Минтақавий мулоқотда янги давр

15:36 11 Июль 2018 Сиёсат
226 0
Фото: zamin.uz

Умумий муаммоларга биргаликда жавоб

22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясини қабул қилди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Бу воқеа нафақат минтақа учун, балки халқаро миқёсда ҳам улкан тарихий аҳамиятга эга. Моҳиятан, резолюциянинг қабул қилиниши аниқ мақсадлар йўлида бирлашган минтақага айланаётган Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётида янги босқични бошлаб берди. 

Ўзбекистон манфаати

Ушбу резолюцияни қабул қилиш ташаббуси илк бор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилганди. Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишида 2017 йил ноябрь ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Марказий Осиё бўйича юқори даражадаги халқаро анжуман ўтказилишини маълум қилиб, унинг якунлари бўйича Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Ҳужжатнинг маъқулланиши расмий Тошкент томонидан олиб борилаётган янгича ташқи сиёсатнинг халқаро миқёсда эътироф этилганини англатади. Бу сиёсат моҳиятида эса Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек,  Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш мақсади ётибди.

Муштарак мақсадлар

Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон мамлакатлари Ўзбекистон ташаббусини олқишлаб, БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясида ҳаммуаллиф сифатида қатнашди. Унда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашга катта ҳисса қўшган ташаббусларни биргалашиб илгари суриш истаги акс этган.

Хусусан, резолюцияда 2018 йил январда, Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилган даврида Хавфсизлик Кенгашида Афғонистон бўйича ташкил қилинган мунозаралар якунлари, шунингдек, Қирғизистонда Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари мунтазам равишда ўтказилаётгани қайд этилди. 2018 йил майда Тожикистонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш муаммолари бўйича ўтказилган халқаро анжуман натижалари таъкидланди. Минтақа республикалари 2018 йилда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси мамлакатлари раҳбарларининг саммитини ўтказиш ғоясини олқишлади. Ҳар йили Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувларини чақириш бўйича Ўзбекистон ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ўз моҳиятига кўра, резолюция Ўрта Осиё мамлакатларининг ҳам умумминтақа муаммоларига, ҳам глобаллашув таҳдидларига бир ёқадан бош чиқариб берган жавоби бўлди. Мазкур республикалар ҳудуднинг бугуни ва келажаги учун масъулиятни елкама-елка туриб зиммасига ола биладиган, халқаро муносабатлар тизимининг мустақил субъектлари сифатидаги ўз ўрнини кучайтирди. 

Марказий Осиё давлатлари хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келиши, геосиёсий рақобатнинг кучайиши, қўшни мамлакатларда қуролли тўқнашувлар авж олиши билан кузатилган икки қутбли дунё тартиботининг қулаши даврида мустақилликка эришдилар. Минтақадаги хавфсизлик масаласи 90-йиллар ва ундан сўнг Марказий Осиё давлатлари дуч келган ички сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий ва бошқа муаммоларнинг оғир юки билан янада мураккаблашди. 

Америкалик эксперт С. Корнеллнинг фикрича, сўнгги 25 йил давомида Ўзбекистон Марказий Осиёда жуда муҳим ўрин тутди. Яъни, аввалбошданоқ, мутаассиблик ва экстремистик ғояларга нисбатан қатъий позицияда турди, бу ғояларнинг минтақада тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган кучли сиёсат олиб борди. 

Марказий Осиё давлатларида сиёсий тизимлар ва давлат ҳокимияти институтлари шаклланди ва мустаҳкамланди, миллий тараққиётнинг ўзига хос моделлари ва концепциялари рўёбга чиқарилмоқда. Халқаро муносабатлар тизимига интеграциялашиб борар экан, бу мамлакатлар ташқи сиёсат олиб бориш бўйича тажриба тўплади ва бу сиёсат глобаллашув шароитида стратегик истиқболларга янгича қарашни, минтақавий ҳамкорликка устунлик беришни талаб қилади.

Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон муаммоларини тадқиқ этиш маркази директори Андрей Казанцевнинг қайд этишича, Ўзбекистон минтақавий зиддиятларни ҳал қилишда жиддий салоҳиятга эга эканини намоён этди. Охирги икки йилда Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда ҳукм сурган барча муаммоларни бир чеккадан бартараф қилиб бормоқда. Шу тариқа, минтақавий даражадаги масалаларни ечиш учун асос қўйилди. 

Ҳозирги пайтда Марказий Осиё давлатлари икки ва кўп томонлама муносабатларда туб ўзгаришларга қатъий хоҳиш билдирмоқда. 

Халқаро ҳамжамият эътирофи

Марказий Осиё бўйича БМТ резолюциясининг қабул қилиниши минтақа тарихида мисли кўрилмаган воқеадир. Чунки уни дунёнинг барча қитъалари — Австралия, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка ва Европанинг деярли барча давлатлари бир овоздан маъқуллади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълумот беришича, мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнидаги маслаҳатлашувларда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилувчи барча етакчи мамлакатлар, хусусан, Россия, ХХР, АҚШ ҳамда ЕИ фаол ва самарали иштирок этди.

Сирасини айтганда, халқаро ҳамжамият Марказий Осиё давлатларининг барқарорлик ва тараққиётнинг энг муҳим омили саналмиш минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлашини намойиш қилди. Бугун Ўрта Осиёдаги осойишталик дунё хавфсизлигининг ажралмас қисми эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Дунёнинг қатор минтақаларида таранглик ва зиддиятлар сақланиб қолаётган бир шароитда минтақавий ҳамкорликнинг стратегик истиқболлари халқаро хавфсизликни таъминлашда ҳаётий аҳамият касб этмоқда. Глобал иқтисодиётда ошиб бораётган мавҳумлик, турғунлик ва номутаносиблик минтақа давлатларидан биргаликда ривожланишга қаратилган умумий лойиҳаларни излаб топиш ва рўёбга чиқариш учун янада яқинроқ, мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қиляпти. Барқарор, изчил ривожланаётган Марказий Осиё давлатларигина халқаро ҳамжамият учун жозибадор, конструктив ва узоқ муддатли ҳамкор бўлиши мумкин. Минтақа ва унинг ташқарисидагилар бу ҳақиқатни аллақачон англаб етдилар. Бу — исбот талаб қилмайдиган қоида! Агар ҳудуд давлатлари бу йўналишда муваффақият қозонса, Марказий Осиё “Евросиёда барқарорлик ва тинчликнинг геосиёсий лабораторияси”га айланиши мумкин.

Ботир ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро 
тадқиқотлар институти директори ўринбосари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар