“Миниатюра томошаси”

12:07 10 Январь 2020 Маданият
668 0

...Сурхондарёда эдик. Сайроб қишлоғига кираверишда, совхоз идораси қошида “Газик”ни тўхтатдим.

– Чойхонасига борайлик, чойхонасига, – деди Саид Аҳмад ака.

– Ҳозир борамиз, – дедим.

Биз Қумқўрғондан келаётган эдик. Кун салқин. Ёмғир тинган эди.

Қарағайлар остидан ўтиб, идорага кирдим. Директор хонасиям очиғу, ҳеч зоғ йўқ.

Номер терадиган гирраги йўқ телефон трубкасини кўтардим.

– Алё, алё-о! – деди коммутатордан.

– Менга Омон ака керак.

– Омон ака йўқ-ку.

Мен қандай гаплашишни билардим.

– Топ! – дедим.

– Ҳозир, ака...

Бир неча дақиқадан кейин трубкадан Омон ака Тошматовнинг овози эшитилди:

– Ким ў-ў?

– Салом алайкум. Мен – Шукур, – дедим.

– Э, Шукурбой? Мундай... бир ёзувчи билан қидириб журипти, деб эшитаман. Жўнатдингизми?

– Йўқ. Мошинада ўтирипти.

– Берман опкелинг! Ҳозир. Эмаса хапа бўламан...

– Хўп.

“Газик”ка қайтдим...

Омон ака Тошматов – тоғдек киши сариқ беқасам чопонда, дарвозаси оғзига чиқиб турган экан.

Мен билан қучоқлашиб кўришаркан:

– Оти нима? – деб сўради.

Кейин у Саид Аҳмад билан қучоқлашиб кўришди. Ичкарига кирдик...

Фотиҳа ўқидик...

– Биз Шукурбойнинг отасини қўлига сув қуйиб жургич эдик... – деб тост айта бошлади Омон ака. – Шўўнда у киши район газетасининг редактири эди. Мана, ота касбини олиб денг, одам бўп қолди. Сиздай ёзувчи акаларини ияртиб журипти. Бунга раҳмат. Лекин раҳматнинг каттаси сизга ака!... – Омон ака менга зимдан қаради. “Саид Аҳмад” деб шивирладим. – Ҳа, раҳмат сизга, Саид Аҳмад ака!

Сўз айтиш гали Саид Аҳмад акага келди.

– Сиз Шукурни яхши билмас экансиз, – деб қолдилар.

– Бу катта ёзувчи бўлиб қолди.

– Ёлғон, – дедим.

– Ҳа, – деди Омон ака.

– Ёзувчи – сиз!.. Биз сизнинг бирашураларингизни кўп ўқиганмиз. Мақола, китап...

– Омон ака яна менга зимдан қаради.

Фалакнинг гардиши-да, телевизорда “Миниатюра томошаси” бошланган, экранда “САИД АҲМАД” ёзуви ёлқинланиб турарди.

Омон акага экранни кўрсатдим. У киши тикилиб қолди. Пичирлаб ўқиди. Кейин ўрнидан ирғиб туриб, ҳар иккала қўлини Саид Аҳмад акага узатди.

– Э, шў миниатюрачи сизми, а? А, мундай тушунтириб айтмайсизларми?.. ака, минатураларингизни кўриб, тоза моз-за қиламиз!

Саид Аҳмад ака хижолатомуз кулимсираб турарди.

–Биласизми, Омон ака,– деди кейин. – ... Мана шу Шукурбойингиз минатураниям қотириб ташлайди. Мана шундай-шундай китоблар ёзаяпти...

–Жўғ-е, – деди Омон ака.

–Э, ишонмайсиз-да!

–Сизга ишонамиз-у...

–Ишонсангиз, шу! Бизни қўйинг... буни ҳурмат қилинг!

–Ҳа, энди, оталарининг қўлиға...

–Э, ўзиям ота бўп қолди!

Ҳозир бунинг шогирдлари ҳам бор... Келинг, шу йигит учун ичайлик.

–Оббо, Шукурбой-е! – деди Омон ака ва пиёлани паққос бўшатди-да, туриб кетди.

–Бир майдон гурунглашиб туринглар.

У киши чиққач:

– Нега ундай дейсиз? – дедим Саид Аҳмад акага.

–Керак, болам, керак, – деди у киши. – ... Лекин мен бу одамнинг китоб ўқимаслигидан хафа бўлмайман. Хўжалик раҳбарларига маълум: вақти йўқ... Лекин қара, қандай кўнгли очиқ одам. Бундай одамлар ҳозир топилавермайди. Буларни қадрла.

–Майли-ю...

Омон ака қайтиб кирди.

–Оббо, бойсунлигим-ей, шўйтиб, ёзувчи бўп кетдик денг? Ўнда-мунда эшитиб жургич эдиг-у... Саид Аҳмад ака, сизларга раҳмат Изларингдан журиб...

–Сизларга раҳмат! – деди Саид Аҳмад ака. – Шундай ёзувчини берганларинг учун!

Мен хўрсиндим.

–Эй, чини билан-а! – деб юборди Омон ака...

–Саид Аҳмад ака, етар, – дедим.

–Жим ўтир! – деб дўқ қилди у киши. – Нима, сал мақтасам, мақтабман-да!

Кейин менга ўйчан тикилди.

–Биласанми, одатда энг яхши ёзувчиларниям фақат юртдошлари қадрламайди: олдингдан оққан сув… у ёғини сўрасанг, мен бу нарсани устозларимдан ўрганганман. Улар менинг боримни, йўғимни яшириб йўлга солган десам бўлади.

–Лекин улар ҳам баъзиларга…

–Ана “ўша”дан сабоқ олишган-да! – яна дўқ қилди Саид Аҳмад ака.– Сен учун ҳам сабоқ бўлсин. Қумқўрғонда бир мақол эшитдим: “Бўлар элнинг боласи бир-бирини ботир дер”. Қандоқ яхши! Ёзиб қўй!..

... Эртаси Бухорода ёзувчи Аҳаджон Ҳасаннинг уйида бўлдик. У киши район раҳбарларидан ҳам чақирган экан. Гап-гуринг орасида райкомнинг биринчи котиби:

–Энди-и, Сайдамат ака, сиз... расказ ёзасиз. Расказчик. Ғафур Ғулом – шоир, – деди.

–Ойбек роман ёзган. Демак, у киши романтик, а?

Мен бошимни хам қилдим.

Саид Аҳмад ака оёғимни босиб қўйиб:

– Жуда тўғри айтдингиз, – деди. – Лекин мана бу Аҳаджон Ҳасанингиз ҳам ёзувчи, ҳам романтик, ҳам шоир!

Давра аҳли Аҳаджон акага ҳайратланиб қаради.

Аҳаджон ака...

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?