Мингбулоқда дастлабки нефть оқими чиқди. Унинг кунлик иш ҳажми қанча бўлади?

10:50 07 Май 2019 Жамият
975 0

Фото: «Халқ сўзи»

Намангандан хушхабар, вилоятнинг Мингбулоқ тумани ҳудудида аниқланган нефть конларини ўзлаштириш бўйича дастлабки амалий натижага эришилди. Бу ерда М-15 қудуғини бурғилашдан сўнг олиб борилаётган бирламчи синов ишлари доирасида биринчи нефть оқими олинди.

Бой захирага эга Мингбулоқ нефть конида ер ости бойликларини ўзлаштириш тадбирлари анча мураккаб бўлиб, бу ишга Хитой Халқ Республикаси CNPC миллий нефть-газ корпорациясининг бой тажрибага эга мутахассислари, илғор технология воситалари жалб қилинган. Лойиҳа ижроси масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Мингбулоқнефть” ўзбек-хитой қўшма корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Кейинги икки йил давомида бу ерда М 15-қудуғини бурғилаш ва бошқа бир қатор лойиҳавий ишлар олиб борилди.

Фото: «Халқ сўзи»

Яқин вақт ичида бу ерда синов ишлари якунидан сўнг нефтни саноат усулида қазиб олишга киришилади. Пировард натижада, бир кеча кундузда 150 тонна нефть ва 100 минг кубометр табиий газ қазиб олиш имконияти юзага келади.

Маълумот учун айтиш керакки, CNPC корпорацияси билан йигирма беш йилга имзоланган мазкур ҳамкорлик лойиҳасининг қиймати 255,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, унинг амал қилиш даврида 1,5 миллион тонна нефть қазиб олиш кўзда тутилган. Айни жараёнда янгидан 4 та разведка қудуқлари ковланиб синовдан ўтказилади, аввал қазилган 4 та қудуқ мукаммал таъмирдан чиқарилади.

CNPC корпорацияси кафолати остидаги хорижий инвестиция ҳисобига рўёбга чиқарилаётган ушбу йирик лойиҳа ижроси мамлакатимизда геологик қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, илғор технологияни қўллаган ҳолда нефть қазиб олишни кўпайтириш, янги иш ўринлари ташкил этишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эгадир.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019