Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари. Унга мослашиш йўлида қандай чора-тадбирлар кўзда тутилган?

18:20 13 Май 2020 Иқтисодиёт
458 0

Ишлаб чиқариш субъектлари, ташкилотлар фаолияти самарадорлиги, умуман, иқтисодиёт ривожида молиявий ҳисоботларнинг ўзига хос ўрни бор. Шу маънода, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 февралда “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилиниши ва унга биноан, 18 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқлангани юртимизда ушбу йўналишда ҳам жиддий ишларга қўл урилаётганидан далолат беради. 
Бу — оқилона йўл. Бинобарин, биз халқаро доирага, жаҳон бозорига интилаётган эканмиз, фаолиятимиз ҳам халқаро стандартларга мос бўлиши лозим.

Таклиф талабга уйғун эмасди

Анъанавий миллий ҳисобчилик тизимининг бугунги ҳолати хусусида фикр юритишдан олдин шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда бошқа давлатлардаги каби бизнес субъектларида ҳисоб хизматларининг аниқ тартиб-таомиллари шакллантирилган. Бу жараён Ўзбекистон ­Республикасининг 1996 йил 30 августдаги “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинса, кейинчалик қабул қилинган бошқа ҳужжатлар орқали миллий ҳисобчилигимиз бирмунча такомиллаштирилди. Аммо ушбу ўзгаришларга қарамасдан бизнес субъектлари бошқаруви, бир томондан, фаолиятни ривож­лантириш ва молиялаштиришда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишдаги функционаллиги ўз қобиғидан нарига ўта олмаганликлари билан изоҳланса, бошқа томондан, сезиларли харажатлар эвазига аниқланган ишлаб чиқариш ва сотиш ­харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларига дахлдор маълумотлар базаси ташқи қизиқувчилар талабларига ҳам ­шаклан, ҳам мазмунан мос эмасди. Бу эса уларнинг эътиборидан четда қолишига асосий омил бўлиб келаётганди. Ваҳоланки, ҳар қандай бизнес аниқлик ва шаффофлик ­таъминланган жойда равнақ топади.

Айтиш керакки, бугунги кунда иқтисодиётнинг турли соҳаларида ярим миллионга яқин корхона ва ташкилотларда ушбу хизмат тури йўлга қўйилиб, ҳисобдорлик юритиб келинмоқда. Бироқ бир хилдаги иқтисодиётнинг қонун-қоидалари асосида ишлаётган икки хил жабҳа (миллий ва халқаро) ҳисоб тизимини таққослашдаги оралиқ масофа борган сари кенгайиб кетмоқда. Буни ўтган даврда амалга оширилган ишлар қадр-қимматини эътироф қилган ҳолда, қайд этиш ўринлики, иқтисодиёт очиқланмаганлиги, эришилган натижадорлик халқаро майдонда намоён этилмаганлиги, яъни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этишнинг амалдаги анъанавий тартибида халқаро майдонда расмий тан олинган ­талаблар эмас, балки кўпроқ миллий иқтисодиётнинг устуворлиги юқори қўйилганлиги билан изоҳласак тўғри бўлади. Бугунги кунда эса муҳит тубдан ўзгарди. Ўзбекистон ташқи дунёга тўлиқ очилди. Шу ­маънода, эндиликда бухгалтерия ва аудит соҳаси мутахассислари олдига ҳисобдорликни янги дунё муносабатлари тизимига мос ҳолда йўлга қўйиш вазифаси юкланмоқда. Бунинг ечими эса оддий эмас. Чунки бу борада бир қатор муаммолар мавжуд. Аввало, бизнес субъектлари фаолиятининг реал натижаларини аниқлаш, уларнинг ютуқларини тан олиш, баҳолаш ва очиқлашдаги амалдаги тартиблари ­иқтисодий ресурсларнинг бўлғуси ҳақиқий эгалари манфаатларига мос тушмайди.

Иккинчидан, бизнес субъектлари даромад ва харажатларининг аниқ ўлчанган қийматлари потенциал қизиқувчилар манфаатларига мос тушмайди. Бунда фойданинг аниқлиги, нақдлиги ва сифатини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Учинчидан, молиявий ҳисоботларни тайёрлаш, тақдим этишдаги ўринсиз, ортиқча, қатъий талабларнинг белгилаб қўйилганлиги, шунингдек, бизнес субъектларининг ўз мулклари доирасида аниқ бошқарув қарорларини тайёрлашда ҳисобнинг майда бирликларига қадар қатъий тартибнинг белгилаб қўйилгани бухгалтерия ходимларининг эркин ва касбий тажрибага таянган ҳолда хулоса тайёрлаш ҳамда уларни манфаатдорларга тақдим этиш имкониятини бермайди. Бу бизнес вакиллари реал ҳолатни ўзлари истаган тарзда эмас, улар фойдаланаётган ресурслар эгалари ­истаган тарзда кўради, деганидир.

Тўртинчидан, бизда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш ва ҳисоботни тузиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда ташқи назоратга устунлик берилган. Одатда назоратнинг ички турига кўпроқ аҳамият қаратиш ­талаб этилади. Чунки ички назорат тўғри ва самарали ташкил этилса, ташқи назоратга зарурат қолмаслиги халқаро стандартларнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.

Бешинчидан, бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига қанчалик мослаштирилмасин, агар ахборотлар оқими очиқланмаса, бизнес субъектларининг реал молиявий аҳволи, натижалари ва уларнинг ўзгаришларини аниқ акс ­эттириш имкони бўлмайди.

Янги босқични бошлаб берган муҳим ҳужжат

Президент қарори Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий қилиш ҳамда бухгалтерия соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Шундан келиб чиқиб, бизнес субъект­лари томонидан қўлланилаётган ва юритилаётган бухгалтерия ҳисоби таомилларида халқаро нормаларга номувофиқлик даражасининг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсак. Аввал бизнеснинг реал, потенциал қийматини аниқлашга мулкдорда ҳам, давлатда ҳам қизиқиш бўлмаган. Муваффақиятли битимларга келишишда бизнес ҳисобдорлигининг аудиторлик хулосаси ҳеч қандай таъсирга эга эмас. Ички назоратни йўлга қўйишнинг амалдаги тартиби бошқарув сифатига боғланмаган. Тартибли жамоани шакл­лантиришда кадрлар муаммоси долзарблигича қоляпти. Бу каби ҳолатлар бухгалтерия ҳисобининг халқаро уйғунлашувини, унинг интеграцион жараёнларга тўла мослашувини, глобаллашув жараёнида ахборотларнинг ягона маконини шакллантиришга тўсқинлик қилади, албатта.

Халқаро стандартлар расмий эълон қилинадиган ҳисоботларда бизнес, бош­қарув ва фаолият натижадорлигини объектив ҳамда реал акс эттиришга, бизнеснинг давомийлиги, ривожланиш ва тараққиётнинг муҳим тенденцияларини аниқ кўра билишга имкон беради. Бу эса жалб қилинадиган ташқи инвестициялар ҳажмини оширишга, халқаро алоқалар мус­таҳкамланишига, салоҳиятли харидорлар гуруҳи шаклланишига, умуман, халқаро ­доирада нуфуз ошишига замин яратади.

Манфаатдорлик ортади

Ҳозиргача молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари расмий тўртта — француз, немис, рус ва поляк тилларига таржима қилинган. Айни пайтда эса хитой, япон, португал ва испан тилларига таржима қилиш жараёни кечмоқда. Норасмий тартибда эса 30 дан ортиқ тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Бу эса қарор ижросини таъминлашда қўл келади.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш, корхона ва ташкилотларнинг иқтисодий, мулкий ва молиявий ҳолатини, уларнинг ўтган даврлардаги молиявий натижаларини қиёсий ўрганиш ва объектив баҳолаш орқали келгусидаги ­фаолиятни кенгайтириш, ташқи молиявий манбаларни излаб топиш, халқаро молиявий институтлардан капитал жалб қилиш имконини беради.

Мазкур ислоҳотлар, биринчи навбатда, йирик бизнес субъектларининг МҲХСга ўтишларига қаратилган “Йўл харитаси” бўлиб, уларда анъанавий тарзда амалга ошириб келинган ҳисоб тизими тубдан қайта кўриб чиқилишини назарда тутади. Хусусан, ушбу “Йўл харитаси”да мамлакатимизда фаолият юритаётган акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этишлари, 2021 йил якунидан бошлаб, молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлашлари белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, қарорда 2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида МҲХС бўйича молиявий ҳисобот фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд CIPA — Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер, АССА — Буюк Британия­нинг малакали бухгалтерлар уюшмаси, СРА — Тармоқ орқали ўзаро фойдали ҳамкорлик дастури ва DipIFR — Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом каби сертификатлардан бирига эга бўлган камида уч нафар бухгалтерия хизмати ходими ­билан таъминлашлари лозимлиги алоҳида қайд этилган.

Қарорда аккредитациядан ўтган ўқув марказлари орқали ва соҳага оид ОТМ ўқув дастурлари асосида кадрларни тайёрлаш масаласи юзасидан аниқ топшириқлар берилганлигини ҳам кўриш мумкин.

Ҳужжат, албатта, йиллар давомида шакл­ланиб келган, бухгалтерлар, аудиторларнинг ҳисоб хизматларини йўлга қўйишдаги анъанавий ёндашувлардан тўлиқ воз кечишни талаб қилмайди. Аксинча, бухгалтерлар, аудиторларнинг профессионал тажрибаларига кўпроқ таянишга, эркин бўлишга, яъни ягона қолипдан чиқишга ҳам ундайди. Шу билан бирга, бизнес субъект­ларининг катта қисмини ташкил этадиган кичик бизнес субъектларида бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари амал қилишини инкор этмайди. Яъни улар тўлиқ хўжалик операцияларини, молиявий ҳисоботларни тайёрлашни халқаро стандартларга яқинлаштирилган, мувофиқлаштирилган амалдаги нормалар асосида ­юритишни йўлга қўядилар.

Албатта, ўзларининг молиявий ҳисоботларини МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган бизнес субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича ­молиявий ҳисобот тақдим қилишдан озод этиладилар.

Ўз навбатида, қарор ижросида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ҳал қилиниши лозим бўлган ­муҳим жиҳатлар белгиланади. Тажриба-­синов тариқасида олинган ОТМ (Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Фарғона политехника институти)ларида Бухгалтерия ҳисоби ва Аудит фанлари бўйича педагог ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш жадвалини тасдиқлашлари лозим.

Жадалликни кескин ўзгаришларсиз тасаввур этиб бўлмайди

Қарор ижросини бухгалтерия ҳисоби, аудит, шунингдек, бошқарув соҳаси бўйича олий малакали кадрлар тайёрлаш тизимидаги кескин ўзгаришларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Негаки, ўқув марказлари ва ОТМларнинг амалдаги ҳолати, уларнинг моддий-техник таъминоти, ўқитишнинг интенсивлигини таъминлашдаги салоҳият имкониятлари соҳадаги сиғимийликни ­юмшатиши бирмунча қийин кечади. Шу ­жиҳатдан қатъий белгилаб қўйилдики, 
2021 йилдан бошлаб аккредитациядан ўтган ўқув марказлари лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш бўйича қонунчиликда назарда тутилган талабларга риоя қилиш шарти билан, тегишли лицензия олмасдан МҲХС ҳамда АХС бўйича ўқитиш ва малака ошириш юзасидан лицензияланган фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, барча тажриба-синов олий таълим муассасаларида бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича фанлар фақат халқаро сертификатлаш доирасида МҲХС бўйича молиявий ҳисобот ёки АХС бўйича аудит фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган ўқитувчилар томонидан ўқитилиши белгилаб берилди.

Кадрлар тайёрлаш борасида яна бир муҳим жиҳатга тўғри ёндашилган. У ҳам бўлса, халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорларни олий таълим муассасалари магистратурасининг Бухгалтерия ҳисоби ва Аудит мутахассисликларига ­кириш имтиҳонларини топширмасдан тўлов-контракт асосида кириш ҳуқуқининг берилганлигидир. Бу кадрлар тайёрлашнинг ­узвийлигини таъминлайди.

Шу ўринда айтиш керакки, ўтган вақт мобайнида Тошкент молия институтида бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаси бўйича 15 минг нафардан ортиқ мутахассислар тайёрланди. Улар бугунги кунда иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўз ихтисосликлари бўйича фаолият олиб боришмоқда. 2019/2020 ўқув йилида Тошкент молия институти билан Малайзия ва Беларусь Республикасининг етакчи ОТМлари ҳамкорлигида қўшма факультетлар ташкил этилиб, “3+1” ва “1+1” дастурлари доирасида “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” таълим йўналиши ҳамда муайян магистратура мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилганлиги ҳам эътиборга молик.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш юзасидан тажриба-синов олий таълим муассасаси сифатида белгиланган Тошкент молия институтида қарор асосида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да кўрсатиб ўтилган қатор чора-тадбирларнинг босқичма-босқич ижроси таъминланмоқда. Масалан, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари, Аудитнинг халқаро стандартлари, Тижорат банкларида молия­вий ҳисоботнинг халқаро стандартлари, Бюджет ҳисобининг халқаро стандартлари каби фанлар бўйича ўқув ва ишчи ўқув дастур(силлабус)лари ишлаб чиқилиб, амалдаги ўқув режалари таркибига киритилиб, ўқитилиши йўлга қўйилди. Шунга мос равишда институтда Халқаро бухгалтерия ҳисоби, Аудитнинг халқаро стандарт­лари, Бюджет ҳисобининг халқаро стандартлари ва Тижорат банкларида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари каби фанлардан ўқув адабиётлари яратилди. Бухгалтерия ҳисоби, аудит соҳаси бўйича малакали кадрлар тайёрлашда тўлиқ халқаро тажриба атрофлича ­ўз­лаштирилди.

Хулоса сифатида айтганда, қарорнинг кенг кўламли ва сифатли ижросида кадрлар масаласи асосий масала ҳисобланади. Шундай экан, бизнес субъектларининг халқаро бизнес тиллашувида ўз номидан ахборотлар оқимини барча учун тушунарли ҳамда аниқ шаклларда очиб беришга қодир бўлган бухгалтерия ҳисоби, аудит соҳасининг профессионал маҳоратли, ­шахсий тажрибалар ва интуицияларда ­алданмайдиган кадрларни тайёрлаш ­устуворвазифамиз бўлмоғи керак.

Акром КАРИМОВ, Ислом ҚЎЗИЕВ, Матназар РАҲИМОВ,

Тошкент молия институти профессорлари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?