«Мисли кўрилмаган ва кутилмаган қарор»

11:45 09 Май 2018 Жамият
1016 0
Фото: amerikaovozi.com

Халқаро ташкилотлар, экспертлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги натижаларга ана шундай баҳо беришмоқда.

Куни кеча жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Бобомурод Абдуллаев, Равшан Салаев, Шавкат Оллоёров ва Ҳаётхон Насреддиновга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди. Суднинг барча мажлисида нафақат маҳаллий, балки хорижлик журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ҳеч қандай тўсиқларсиз қатнашиб, жараённи ошкора ҳамда холис кузатиб борди. Ўз навбатида, воқеалар ривожи Ўзбекистон ва чет эл оммавий ахборот воситалари, интернет сайтларида батафсил ёритилди, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Бинобарин, суд иши демократик қонунлар ҳамда инсонпарварлик принципига қатъий риоя этилган ҳолда ниҳоясига етди. Жумладан, суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ кўриб чиққан ҳолда, Б. Абдуллаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми “б” бандида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топди ҳамда Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллади. Яъни унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, Б. Абдуллаев ҳибсда 221 кун сақлангани эътиборга олинди. Қолганлар эса бу борада айбсиз, деб топилиб, оқланди. Судланувчиларнинг барчаси суд залидан озодликка чиқарилди.

Шу кунларда хорижлик экспертлар, халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари мазкур суд процессида очиқлик ҳамда адолат тамойиллари таъминлангани ҳақида фикр билдиришар экан, бу Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча жабҳа қатори суд, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда қонун устуворлигини қарор топтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси эканлигини айтишмоқда.

Хусусан, Швециядаги Фуқаро эркинликлари ҳимоячилари ташкилоти, Франциядаги Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Бельгиядаги Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик ташкилоти Б. Абдуллаев ва унинг шериклари озод этилганини олқишлаган ҳамда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотлар жадаллашаверишига умид билдирган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Ҳарлем Десир ҳам бу жуда муҳим ҳодиса эканлигини баён қилган.

“Amnesty International” ташкилоти суднинг Бобомурод Абдуллаевни озод этиш қарори ўзбек журналистларига умид беришини таъкидлаган.

“Америка овози” телерадиоси шарҳловчиси Навбаҳор Имамованинг ёзишича, АҚШ ҳамда Европа иттифоқидаги халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Ўзбекистонда конституциявий тузумга қарши жиноятларда айбланган икки журналист ва икки тадбиркор суд залидан озод қилинганини “тарихий воқеа”, дея баҳоламоқда. Суд жараёнининг бошиданоқ очиқ кечгани, айбланувчилар диққат билан тинглангани, буларни Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам ёритгани, масала ижтимоий тармоқларда ҳамда жамоатчилик орасида кенг муҳокама этилгани ўтган бир ярим йил мобайнида Ўзбекистонда олиб борилган изчил ислоҳотлар самараси сифатида қабул қилинаяпти.

Ўзбекистонда деярли чорак аср мобайнида конституциявий тузумга қарши ҳаракатда айбланган инсонлар аксарият ҳолларда оғир жазоларга маҳкум этилгани, маҳкама ёпиқ кечиб, жараён билан боғлиқ саволлар жавобсиз қолгани, айблов асоссиз экани ҳақидаги иддаолар тингланмагани, апелляция тартибида кўриб чиқилганида ҳам ҳукм ўзгармаганини ҳисобга олсак, Б. Абдуллаев ва унинг шериклари иши озодлик билан якун топгани кутилмаган янгиликдир.

Тошкентда ҳамманинг эътиборида турган жиноий иш ижобий якун топгани Шавкат Мирзиёевни ўарб назарида реал ислоҳотлар қилаётган ва мамлакатини янги йўлдан олиб бораётган раҳбар сифатида кўрсатади.

Ўзбекистон яқинда АҚШнинг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги йиллик ҳисоботида тарихда илк бор ижобий ўзгаришлар юз бераётган давлат сифатида тилга олинди.

“Human Rights Watch” халқаро ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Стив Свердлов судланувчиларнинг озод этилишини “Мисли кўрилмаган ва кутилмаган қарор”, деб баҳолади.

С. Свердлов бундан аввалроқ “Америка овози”га берган интервьюсида бу суд иши бутун Ўзбекистон жамияти учун муҳим бир синовлигини таъкидлаб ўтганди. У маҳаллий интернет нашрлари нозик масалалар муҳокама қилинаётган мазкур жараённи кузатиб, уни ёритаётгани таҳсинга сазоворлигини қайд этиб ўтди: “Айбланувчиларнинг гапларини бемалол эшитаяпмиз. Йиллар олдин биз бундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз, деб хаёлга ҳам келтирмаган эдик. Очиқ суд, очиқ муҳокама. Қийноқлар ҳақида ҳам очиқ гаплар янгради”.

С. Свердлов Ўзбекистон ҳукумати ҳамда “HRW” ўртасидаги мулоқот кенгайгани ва чуқурлашганига ҳам урғу берган: “Танқидимизни эшитишаяпти. Фикр алмашаяпмиз. Бир-биримизни тинглаяпмиз. Очиқ тадбирлар ўтказиш, уларда танқидий материаллари билан танилган фаоллар ҳамда журналистлар қатнашиши учун шароит зарурлиги ҳақида гаплашмоқдамиз. Ҳуқуқбузарлик, қонунбузарлик ҳоллари тўғрисида эркин мулоқот қилиш учун замин яратилиши кутилмоқда. Ислоҳот ўтмишни таҳлил этиб, хатолардан ўрганиш демакдир. Шу боис ҳам ҳозирги мулоқотимиз умид бағишлайди”.

“The Diplomat” онлайн журнали бошқарувчи муҳаррири Катерин Путц ўз нашрида Ўзбекистонда шу каби ишлар билан боғлиқ суд жараёни таниш эканлиги, лекин унинг натижалари кутилмаган бўлганини очиқ тан олган.

“Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига келиши билан Ўзбекистонда умидли ислоҳотларни бошлади, — дейди у. — Бунга ҳуқуқ ҳимоячилари ва минтақавий кузатувчилар қатори мен ҳам — барчамиз Абдуллаев ишида яна бир бор гувоҳ бўлдим”.

Журналист Президент Шавкат Мирзиёев ўз ислоҳотлар дастурини яратишда Ўзбекистон қўшнилари ҳамда халқаро ҳамкорлари билан алоқаларни кенгайтириш, минтақанинг инвестициявий салоҳиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратаётганини қайд этган. Қолаверса, К. Путц мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга ҳам ўз нуқтаи назарини билдириб ўтган: “Бу борада Шавкат Мирзиёев томонидан, шубҳасиз, ижобий қадамлар ташланмоқда. Сиёсий маҳбусларни озод қилиш дейсизми, қийноқларга чек қўйишми ёки мамлакатда “Human Rights Watch” ташкилоти фаолият юритиши учун рухсат бериш ёхуд Б. Абдуллаев ишини кўришда очиқликни таъминлашми — барчасида саъй-ҳаракатлар қатъийлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин”.

С. МАХСУМОВ
тайёрлади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019