ҳаракатлар режаси 2003 йили Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Россия, Тожикистон ва Украина томонидан имзоланган, кейинчалик унга Қирғизистон (2003 й.), Қозоғистон (2004 й.), Ўзбекистон (2010 й.) ва Мўғулистон (2014 й.) давлатлари қўшилган.

Мониторинг учрашувида мониторингнинг 4-раунди якунлари юзасидан Ўзбекистон ҳисоботининг якуний муҳокамаси ва уни қабул қилиш жараёни бўлиб ўтди, шунингдек аъзо давлатларнинг тавсияларни бажаришдаги ютуқларига оид ҳисоботлари муҳокама қилинди.

Тадбирларда Истанбул ҳаракатлар режасининг иштирокчи давлатлари, ИҲРТ тармоғига аъзо давлатлар, Европа иттифоқи, Европа Кенгаши, Жаҳон банки, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, БМТТД, ГРЕКО, Transparency International ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Мониторинг юзасидан Ўзбекистон маърузасининг муҳокамаси ва қабул қилиш жараёни икки босқичли ялпи мажлис кўринишида ҳамда учрашув иштирокчилари, хусусан, халқаро ва нодавлат ташкилотлар вакиллари учун очиқ тарзда ташкил этилди.

Маъруза муҳокамаси давомида халқаро экспертлар томонидан ҳисоботнинг тегишли қисмлари бўйича тақдимот шаклидаги қисқача якуний хулосалар тақдим қилинди ва унда Ўзбекистон эришган ютуқларга ижобий баҳо берилди.

Муҳокамалар якунида мониторинг ҳисоботи, шу жумладан, рейтинглар ва 47 та янги тавсия тасдиқланди.

Хусусан, мониторинг натижасига кўра, Ўзбекистон барча тавсия (жами 21 та) бўйича прогресс мавжудлиги рейтингига эришди, шундан 3 та тавсия тўлиқ бажарилган, 8 таси деярли бажарилган, 10 тасининг қисман бажарилишига эришилган. Таъкидлаш жоизки, тавсияларнинг бирортаси бўйича “бажарилмаганлик” салбий рейтинги қўйилмади, бу эса Ўзбекистоннинг Истанбул ҳаракатлар режасидаги энг яхши натижасидир.

Ҳисобот тасдиқлангандан сўнг Котибият томонидан Ўзбекистоннинг мониторинги натижалари тақдимотини ўтказиш мақсадида ИҲРТ Котибиятининг Ўзбекистонга режалаштираётган ташрифи бўйича маълумот берилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019