Мўйноқда «Қўқон боғи»

13:43 05 Апрель 2018 Жамият
655 0
Фото: Sof.uz

Абу Райҳон Беруний инсоний мурувватни ғоят юксак баҳолайди. “Кимки мурувватли бўлса ва у бу ишни ўз ихтиёри билан риоя қилса, у мўл-кўлликка эришмоққа қобилдир”, дейди. Дарҳақиқат, мурувватлилик инсонни поклайди, қалбини безайди, номига улуғлик касб этади, шу фазилати билан эришган даражаси бошқалар кўнглида ҳавас туйғусини уйғотади.

Донишманд Шарқ эришган энг юксак ютуқлардан бири ҳам мурувватдир. Халқимиз ўзининг қиёссиз меҳр-оқибати, оғир дамларда ҳам фақат ўзини, шахсий фароғатини эмас, ён-атрофидагиларни, дўст-ёронни, меҳр-мурувватга муҳтожларни ҳам ўйлаб иш тутиши, уларга саховат кўрсатиши билан донг қозонган. Яқин ўтмишдан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Наврўз таровати кезиб юрган шу кунларда эса ҳар бир оила, маҳалла ҳамда туманда инсоний мурувватнинг янги-янги кўринишларига дуч келамиз. Давлатимиз раҳбарининг “Ҳар бир киши ўз ҳаётидан бугуннинг ўзида рози бўлиб яшаши керак”, деган даъвати кўнгилларда кенг қулоч ёйганига гувоҳ бўламиз.

Наврўзнинг муҳим хусусиятларидан бири кўнгилни поклашдир. Янги боғлар, гулзорлар яратиш, борларини меҳр билан парваришлаш, ариқ-зовурларни тозалаш, ёлғиз, ногиронлиги бўлган шахслар ва беморлардан хабар олиш, бу ишга ёшларни, азиз фарзандларни ҳам жалб этиш нақадар савобли. Шу маънода, элимизнинг ҳашар деб номланган неча минг йиллик маънавий удумига бугун дунёнинг ҳаваси келади, десак, асло муболаға бўлмайди.

— Хизмат тақозоси билан Қорақалпоғистонда тез-тез бўлиб тураман, Орол фожиаси боис бу минтақада юз берган экологик фалокат оқибатларидан хабардорман, — дейди таниқли тилшунос олим, Қўқон давлат педагогика институти доценти Рашидхон Шукуров. — Одамлар қийинчиликларга дош бериб, яхши кунларга умид қилиб, аҳил-иноқ яшаётганларига гувоҳман. Ҳар гал борганимда, яйдоқ, сувсираб ётган бепоён ерларни кўриб, “Қани эди, шу жойлар шароитига мос кўчатлар бўлса-ю, мурувватли одамлар бирлашиб, боғ-роғлар, ўрмонзорлар яратсак”, деб ўйлайман...

Рашидхон ака бу орзусини амалга ошириш учун анча йиллардан бери астойдил ҳаракат қилиб юрарди. Ишни биринчи бўлиб Калифорния теракларидан бошлади. Калифорния ҳамда Хитой тераги, қоратол қаламчалари, бодом, Кан гули ва топинамбур картошкаси, мевали ва манзарали кўчатларни Мўйноққа олиб бориб, тажриба ишларини бошлаб юборди. Бир неча йиллик ҳаракатлар ўз натижасини берди: қаламчалар бўй чўза бошлади. Бу ернинг пўрсилдоқ ерлари олимнинг хаёлини бутунлай банд этган эди. Рашидхон ака Қорақалпоғистонда нафақат кўчат экиш, айни чоғда қорақалпоқ тили билан ҳам шуғулланди. Бу тилдаги қўш унли ҳамда ундошли сўзлар луғатини тузиб чоп эттирди. Лекин кўнглидаги орзу асло сусайгани йўқ. Президентимизнинг ташаббуси билан Мўйноққа ичимлик суви олиб келингани, бу ердаги ҳаёт, турмуш тарзи ўзгараётгани, шаҳар ва туманлар, қишлоқ ҳамда овуллар янгича чирой очаётгани уни янада илҳомлантириб юборди. Бир гуруҳ қўқонлик саховатли кишилар — Мансурхўжа Хўжаев, Иброҳимжон Сулаймонов, Икромжон Абдуллаев, Қодирбек Ортиқов, Бахтиёржон Собиров, Шарифжон Йўлдошев билан маслаҳатлашиб, Мўйноқ туманида Қўқон боғини яратишга бел боғлашди. Бундан ўн кун аввал 15 миллион сўмлик мевали ҳамда манзарали кўчатлар бу ерга олиб келинди. Ушбу ташаббусни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона ҳамда Нукус филиаллари раҳбарлари қўллаб-қувватлашди. 14 март куни Мўйноқ тумани ҳокими Сайловбой Дониёров билан биргаликда дастлабки кўчатлар икки гектарлик бўлажак боғ ерига экилди.

Элимиз саховатли кишиларга бой. Хайрли ишга ҳисса қўшиш улуғ фазилат. Қани эди, Рашидхон аканинг бу ташаббуси мамлакат бўйлаб ёйилса-ю, Қорақалпоғистонда Қўқон, Марғилон, Риштон, Наманган, Тўрақўрғон, Андижон, Шаҳрихон боғлари ҳам бунёд этилса...
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар