Молия вазири бюджет даромадлари, ЯИМ ўсиши ва бошқалар ҳақида маълумот берди

12:15 30 Ноябрь 2019 Иқтисодиёт
295 0

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Олий Мажлис Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров 2020-2022 йилларга мўлжалланган Бюджетнома, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилди.

Қайд этилганидек, 2019 йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши йил бошида прогноз қилинган 5,4 фоиз ўрнига 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Жаҳон банки ҳамда Осиё тараққиёт банки баҳолари ҳам шуни тасдиқламоқда.

2019 йил якунларига кўра, Давлат бюджети даромадлари 112 трлн. 600 млрд. сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 42 фоизга ошиши кутилмоқда.

2019 йилдан бошлаб давлат мақсадли жамғармаларга товар айланмасидан олинадиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар бекор қилинди; юридик шахсларнинг мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача камайтирилди; жисмоний шахслар даромади солиғи прогрессив ставкаларини ўрнига ягона 12 фоизли ставка жорий қилинди. Фуқароларнинг 8 фоизли мажбурий суғурта бадали бекор қилинди; ягона ижтимоий тўлов ставкаси хусусий сектор учун 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилди; ягона солиқ тўлови ставкаси фоиздан 4 фоизгача камайтирилди.

Солиқ ставкаларининг пасайиши натижасида жорий йилда давлат бюджети ва пенсия жамғармасининг йўқотишлари 9,4 трлн. сўмни ташкил қилиши керак эди. Бироқ, ишлаб чиқариш ҳажмларининг кенгайиши, тарифларни тўғрилаш (корректировка), пахта, ғалла, ун ва нон нархларининг эркинлаштирилиши ҳамда жорий этилган солиқ ислоҳотлари натижасида қўшимча даромад базаларининг кенгайиши ҳисобига йўқотишлар ўрнини қоплаб, бюджетга тасдиқланган прогнозга нисбатан қўшимча 10 трлн. сўм маблағ ундиришга эришиш мўлжалланмоқда.

Жумладан, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида жорий йил охирига қадар қарийб 6 трлн. сўм қўшимча маблағлар қолиши кутилмоқда (2018 йилда – 5,5 трлн. сўм, 2017 йилда 1 трлн. сўм бўлган).

Натижада давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалар дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Умумий фискал баланс дефицити эса 3,1 фоизни ташкил қилади.

Умумий фискал баланс давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалар балансини яъни 0,9 фоиз, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси дефицити 0,9 фоизни ва Давлат бюджетидан қопланадиган ташқи қарз ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар 7 трлн. сўм бу кутилаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,3 фоизни ҳисобга олган ҳолда давлатнинг умумий бюджет балансини кўрсатувчи кўрсаткичдир.

Иқтисодий соҳада таркибий ислоҳотлар амалга оширилаётган ҳолатда жорий йилда инфляция даражаси нисбатан баланд бўлиши ва 15,5 фоиздан ошмаслиги кутилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019