Мисрлик экспертлар: «Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланишлар дунё сиёсий манзарасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда»

09:38 11 Январь 2019 Сиёсат
576 0

Иллюстратив фото

Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар жараёнига хорижлик эксперт-таҳлил доиралари катта қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, ташқи сиёсатдаги прагматик ёндашув, яъни Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан дўстона ва мустаҳкам муносабат ўрнатиши, тараққий этган давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилиши, халқаро майдонда муҳим ташаббусларни илгари суриши бу жараёнда алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бугун мисрлик экспертларнинг Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари билан танишасиз.

Аҳмад ТАЙЙИБ, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Ал-Азҳар Уламолар кенгаши раиси:

— Ўзбекистонга ташрифим чоғида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатдаги кенг кўламли янгиланишларга гувоҳ бўлдим. Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқалар узоқ тарихга эга. Мамлакатларимизнинг ҳамкорлик муносабатлари бугун янги куч ҳамда ўзаро ишонч асосида жадал ривожланиб бораётганидан мамнунмиз.

Мовароуннаҳрнинг буюк аллома фарзандлари Имом Мотуридий, Ибн Сино ва бошқаларнинг бой маънавий мероси нафақат тарих учун, балки бугунги тараққий этган ҳаётимиз учун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга. Биз бу бебаҳо мероснинг ал-Азҳар университети талабаларига ўргатилишига катта эътибор қаратамиз.

Бугунги кунда мусулмон дунёси экстремизм, мутаассиблик сингари зарарли таъсирлардан азият чекмоқда. Энг ачинарлиси, ёт ғоялар ёшларнинг онги ва дунёқарашига таъсир ўтказяпти. Биз Ал-Азҳар мажмуаси фаолиятида ушбу таҳдидларга қарши курашишга устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Ўзбекистон халқи беназир алломаларнинг авлодлари сифатида бу каби иллатларга сабот билан қарши туришга қодир.

Ўзаро учрашувларимиз мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очмоқда. Ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчиларнинг Ал-Азҳар университетида таҳсил олиши, мутахассисларнинг малака ошириши, ҳамкорликда конференциялар ташкил этишимиз бунинг яққол исботидир.

Воҳид АБДУЛМАЖИД, Ал-Аҳром стратегик ва сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари:

— Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида муҳим геосиёсий аҳамиятга эга давлат ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатда рўй бераётган туб ўзгаришлар, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги янгиланишлар нафақат минтақа ҳаётига, балки дунё сиёсий манзарасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги стратегияси ўз самарасини беряпти.

Миср ва Ўзбекистон Президентларининг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамияти билан тенг ҳуқуқли алоқаларни ривожлантириш, фаол инвестиция сиёсатини юритишга бўлган кучли иродаси мамлакатларимизнинг эзгу мақсадлари муштарак эканлигини кўрсатади.

Ийҳаб ҲАСАН, “Mass-International” сайёҳлик фирмаси маслаҳатчиси:

— Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар мамлакатнинг жадал суръатлар билан ривожланиб бораётганини кўрсатади. Ўзбекистон ва Миср сайёҳлик соҳасида катта салоҳиятга эга. Айни вақтда биз Мисрдан Ўзбекистонга, Ўзбекистондан Мисрга сайёҳлар оқимини кўпайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун кейинги пайтда жуда катта ташаббуслар қилинаётганидан хабардорман. Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз чиқишларида доимо мамлакатнинг туристик жозибадорлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтади.

Юртингиз 2019 йилда хорижлик сайёҳлар сонини 7 миллионга етказишни кўзлаган. Бу мақсадга эришиш осон иш эмас. Бироқ мавжуд имкониятлар ишга солинса, кўзланган марралар, албатта, қўлга киритилади.

Ўзбекистонда янги-янги меҳмонхоналар қурилаётганига гувоҳ бўлдим. Яратилаётган имкониятлар нафақат Мисрдан, балки бутун дунёдан, Европа ва бошқа минтақалардан сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилади. Ўзбекистонда маданий ёдгорликлар жуда кўп. Бу диёр дунёга кўплаб забардаст уламолар, мутафаккирларни етиштириб бергани ҳамиша ёдимизда туради.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Сисининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқди.

Абдураҳмон ХАМИСИЙ, ёзувчи:

— Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президентлигига сайланганидан кейин мамлакатда амалга оширилган хайрли ишларни алоҳида қайд этмоқчиман.

Ислоҳотлар, биринчи нав­батда, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилди. Ушбу ташаббуслар марказида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, уларни моддий рағбатлантириш мақсади турибди.

Ўзбекистонда ёшлар бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган йирик Давлат дастури мамлакатнинг алоҳида ижтимоий қатлами ҳаётидаги ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантиради.

Халқаро кузатувчи сифатида турли анжуманларда кўп марта иштирок этганман. Ҳар сафар Ўзбекистонга ташриф буюрсам, жуда катта таассуротлар билан қайтаман. Ўзбекистон халқи турли миллат ва элатлардан иборат бўлишига қарамай, аҳил-иноқ ҳаёт кечиради. Бирорта инсон бошқасидан унинг дини ёки эътиқоди ҳақида сўрамайди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси БМТнинг бош тамойилларидан бири бўлган турли миллат ҳамда дин вакиллари ўртасида айирмачиликка йўл қўймаслик тамойилига тўла мос келади.

Ўзбекистон тарихан Шарқ ва ўарбни боғловчи муҳим ҳалқа вазифасини бажариб келган. Бу ҳудуд ислом динидан илгари ҳам буддавийлик, зардуштийлик каби динларга макон бўлган. Айниқса, Ислом тамаддуни бу ўлкада катта маънавий ҳосила берган. Ўзбекистон ­минглаб диний ва дунёвий илмлар билимдонлари, мутафаккирларни тарбиялаган илм минораси вазифасини бажарган. Бугунги кунда Ўзбекистон исломнинг асл қадриятларини ҳимоя қилувчи, турли дин ва эътиқод вакилларини бирдамликка чақирувчи мустаҳкам қўрғон сифатида намоён бўлмоқда.

Мен Ўзбекистонда мусулмонлар, христианлар, яҳудийлар ва бошқа дин вакиллари тинчлик ва осойишталикда яшаётганини ўз кўзим билан кўрганман.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ («Халқ сўзи») тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019