Мирзо Улуғбек туманида 124,6 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

10:27 26 Август 2018 Иқтисодиёт
269 0

Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати раиси Н.Йўлдошев, Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Эргашев, сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадлар доирасида барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи юклатилгани таъкидланди.

Президентнинг жорий йил 15 августдаги “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва шаҳар ҳокимлиги зиммасига пойтахтнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш бўйича муҳим топшириқлар берилган эди.

Мажлисда Мирзо Улуғбек тумани бўйича масъул вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлиги раҳбарларининг белгиланган вазифаларни ижро этиш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборотлари тингланди. Ҳудудда 4 та сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 54 маҳалласида уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини ўрганиш натижалари асосида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Улар бандликни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ободонлаштириш ҳамда йўлларни таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, манзилли моддий ёрдам кўрсатиш каби соҳалардир.

Мирзо Улуғбек туманида фаолият кўрсатаётган 15 корхона томонидан 2018 йилда 124,6 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар доирасида 900 иш ўрни яратилади. Жорий йил август ҳолатига кўра, Буюк Британия, Хитой ва Туркия давлатларининг хорижий сармоялар ҳажми 56,8 миллион долларни ташкил қилди. Жумладан, туманда амалга оширилаётган “AKFA FOOD LINE” қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 62 миллион долларга тенгдир.

Жорий йилда ҳудуддаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, бугунга қадар маҳаллалардаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш бўйича 67 фоиз иш бажарилган бўлиб, бу саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Бироқ, шундай бўлса-да, соҳа ходимларининг ўрганишлари давомида Дархон, Юзработ, Мустақиллик ва Лашкарбеги каби маҳаллаларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар борлиги, ушбу муаммога тез фурсатда чора кўриш лозимлиги бўйича соҳа ходимларига зарур топшириқлар берилди.

– Йиғилишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва татбиқ этилаётган “Обод маҳалла” дастури доирасидаги вазифаларни бажариш, ҳудудидаги ижтимоий аҳволни янада яхшилаш борасида зарур вазифалар берилди, – дейди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Акмал Жумабоев. – Жойлардаги тўпланиб қолган муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудни ободонлаштиришни таъминлаш юзасидан тизимли ишлар муҳокама этилди.

Тадбирда янги саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, бўш турган бинолардан унумли фойдаланиш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларидаги муаммолар, ижтимоий соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, тўй-ҳашамлар, оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишнинг депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиниши масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилишни таъминлаш чоралари тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар