Бош вазир ўринбосари Каттақўрғондаги воқеага муносабат билдирди

17:37 05 Июль 2018 Жамият
1588 1
Фото: econet.ru

Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева 4 июль куни интернет тармоқларида тарқалган Каттақўрғон милиция бўлимида аёлнинг ечинтирилиб таҳқирлангани билан боғлиқ воқеага ўз муносабатини билдириб ўтди.

“Самарқандлик аёл билан бўлган воқеа — бу албатта, ҳеч қайси одоб ва аҳлоқ қоидаларига тўғри келмайди. Аввало гап шу “эркак” тарбиясининг даражаси тўғрисида бўлиши керак.

Бу ҳолат мутлақо ички ишлар идоралари фаолиятига дахлдор эмас, аксинча, бу нуфузли вазирлик ўз сафларини нопок, қўпол ходимлардан тозалаяпти.

Республика хотин-қизлар қўмитаси аёллар билан, у қандай хато қилиб қўйганидан қатъий назар, бундай муносабатда бўлишга мутлақо қарши! Биз барча аёлларимизни ҳимоя қилиш борасида ўз фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Ҳозирги кунда оилада, меҳнат жамоасида, кўча-куйда аёл зўравонлик қурбони бўлса, биз албатта уни ҳимоя қиламиз.

Бу борада ҳар бир туманларимиз ва шаҳарларда аёлларга ёрдам берадиган марказлар ташкил қилинмоқда, шу билан бирга зўравонликнинг олдини олишга қаратилган махсус қонун яратилиши устидан ҳам иш олиб борилмоқда.

Мазкур воқеа барча хотин-қизларимизнинг нафратини уйғотди, буни ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамалар кўрсатмоқда.

Биз Бош прокуратура томонидан қўзғатилган тергов иши якунларини кутамиз ва шу аёлнинг муаммоси билан албатта шуғулланамиз”, деб ёзган Бош вазир ўринбосари ўзининг саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 2018 йил 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили, аёлни таҳқирлаган С. Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.


Изоҳлар


Admin

Мамлакатимизда аёллар қадр- қиммати уларнинг шаъни, жамиятда тутган ўрнини юксалтириш борасида шахсан Президентимиз раҳнамолигида катта ишлар олиб борилаётган бир пайитда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан бу каби жирканч ишнинг амалга оширилиши шармандали ва тоқат қилиб бўлмас ҳолдир. Бу шахсан президентга, давлат сиёсатига бўлган хиёнат! Ҳеч қандай важ билан мазкур ҳолатни оқлаб бўлмайди. Мана шундай ходимларнинг мавжудлиги бутун тизм шаънига иснотдир. Вазирлик фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолининг ходимларга бўлган муносабатини яхши томонга ўзгартириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга ошишига жойлардаги мана шундай ходимлар ҳалақит беряпти. Вазирлик бундай ходимлардан тезроқ қутилиб, шахсий таркиб маънавиятини юксалтириш борасида кескин чоралар кўрмаса бундан ҳам кўра шармандали, жирканч ҳолатлар юз беришда давом этаверади.

18:3105.07.2018

Кўп ўқилганлар