Мўйноққа қайноқ ҳаёт қайтмоқда

10:32 05 Январь 2019 Жамият
893 0

Архив фото

Қорақалпоғистон келгуси 2-3 йилда бутунлай ўзгариши керак... Энг муҳими, ушбу ишларнинг самараси қорақалпоғистонликлар ҳаётида сезилиши керак.
Шавкат МИРЗИЁЕВ

Яқин ўтмишда энг катта кўл мақомига эга бўлган Орол денгизи бир авлод кўз ўнгида йўқолиб боряпти. Унинг мавжланиб турган сувлари чекина-чекина, денгиз тубида янги саҳро — Оролқум пайдо бўлди. Ҳозирги пайтда у 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллайди. Бу ердан йилига ўртача 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилиб, минтақа давлатлари экологиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кейинги пайтда Оролқум чанг-тўзонлари зарралари Европа мамлакатларига ҳам етиб боргани айтилмоқда. Айниқса, 2018 йилнинг 27 майида ёпирилган туз ёмғири инсоният учун бамисоли бонг қўнғироғи сифатида янгради.

Тўғри, энди денгизни ортга қайтариб бўлмайди. Унинг ҳавзасини сув билан тўлдириш ҳам имконсиз. Лекин глобал муаммо таъсирини юмшатиш, Оролбўйи минтақасида истиқомат қилаётган аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш ўз қўлимизда. Шу боис кейинги пайтда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Хусусан, Оролга энг яқин ҳудудда жойлашган, табиийки, денгиз фожиасидан ҳам энг кўп зарар кўрган Мўйноқ туманида экологик вазиятни барқарорлаштириш устувор вазифалардан бирига айланди.

Дарҳақиқат, Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида экологик хавфсизлик масаласига алоҳида тўхталиб, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида 500 минг гектар ўрмонзор барпо этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. Шу билан бирга, Мўйноқ туманида барча зарур инфратузилмага эга замонавий шаҳарча бунёд этиш вазифаси илгари сурилди.

Президентимизнинг шу каби хайрли ташаббуслари Мўйноққа яна қайноқ ҳаёт сурурини олиб киряпти. Тушкун кайфиятга тушиб қолган аҳоли кўзларида умид учқунларини уйғотмоқда. Чунки йиллар давомида фақат ҳалокат оқибатлари тафсилотларини тинглаб келган одамлар кўз ўнгида амалий ишларга киришилди. Натижада охирги икки йилда мўйноқликларни қийнаб келган муаммолар секин-аста ўз ечимини топа бошлади. Туман аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминлангани, марказий кўчалар таъмирлангани, 20 га яқин кўп хонадонли тураржойлар тубдан реконструкция қилингани, кичик саноат зонаси ташкил этилгани бунга мисол бўла олади.

Энди навбат бостириб келаётган саҳрони тўхтатиш учун яшил “қалқон”лар барпо этишга келди. Устувор режага кўра, жорий йилнинг ўзида ярим миллион гектар майдонда яшил ўрмонзорлар барпо этилади. Ваҳолонки, мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудига тўғри келади.

Денгиз чекиняпти, лекин инсон чекинмайди
Халқаро пресс-клубнинг янги форматдаги сайёр мажлиси шундай номланди: “Орол ва Мўйноқ тақдири: денгиз чекиняпти, лекин инсон чекинмайди”.

Мазкур тадбир иштирокчилари Тошкент шаҳридан қарийб 1,5 минг километр, Нукусдан эса салкам 300 километр олисда жойлашган Мўйноқ туманида жам бўлдилар. Аниқроғи, бу жой денгизнинг 56 метр чуқурликдаги ўрнида бўлган.

90 йиллик тарихга эга Мўйноқ туманининг шаклланиши-ю, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши Орол билан чамбарчас боғлиқ. Яқин-яқингача аҳолининг асосий қисми балиқчилик билан машғул бўлган. Кемаларда денгизнинг ўркач-ўркач тўлқинлари узра сузиб балиқ овланиб, қайта ишланар, консерва маҳсулотлари қўшни ва олис мамлакатларга жўнатилар эди.

Денгиз қуриши оқибатида балиқчилик ва уни қайта ишлаш саноатига ҳам путур етди. Аммо изланса, интилса, янги имкониятлар ўз эшигини очаверади. Масалан, ўтган йили тармоқни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли 4 минг тонна балиқ етиштирилди. Бу кўрсаткични жорий йилда икки баробар ошириш кўзда тутилган. Яна бир хушхабар шуки, замонавий консерва заводига тамал тоши қўйилди. 2019 йилнинг 1 сентябрига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган ушбу корхонада йилига 9 миллионта балиқ консерваси тайёрлаш имконияти юзага келади.

Умуман олганда, жорий йилда Мўйноқ туманида яна кўплаб лойиҳалар амалга оширилади. Шундан 12 таси саноат соҳаси, 5 таси қишлоқ хўжалиги, 14 таси хизмат кўрсатиш жабҳалари ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа объектлари қуриш ва таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Бугун Мўйноқ ҳаётида том маънода янги тарих ёзилмоқда. Унда нафақат туман ёки Оролбўйи аҳолиси, балки бутун мамлакат аҳли ўз ҳиссасини қўшишга чоғланган.

Гап шундаки, яшил ўрмонлар барпо этиш тадбирларига барча ҳудуддан юзлаб ўрмончилар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, шунингдек, 500 дан зиёд техникалар жалб этилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги штаб бошлиғи Фахриддин Иноғомовнинг айтишича, уларнинг ғайрат-шижоати билан ўтган йилнинг 17 декабридан то бугунги кунга қадар қарийб 80 минг гектарда саксовул экилди.

Чўл маликаси, нажот дарахти
Тадбирда яшил “қалқон” ҳосил қилишда нега айнан саксовул уруғлари сепилаётгани тўғрисида савол берилди.

“Чўл маликаси” дея таърифланадиган саксовулни нажот дарахти, дейиш мумкин. Бинобарин, қурғоқчиликка мослашган ушбу наботот намунасининг биохилмахилликни сақлашдаги роли ғоят катта. Гарчи унча баланд ўсмаса-да, унинг тарвақайлаб кетадиган шох-шаббалари чўл ўсимликлари ривожланишида, жониворлари чанг-тўзонлардан ҳимояланишида паноҳ вазифасини ўтайди. Энг асосийси, унинг бир тупи 10 тоннадан 100 тоннагача қум кўчишининг олдини олади. Замин шўрини тортиб олиб, атрофни кислород билан бойитади. Шунинг учун ҳозирги пайтда кунига 15 — 20 тоннагача саксовул уруғлари йиғилиб, экилмоқда. Ўрмончилар янги барпо этилаётган саксовулзорларда шифобахш гиёҳларни етиштириш бўйича инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқишмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайёҳларни кўпроқ жалб этиш мақсадида янги туристик хизматларни жорий қилаётган бўлса, Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик, хусусан, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш саъй-ҳаракатларини бошлаган. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эса умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларилик 18 та инновацион лойиҳани ҳаётга татбиқ қилиш чора-тадбирлари кўриляпти. Бундан ташқари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шу йилнинг ўзида 4 минг кишининг бандлигини таъминлаш, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини 3 миллион гектарга етказиш юзасидан изчил ишларни бошлаб юборган. Мутасаддилар Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, экологик ҳолатини тубдан яхшилашга қаратилган шу каби лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар беришди.

Вазиятга теран нигоҳ билан боқсак, денгиз қайтмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. Лекин денгиз қўйнидаги ҳудудга қайноқ ҳаёт завқини қайтариш у қадар қийин иш эмас. Муҳими, ушбу эзгу мақсад йўлида дастлабки қадамлар ташланди. Унинг самараси яқин йилларда кўзга ташланиши кутилмоқда. Зеро, бугун қадалган саксовуллар, ҳадемай, соя ташлаб, саҳро йўлига ғов бўлади.

Зиновий НОВИЦКИЙ,
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари, фан доктори:

— Ҳаммага ҳам ўзининг илмий ишланмалари меваларини ҳаётга татбиқ қилиш насиб этавермайди. Менда шундай имконият пайдо бўлди. 40 йил давомида олиб борган илмий ишланмаларим бугун ҳаётга жорий этиляпти. Президент олдида ишимизни тақдим қилишим кераклигини айтишганда, қаттиқ ҳаяжонландим.

Юзма-юз учрашган пайтимизда “Муҳтарам Президент, мени кечиринг, ҳаяжонланяпман”, дедим. У кулиб “Ҳаяжонланманг, сўзланг”, деди. Биласизми, бу табассум менга куч, дадиллик берди. Ярим соатдан ортиқ гаплашдик. Президент сўради, мен жавоб бердим. Унинг нигоҳларида қорақалпоқ халқи дардини ўзининг дардидек қабул қилаётганини кўрдим.

“Биз ўн йил ичида қуриб қолган денгиз тубини ўрмонлаштира оламизми?” деб сўради. Шунда мен “Ҳа”, деб жавоб бердим.

Бунинг учун барча асослар, илмий тавсиялар бор. Бугун биз қумларни “кесяпмиз”, экиш ишларини жадаллаштириб, иш ҳажмини оширяпмиз. Бунинг учун авиацияни жалб қилдик. Хуллас, қорақалпоқ халқи ўз заминида муносиб яшаши, бошқалар ҳавас қилишлари учун барча имкониятни ишга солмоқда.

Лойиҳанинг экологик, иқтисодий, ижтимоий аҳамияти катта. Экологик жиҳати нимада? Биринчидан, ўсимликлар, ўз илдизлари билан тупроқни маҳкам ушлаб, дефоляция (бузилиш) жараёнларини тўхтатади, кислород ажратиб, карбонат ангидридни ютади. Бир гектар саксовул 1100 кг. кислород чиқариб, 1050 кг. карбонат ангидридни ютади. Биз маҳаллий аҳоли яшаши учун ўз ўрмонларимиз билан қулай шароит яратиб берамиз.

Қаҳрамон САРИЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси:

— Бугун мўйноқликлар катта тарих бошида турибди. Сабаби, бу ерда яқин келажакда умумий майдони 555 гектарни эгаллаган замонавий шаҳар — Янги Мўйноқ пайдо бўлади. Унинг 55 гектарида янги марказ барпо этилади, 69 та кўп қаватли уй қурилади. Шундан 24 та тўрт қаватли тураржой 2019 йилда фойдаланишга топширилади. Айни пайтда уларнинг 7 тасида қурилиш ишлари олиб бориляпти.

Бундан ташқари, 315 ўринли замонавий махсус инновацион мактаб, 160 ўринли мактабгача таълим муассасаси, Ёшлар маркази, спорт мажмуаси, мусиқа мактаби, маҳалла гузари, туристик объектлар қурилади. Аэропорт тубдан реконструкция қилинади. Буларнинг барчаси туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда айни муддаодир.

Мусо ЕРНИЯЗОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси:

— Президентимизнинг Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ҳамкор давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Мазкур нуфузли халқаро ташкилотнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида “Траст фонди”нинг тузилгани бунга бир мисол. Айни пайтда мазкур жамғармага Япония, Норвегия, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлардан маблағ келиб тушгани диққатга сазовор.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида махсус дастур ишлаб чиқилди. У қиймати 12 триллион сўмлик 976 та лойиҳани қамраб олган.

Касаллик ўзагини йўқ қилмасдан туриб, натижага эришиб бўлмагани сингари Оролнинг қуриган тубини ўрмонлаштирмасдан саҳро йўлини тўсолмаймиз. Қумни беркитсак, чанг-тўзонлар қайта-қайта кўтарилишига имкон қолмайди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилаётган яшил ўрмонзорлар бугунги ва келгуси авлодга экологик тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш учун қулай шароит яратади.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019