Миллионлаб кўчатлар экилди, аммо...

18:46 12 Сентябр 2018 Жамият
594 0
Фото: "Халқ сўзи"

Ўсимликлар дунёси ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Тадқиқотларга қараганда, бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220 — 275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180 — 215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, тўртта дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради. Ушбу маълумотларни бежиз келтирмадик. Хўш, шундай экан, мамлакатимизда яшил майдонлар яратиш, ўрмонзорларни кенгайтириш, мавжуд яшиллик дунёсини муҳофазалаш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

Мухбирларимиз жойларда бўлиб, ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдилар.

Қоғоздагиси ҳисоб эмас
Ҳар йили баҳор мавсумида мамлакатимиз бўйлаб минглаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Бу яхши анъана, албатта. Аммо уларнинг қарови-чи? Илдизи тутиб кетдими, кўкардими, парваришига кимдир эътибор беряптими? Мана шу жиҳатлар, очиғи, кўпинча эътибордан четда қолиб кетаётгани ҳам айни ҳақиқат. Ваҳолонки, экиш мавсумида қанча техника, ишчи кучи, маблағ сарфланади?! Мақсад яшил ҳудудларни кўпайтиришми ёки шунчаки “Фалон жойга фалонча ниҳол қададик”, дея ҳисоботларни дўндиришми? Агар йиллар давомида экилган кўчатлар вақтида суғорилиб, агротехника талаблари асосида парваришланганда эди, аллақачон юртимизнинг асосий қисми яшилликка бурканган, ўрмонзорларга айланган бўларди. Лекин ундай бўлмади. Қани ўша манзара? Кўклам келганда эса яна янги ниҳоллар экишга зўр берилади...

Келинг, аниқ бир ҳудуд мисолида фикримизни давом эттирсак. Бу йилги Наврўз байрами муносабати билан уюштирилган умумхалқ хайрия ҳашари давомида биргина Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида 98 минг тупдан ортиқ мевали, 376 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилгани ҳақида маълумотлар берилган. Мана, неча йилдирки, бундай жимжимадор ҳисоботлар юқори идораларга юборилади. Аммо ҳар баҳорда такрорланадиган бу эзгу ишларнинг кейинги аҳволи билан на ўша идора, на унинг бирор мутасаддиси қизиқади. Энди ўйлаб кўринг, агар ўтқазилган ниҳолларнинг ярми ундириб олинган тақдирда ҳам воҳада қандай гўзал манзара юзага келарди?

Бироқ бунинг учун раҳбарларда озгина эътибор, бошқаларда эса фидойилик, жонкуярлик етишмаяпти чоғи.

— Бундан 25 йиллар аввал туманимиз марказидаги барча марказий кўчалар ёқасида туман жамоатчилиги ташаббуси ва ҳамжиҳатлигида арча кўчатлари экилганди, — дейди бойсунлик меҳнат фахрийси Қобил Рашидов. — Энг муҳими, меҳр билан парвариш қилинган кўчатлар бир текис униб, баравж ривожланди. Бугун тоғли Бойсунга келган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар яшилликка бурканган ҳудуднинг ўзига хос манзараси, гўзал табиатига беихтиёр таҳсинлар айтишмоқда. Ўз навбатида, кўз ўнгимизда қишин-ёзин яшил манзара касб этадиган арча қаторлари атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга ҳам хизмат қиляпти. Ўйлайманки, бундай эзгу саъй-ҳаракатларни кенг оммалаштириш, яшил майдонлар яратишга ҳар биримиз ҳисса қўшмоғимиз лозим. Айниқса, ёшларимиз ўртасида экологик маданиятни кенг тарғиб қилиш, улар қалбида табиатга нисбатан меҳр уйғотишда биз, катта авлод вакиллари ибрат намунасини кўрсатишимиз керак.

Сурхондарё вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Абдумўмин Раҳмоновнинг айтишича, 6 та ўрмон хўжалиги томонидан 2017 йилда хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолига 222883 туп, жорий йилда эса 282299 туп манзарали, мевали дарахт, шунингдек, бута кўчатлари етказиб берилган.

— Аввало, ҳар бир униб-ўсаётган дарахт, бу — бизнинг умумий бойлигимиз бўлиб, уни ҳимоялашга барчамиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим, — дейди у. — Аксарият ҳолларда турли акция ва тадбирлар уюштирилиб, кўчат экишга бел боғланади-ю, аммо ниҳолнинг тутиб кетиши учун озгина ҳафсала етишмайди. Оқибатда қанчадан-қанча ниҳоллар илдиз отмай, қуриб қолади. Бу — масаланинг бир жиҳати. Шу билан бирга, табиатга, ўсимликлар дунёсига шафқатсизларча муносабат натижасида мавжуд ўрмонзорларга ҳам зиён етказилмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Экмаяпсизми, ҳеч бўлмаса борини кесманг
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 июндаги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилиб, унинг низоми тасдиқланди. Унга кўра, инспекция биоресурслар, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Биоинспекциянинг Сурхондарё вилояти тезкор гуруҳи томонидан жорий йилнинг етти ойи давомида жами 319 маротаба ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ишлар юритилган. Жумладан, ноқонуний дарахт кесилиши ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш юзасидан 276 та маъмурий иш юритилиб,48 миллион 70 минг 773 сўм маъмурий жарималар қўлланилди.

— Дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қарши курашиш мақсадида мунтазам рейдлар ўтказиб келяпмиз, — дейди биоинспекциянинг Сурхондарё вилояти тезкор гуруҳи бош мутахассиси Илҳом Маматмуротов. — Жумладан, Бойсун туманидаги Қизилнавр маҳалласида яшовчи фуқаро Б. Сафаров мурожаати тезкор гуруҳ инспекторлари томонидан ўрганилганда, Бойсун давлат ўрмон хўжалиги ўрмон фонди ер майдонларидан жами 59 туп табиий ҳолда ўсган Зарафшон арчаси таг қисмиданкесилгани, 32 туп табиий ҳолда ўсаётган шундай арчаларнинг ён шохлари шикастлангани аниқланди. Натижада ўсимлик дунёсига етказилган жами 56 миллион 993 минг сўмлик зарар ҳисобланиб, тўпланган текширув ҳужжатлари Бойсун тумани прокуратурасига юборилди. Зотан, бу каби қоидабузарликка вақтида қонуний чора кўриш талаб этилади.

Мутасаддилар нега бефарқ?
Термиз кўчалари бўйлаб кезаркансиз, ҳар қадамда янги иморатлар қурилаётганига кўзингиз тушади. Бироқ бугун деярли қайта қад ростлаётган шаҳарда яшил майдонлар нисбатан қисқариб бормоқда. Кўп йиллик дарахтлар сийраклашиб бораётган аксарият кўча ва хиёбонларда қуёш нуридан паналашга жой йўқ. Пакана дарахтлар соясига бош суқиш, афсуски, бефойда.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари хулосаси асосидагина берилиши мумкин.

Лекин биргина Термизда узоқ йиллик дарахтларнинг аёвсиз кесилишига қайси мутасадди рухсат бераётгани кишини ажаблантиради...

— Бизнинг корхонамиз Президентимизнинг “Автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш ва архитектура ландшафт лойиҳалари тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан ўз фаолиятини бошлади, — дейди “Сурхондарё-йўлкўкалам” унитар корхонаси раҳбари Баҳром Каримов. — Асосий вазифамиз умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларининг замонавий архитектура-бадиий қурилиши ва ландшафт дизайни, манзарали бута, кўчат ва дарахтлар экиш, йўллар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишдан иборатдир. Айни мақсадда жорий йилнинг шу даврига қадар 1 миллиард 284 миллион сўмлик ишлар бажарилди. Хусусан, автомобиль йўллари ёқаларига 25 минг 603 туп дарахт ва бута ҳамда манзарали гул кўчатлари экилиб, ходимларимиз томонидан мунтазам равишда парваришланмоқда.

Бу ҳақда эшитиб қувонасан, киши. Ишқилиб, ушбу ниҳоллар бехато тутиб кетсин.

Фото: "Халқ сўзи"

Икки ярим мингта кўчат қуриб қолди
Бу йилги баҳор мавсумида Термиз шаҳри ҳудудида 8 мингдан ортиқ мевали дарахтлар, 200 минг донадан зиёд турли хил гул кўчатлари экилди. Жумладан, шаҳардаги Мустақиллик ва Хотира майдони, истироҳат боғлари ҳамда Ислом Каримов, Алишер Навоий, Тараққиёт ваБаркамол авлод каби кўчалар ҳудудида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Лекин шунча меҳнат қилинишига қарамасдан жорий мавсумда экилган 2,5 мингдан ортиқ ниҳоллар қуриб қолди.

— Термиз шаҳрининг ноқулай иқлим шароити, яъни кучли шамол, ёзнинг жазирамаси кўчатларнинг илдиз отиб, гуркураб ўсишига салбий таъсир кўрсатмоқда, — дейди Термиз шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусниддин Каримов. — Бу масаланинг бир жиҳати. Қолаверса, шаҳримиздасуғориш тизимининг йўқлиги боис аксарият майдонларни сув ташиб, суғоришга мажбурмиз. Бор-йўғи 6 та сув ташувчи автомашинада шаҳар ҳудудини вақтида суғоришнинг эса асло иложи бўлмаяпти. Натижада ёзнинг иссиғида чанқаган ниҳоллар тезда нобуд бўлмоқда. Бундан ташқари, автомобиль йўллари ёқасидаги минг метргача майдонни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун камида тўрт киши узлуксиз меҳнат қилиши талаб этилади. Демакки, ишчи кучида ҳам етишмовчиликлар мавжуд. Менимча, аввало, шаҳардаги суғориш тизимини яхши йўлга қўйиш, керак бўлса, ҳар бир дарахтни суғурталаб, гуллаб-яшнаб кетиши учун шароит яратсаккина, дарахт ва гул экиш, ободонлаштириш ишларида кўзлаган мақсадга эриша оламиз. Акс ҳолда...

Эссиз, шунча меҳнат, вақт ва маблағ
“...Биргина 2017 йил давомида вилоятда 11,5 миллион тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди...”. “Фуқароларимизнинг ҳар бири 20 тупдан кўчат экиш тадбирларида уюшқоқлик билан ташаббус кўрсатди”. Бу Фарғона вилоятида кўкаламзорлаштириш ва яшил майдонлар муҳофазаси борасида қилинган ишлар ҳисоботидан келтирилган айрим далиллар.

Лекин Фарғона ёки Марғилон кўчаларини пиёда кезар экансиз, йўл четидаги қаровсизликдан қуриб ётган ниҳолларни кўриб, беихтиёр ачинасан, киши. Эссиз шунча меҳнат, вақт ва маблағ... Бир пайтлар Фарғона водийсининг яшиллик рамзига айланган юз йиллик чинорлардан бугун асар ҳам қолмаган. Ободонлаштириш, бунёдкорлик номи остида узоқ йиллик дарахтларга қирон келтирилди.

— Ҳозир Бельгиядан келтирилган 11 мингдан ортиқ кўп йиллик бута ўсимликлари билан бирга, каштан, эман, лола дарахтларини парваришлаяпмиз, — дейди Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Машрабжон Мирхолиқов. — Бу қимматбаҳо кўчатлар тўғридан-тўғри хориждан келтирилганлиги боис иссиқ иқлим шароитимизга мослашиб кетиши қийин бўляпти. Уларни сақлаб қолиш ва кўкариб кетишини таъминлаш учун кўчатларнинг ҳар бирини рақамлаб чиқдик ва ана шу рақамлар ёрдамида 800 га яқин ишчи-ходимлардан иборат гуруҳларни доимий парвариш учун бириктирдик. Айни пайтда қатъий интизом ва эътибор билан ҳаракат қилаётганлигимиз боис кўчатларнинг 85 фоизини сақлаб қолишга эришдик. Бироқ ёз саратони, кутилмаган жазирама барибир бу ноёбдарахтларга ўз таъсириниўтказмай қолмади.

Бағдод туманида жорий йилда 2000 тупдан зиёд терак ва мевали дарахтлардан ташқари 13 миллион сўмлик маблағ эвазига 780 та Қрим арчаси ва манзарали кўчатлар ўтқазилган эди. Бироқ бу манзарали дарахтларнинг ярми кўкармади.

— Қрим арчаси намчил ва мўътадил минтақаларда ўсадиган дарахт, — дейди Бағдод тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Тўйчиев. — Бизнинг иқлим шароитимизга у мутлақо тўғри келмади. Ходимларимиз ёз чилласида унинг тутиб кетиши учун қўлидан нимаики келса, барча чорани кўрди. Масалан, кўчатлар тагидан намни қочирмадик. Танаси устидан сув сепдик. Ҳар бир ниҳолга алоҳида ёндашилди. Лекинбарибир ёз жазирамаси ўз таъсирини кўрсатди...

“Ҳаммаси кўр-кўрона бажарилади”
Яна ҳисоботларга қайтсак. 2017 йилдаФарғона шаҳрида 3465 туп дарахт кўчати ўтқазилган бўлса, 2018 йилда нобуд бўлган манзарали дарахтлар ўрнига 1280 туп кўчат қайта ўтқазилган. 2018 йилнинг 28 март ҳолатига кўра, Фарғона вилоятининг 19 туман ва шаҳрида жами 11 946 туп каштан, Қрим қарағайи, эман, Шарқ туяси, япон софораси, каталпа, заранг, акация, шумтол каби ноёб дарахтлар экилган.

Бундай дарахтларнинг ўтқазилгани ибратли, албатта. Бироқ танганингикки томони бўлганидек, нега ҳар йили яна шунча дарахт экилаверади? Энг қизиғи, бу мақсадлар учун ҳар йили тадбиркорлар, ўқитувчию шифокорлардан ҳомийлик ёрдами сифатида “йиғди-йиғди”лар бошланади. Камига маҳаллий бюджетдан ҳам катта-катта маблағ ажратилади. Лекин бунинг самарасини ҳеч биримиз сезмаяпмиз.

— Эман, каштан, лола дарахтлари шўр ва зах тупроқда умуман тутмайди, — дейди Бағдод туманида яшовчи нафақадаги биология фани ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Ўктамжон Абдубоқиев. — Риштон — Фарғона шаҳри йўналишидаги магистраль йўл ёқасига эса шағалли, қуруқтупроқда унмайдиган Қрим қарағайи экилган. Бу ҳол эса, ҳар қанча парваришга зўр берилмасин, ёзнинг саратонида кўчатларнинг қуриб қолишига сабаб бўлади. Менимча, бу ишларнинг ҳаммаси кўр-кўрона амалга ошириляпти. Шунинг учун, аввало, туман ва шаҳарларда фаолият олиб бораётган ободонлаштириш бошқармаларидакўчатчиликпарваришибилан боғлиқ кадрлар муаммосини ҳал этиш зарур.

Ундирилган жарима зарарни қоплармикан?..
Фарғона вилоятида 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 148 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида 127 юридик ва жисмоний шахсдан умумий қиймати 106 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб олинган.

Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг 2 нафар ходими ва Қўқон шаҳрида яшовчи О. Мелибоев ўзаро тил бириктириб, Фарғона шаҳридаги Фарғона кўчасидан чинор дарахтларини ноқонуний кесиши оқибатида ўсимлик дунёсига 9 миллион 900 минг 126 сўм, Бағдод туманидаги “Саидазим пахта ва ғалла” фермер хўжалиги раҳбари томонидан эса тол дарахтларини кестириш оқибатида1 миллион 231 минг 648 сўм миқдорида зарар етказилганлиги маълум бўлди ва иқтисодий судга ундириш учун даъво киритилди.

* * *

Кўриб турганингиздек, ҳисоботларга ишонадиган бўлсак, мутасадди идоралар ҳам енг шимариб, табиат кушандаларига нисбатан аёвсиз курашмоқда. Лекин уларнинг саъй-ҳаракатлари камдек, назаримизда. Демак, ҳар йили номигагина дарахт экиб, кейин эса уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш “анъанаси”дан воз кечиб, ҳар туп кўчатга эътиборли бўлиш, ўрмон ва дарахтзорларни кенгайтириш орқали тоза ҳаво учун курашиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш, лозим пайтда амалий ёрдам бериш ҳар биримизнинг зиммамиздаги вазифа бўлмоғи лозим. Шундагина кўзланган мақсадга эришилади, юртимиз боғларга бурканади.
Юнус Бўронов, Илҳом Раҳматов, Элёржон Эҳсонов,
“Халқ сўзи” мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар