Миллион ғўза ичра бир Лола

11:06 12 Апрель 2020 Жамият
558 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон “Халқ сўзи” — “Народное слово” газеталари таҳрир ҳайъати аъзоси, доимий муаллифларимиздан бири эди. Қуйида таниқли ижодкорнинг газетамизда чоп этилган мақолаларидан бирини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Севимли адибимизнинг охирати обод бўлсин.

Президент даъватидан руҳланиб

 

Миллион ғўза ичра бир Лола

 

Бундан бир неча ой олдин муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар билан анжуман ўтказганида мамлакатимиздаги, жойлардаги улкан юксалишлар, замонамиз қаҳрамонлари тўғрисида асарлар яратишга адибларимизни даъват этган эди. Бундан ўзгача бир масъулият ҳис этдик. Кўп устозлар ҳикоя, очерк, ҳатто оддий мақола асосида кейинчалик салмоқли асарлар яратгани сингари бу ёзилма ҳам Фарғона ва фарғоналик азамат бунёдкорлар ҳақида битилажак китоб учун бир дебоча бўлса, ажабмас.

 

Алпқадам республикамизга монанд тарзда шиддат билан ривожланиб, кун сайин кўркамлашиб бораётган Фарғона вилоятида Олтиариқнинг ўзига хос ўрни бор. Айниқса, йилига уч марталаб ҳосил олиб ҳам тупроқни “озитмаслик” сирларини мукаммал ўзлаштириб олган, қайси мева, қайси сабзавот учун тумандаги қай бир ҳудуд ерлари мос эканлигини олимлардан яхшироқ билувчи миришкор томорқачиларининг довруғи жуда баланд. Бу омил йил сайин қад ростлаб бораётган фермерчилик учун кўҳна дорилфунун вазифасини ўтаб келаётгани шубҳасиздир.

Биргина пахта билан ғалланинг пулига кўз тикиб ўтирмай, хўжалигини кўп тармоқли қилиб бораётган фермерлар сони тобора ошаётгани қисқа муддатдаёқ ўз самарасини кўз-кўз қилаётир. Ташаббусчи фермерлардан ҳисобланмиш Исоқжон Бойматов ва Икромали Холмуродов бу жабҳада кўп касбдошларига ўрнак бўлмоқда. Ушбу хўжаликларда ҳар қачонгидан мўлроқ пахта ҳосили етиштирилди. Шартнома режалари ошириб бажарилаётгани учун хирмонлар тошиб, ишчиларга бири 62 тонна буғдой, 40 тонна картошкани, иккинчиси 65 тонна буғдой, 20 тонна картошкани қўшимча рағбат сифатида тақсимлаб берди. Ҳар бирида 120 нафар атрофида ишчи бор, уларнинг ўртача ойлик маоши 650-700 минг сўмданни ташкил этяпти.

Исоқжоннинг хўжалигида бу йил 150 тонна узум, 450 тонна сабзавот етиштирилган, бир қисми четга экспорт қилинган, наслли қорамоллардан кунига 650 литрдан зиёд сут соғиб олинаётган, мева-сабзавот сақлаш учун 300 тонналик совутқич омбор қурилган бўлса, Икромалининг хўжалигида 175 тонна узум, 325 тонна сабзавот етиштирилди, уларнинг бир қисми ўзи қурган 400 тонна сиғимли совутқичларга босиб қўйилди, қўйлар сони юзтага, хориждан келтирилган соғин қорамоллар сони 120 бошга етди, кунига 700 литргача сут сотилмоқда, ўрдак-товуқларни кўпайтиришга киришилди. Даромад ортгани сайин ишчиларнинг иссиқ-совуқ маъракаларига кўмак маблағи ажратиш, хайриялар қилиш учун кенг имкон туғилмоқда. Исоқжон маҳаллани ободонлаштиришга кўпроқ эътибор қаратаётган бўлса, Икромали кам таъминланган иккита оилага намунали уйлардан олиб берди.

Ютуққа эришмоқнинг иккитагина асосий синоати бор, бири — ишнинг кўзини билиш, иккинчиси — ғайрат. Ўн тўрт ёшдан мироблик қилишни бошлаб, пенсияга чиққунга қадар Катта Фарғона канали тармоғида хизмат қилиб келган, ҳозир шу канал ёқасида катта боғ яратиб,  85 ёшида ҳам ғайратда айрим ёшларга ўрнак бўлаётган Тожали ота Тожидавлатов шу янглиғ уддабурон, тиниб-тинчимас кишилардан биттаси. У биргина боғбонлик билан чекланиб қолмай, бу ерда канал тарихи музейини яратишга-да вақт топа олгани кишини ҳайратга солади.

Ҳа, бу масканда замон илғорликларига эргашувчан, шижоатли, топқир, ишбилармон инсонлар саноқсиз. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, аёл боши билан неча йиллардан буён Марказий Фарғонанинг қумлоқ ерларида деҳқончилик қилиб, хўжаликни республикада тилга тушган жамоага айлантира олган машҳур фермер Лолахон Муродова ана шундай омилкорлар сирасига киради.

* * *

Дадасига ўхшаб қорамағизроқ бўлиб туғилган Лолахон болаликдаёқ бўлиққина, камгап, қўл-оёғи чаққон қиз эди. Босиқдек кўринса-да, ўта биркесар бўлиб улғая борди. Полосон қишлоғидаги дастлабки тракторчилардан саналмиш Неъмат ака уни биринчи синфга тракторида олиб борганида қувончи ичига сиғмай кетганини Лолахон ҳануз ҳаяжонланиб эслайди. Ўшандан кейин дадаси уйга миниб келган тракторга чиқволиб, оғзида “др-р, др-д” дея рулни айлантириб ўйнаш энг севимли машғулоти бўлиб қолди. Шу ёниқ иштиёқ кейинчалик унинг тақдирини белгилади. Мактабни битириб, ота-онасининг йўриғи билан Политехника институтига киришга ҳужжат тайёрлаб юраркан, яшаш жойидан маълумотнома олиш учун қишлоқ ижроқўмига келганида Катпут ҳунар-техника билим юртида тракторчилик бўлими ҳам очилгани ҳақидаги эълонга кўзи тушди-ю, бирдан фикри ўзгарди. Ҳужжатларни эртасигаёқ ўша ерга элтиб топширди. Буни эшитган ота қизига танбеҳ бера бошлаганида, онаси эски бир воқеани эслаб, беихтиёр кулиб юборди.

Ўшанда Лолахон бошланғич синфда ўқирди. Бир куни мактабга бирга кетиш учун уларникига кирган дугонасини онаси гапга тутиб, синфингдаги бирорта болани  ёқтирасанми, деса, ҳа, фалончи зўр бола, деб илжайди қоқвош қиз. Сўнг она Лолахонга юзланиб, сен-чи, деб сўраганида, у чимрилиб туриб, мен тракторни яхши кўраман, деганди. Онадан бу гапни эшитиб, Неъмат ака ҳам кулишга тушди, шу билан вазият юмшади-қолди.

Билим юртини тугатгач, ўзи ўқиган 31-мактабда юқори синфларга бошланғич тракторчиликдан дарс бера бошлади. Бир куни ўқувчилар ғўзани яганалаш учун колхоздаги бригадалардан бирига сафарбар этилди. Бригаданинг тракторчиси армияга олиниб, трактор эгасиз қолган экан, бригадир: “Тракторчи топилгунча шуни миниб турсанг-чи”, деб қолди Лолахонга. Қизнинг юраги потраниб кетди, дадасига маслаҳат солди. Ялина-ялина розилигини олгач, наҳот энди ўз-ўзимнинг тракторим бўлса, деб суюнганидан тун бўйи ухлолмай чиқди. Қатор ораларига ғўзаларни шикастлантирмай  ишлов бериш учун тракторчидан тузуккина тажриба талаб этилади. Лолахон эса, дадасининг бир-икки кунгина ўргатишидан кейиноқ ишни бемалол эплаб кетди.

— Ҳар бир ишнинг туғма устаси бўлади, — деб қувонди бригадир. — Бу қиз туғма тракторчи! Туғма далачи!

Куз келди. Энди менга терим машинаси беринглар, пахта тераман, деган истакни билдирди Лолахон. Трактор парки бошлиғи: “Бу жуда оғир юмуш, мавсум қизиганида кечқурунлариям теришга тўғри келади”, дея аввалига тихирлик қилса-да, шу ерда механик бўлиб ишловчи Неъмат аканинг ҳурмати тош босиб, майли, бир уриниб кўр, чидолмасдан ишни ташлаб қочмасанг бас, деб охири унга агрегат берди.

Ташлаб қочиш нимаси? Аксинча, баъзи эркакларни ҳам доғда қўйиб, биричи йили 90 тонна пахта терди. Кейинги йили эса, ундан ўтадигани бўлмади, 130 тонна териб барчани соясида қолдирди, қўша-қўша мукофотлар олди, донғи ёйила борди. Бу ютуқнинг сирини сўрасангиз, Лолахон соддагина жавоб қилади:

— Қанақа сир? Мен уйдан овқат олиб келиб, пахтазорнинг уватида шоша-пиша еб олардим-у, шпинделларни эринмасдан тозалаб, яна ишга киришардим. Эркак шерикларим эса бир тушликка чиққанича икки соатлаб йўқ бўпкетарди. Вақтни бой бермасликка ўрганган одам бошқаларга қараганда ўз-ўзидан сал олдинроқда юраверади. Фурсатни қадрлаш керак, ҳозир қилиш зарур бўлган ишни заррачаям орқага сурмаган яхши.

Буни ўзига нисбатан талабчанлик, ўз шахсини ҳурматлаш дейдилар. Мана шунда гап кўп.

                                               * * *

Хўжаликларда ёшларнинг алоҳида бригадасини тузиш урфга кирган даврлар эди, бу қиз пахта ўстиришнинг ҳадисини ёдлаб бўлди деб, 1984 йилда Лолахонни ана шундай бригадага бошлиқ қилишди. Қаторасига тўрт йил режаларни ошириб бажариб, етакчилик маҳоратини кўрсатавергач, ерларининг талай қисми янгитдан ўзлаштириб келинаётган чўл зонасидаги бўлимни бошқаришга йўлламоқчи бўлишди. Лолахоннинг капалаги учиб: “Бормайман! Нима, келиб-келиб қиз болани саҳрога сургун қилмоқчимисизлар?” дея оёқ тираб олди. Бу ишга туман раҳбарлари ҳам аралашиб, ўзимиз ёрдамлашиб турамиз, деб ваъда беришгандан сўнг уларнинг раъйини қайтара олмади.

Дастлабки уч йил машаққатлидан машаққатли кечди. Лолахон ишни қумлоқ ерларнинг юзасини техника кўмагида қирдириб ташлаб, тупроқни маҳаллий озуқалар билан бойитишдан бошлади. Кўпинча кечқурунлари ҳам ҳали у бригада, ҳали бу бригада ерларидаги ишларни назорат қилиб юрар, баъзан уйга қайтишга ҳоли етмай, дала шийпонида тунаб қоларди. Шу зайл ерлар эпақага кела бориб, тўртинчи йилдан эътиборан режалар ошириб бажарила бошланди, олти йил ўтиб, хўжаликдаги пешқадам бўлимга айланди. Туман раҳбарлари бунга тан бериб, очиғини айтсак, бунчалик ўзгаришлар ясай олишингизга бошида ўзимиз ҳам унча ишонмагандик, дея уни астойдил олқишлашди.

Қийинчиликлардан қўрқмасликка, ҳар қандай ғовни енгиб ўтиш мумкинлигига ўзини ишонтира олмоққа қодир инсоннинг обрўйи ҳам, мартабиси ҳам ошиб бораверади. Айниқса, юрт мустақилликка эришгач, тажрибали кадрлар янада қадрлана бошланиб, Лолахон ширкат хўжалигига раис этиб сайланди. Шу лавозимда етти йил енг шимариб ишлади.

Аммо эски тузумдан қолган ишлаб чиқариш усуллари ўзини яхши оқлолмаётгани тобора аёнлашиб бораётганди. Шу боис ширкат хўжаликлари тугатила бориб, жаҳон андозасига монанд бўлган фермерликка кенг йўл очилаверди.

                                               * * *

Ширкат хўжалигининг экинзорлари 2007 йили фермерларга тақсимлаб берилаётганида, тақдирни қарангки, ўзи бир пайтлар бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган чўл зонасидаги ерлар яна Лолахоннинг чекига тушди. Мана, ҳозирга қадар шу ўрамда деҳқончилик қилиб келмоқда.

Бошқарувнинг янгича усули! Бунда ўзинг агроном, ўзинг ҳисобчи, ўзинг иқтисодчи, ўзинг ирригатор. Ўзинг югурасан, ўзинг топасан, ўзинг тақсимлайсан. Шу сабабданми, бошқарувга кўникмаси йўқлар даставвал жуда қийналишди, айримлар бунақа бошоғриқдан бутунлай воз кечди. Лолахон янгича тизимни ҳам тез ўзлаштирди, ишни 121 гектар ерга эгалик қилишдан бошлаган бўлса, вазифасини уддалай олмаган қўшни фермермерларнинг ерларини-да бирма-бир ўзиникига қўшиб олавериб, умумий экинзори охири 473 гектарга бориб етди. Шу асно, ташвиш устига ташвишлар қўшилаверди. Силласи қуриган ерларни яхшилаб тўйинтириш, техника ва ускуналар харид қилиш, экин зараркунандалагига қарши кимёвий ишлов бериш, керак бўлса, қўшимча одам ёллаб, кўсак қуртларини қўлда тердириш сингари юмушларга прессланган сомонларни пуллаб ҳам маблағи етавермагач, мукофотга олган “Нексия”сини сотиб, ишни давом эттирди.

Бу орада далага бош вазир келиб қолди, пахтазорни оралаб, пойабзалидан тортиб кийимигача чангга беланган аҳволда қайтиб чиққач, муаммоларни суриштирди. Лолахон асосийларини санашга тушди. Бош вазир буларнинг талай қисмини шу жойнинг ўзидаёқ ҳал этиб берди, баъзиларини ечиш учун яна озгина фурсат кераклигини айтди.

— Шийпонга дастурхон тузаб қўйгандик, — деб эслайди Лолахон. — Бош вазирни таклиф этсак, атайлаб Олтиариққа келиб машҳур неъматидан татмай кетмайин, дея дастурхондан бодринг олди-ю, биз билан қуюқ хайрлашиб, машинасига ўтирди. Ўшанда, пайти келиб, айнан шу одам халқимизга йўлбошчи бўлишини билмаган эдик.

Шавкат Миромонович президентликка сайланганидан сўнг, фаолиятининг дастлабки давриданоқ халқ хўжалигимизда, жумладан қишлоқ хўжалигида ечимини кутиб турган, ўзи кўпдан бери кўриб-билиб юрган муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор қарор ва фармонларни эълон қила бошлагани айни муддао бўлди. Қишлоқ хўжалигидаги асосий чигалликлар ҳам ниҳоят ўз ечимини топиб бораверди.

Демак, энди муаммолар қолмабди-да, деган саволимизга Лолахон кулимсираб туриб шундай жавоб қилди:

— Энг йирикларидан қутулдик, лекин майда-чуйдалари барибир пайдо бўлавераркан. Масалан, яқингинадаги бир ишни айтсам, электрдан қарзларларинг кўпайиб кетибди деб сув тортиш насосимизни пломбалаб кетишди. Ғўза эса қарз-парз деган нарсани тушунмайди, вақтида сув берилмаса, ҳосилини тўкади-қўяди. Вилоят ҳокимининг кўмаги билан насосни қайта ишлатиб турган кунларимизда даламизга қишлоқ хўжалик вазири келиб қолди. Ерларимизнинг ярмидан кўпи катта миқдорда электр энергияси сарфловчи насос ёрдамида суғорилиши, бунча пулни тўлашга хўжалигимизнинг йиллик даромади ҳам етмаслигини айтсам, у киши президентимизга буни дарҳол маълум қилдию,  муаммо ижобий ҳал бўлди-қолди. Ташвишимиз тез ариганидан шундақанги севиндикки!

Ҳа, шунақа дунё бу, иш бор жойда турли маммолар туғилаверади. Муҳими – улардан чўчимаслик, кўнгилни чўктирмаслик, яхши ният билан, сабр-тоқат билан ишнинг кетидан қувавериш. Мана шундай кайфият Лолахоннинг кундалик турмуш тарзига айланиб кетган.

                                               * * *

Энг зарур техникаларга эга бўлмаган фермер бировдан бигиз сўраб ишлаётган этикдўзнинг ўзгинаси. Лолахон эришаётган муваффақиятларда хўжалигини техникалар билан бойитиб бораётганининг аҳамияти беқиёс. Ҳозир унинг ихтиёрида “Класс орион” ҳайдов трактори, “Беларусь” чопиқ трактори, зараркунандаларга қарши ишлов берувчи ОВХ, экинларни бирйўла ўғитлаб кетувчи замонавий култиваторлар бор. Бу йил қарзни етти йилда узиш шарти билан “Класс доминатор” русумли серунум комбайнни лизингга харид қилди.

— Буғдой ўримида четдан комбайн ёллаб, ҳар йили саксон миллион сўмгача ҳақ тўлардик, — дейди Лолахон дурустгина иқтисодчи ҳам бўлиб қолганини намойишлаб. — Энди йилига ўша саксон миллионни лизинг идорасига тўлаб борсак, етти йилда кейин комбайн ёнимизга қоларкан. Бу орада ўрим мавсумида қўшниларга кўмаклашиб, қўшимча пул ҳам ишлаб оламиз.

Маблағ қанча кўпаймасин, Лолахон ўзи учун данғиллама уй қуриш, кўримлироқ енгил автомашина сотиб олиш, ҳатто ялтир-юлтир кийинишни хаёлигаям келтирмайди. Қачон қараманг, биз далага борганимизда кўрганимиздек, оёғида этик, белига чит белбоғ ўралган одми кийимда юради. Туфли кийса, мувозанатини сақлолмай қолармиш. Топганини хўжаликни тиклашга, янги техникалар олишга, қурилишлар қилишга, 108 нафар ишчининг моддий аҳволини ўнглаб боришга, қўшимча тарзда рағбатлантириб туришга, эҳтиёжмандларга кўмаклашишга сарфлайди. Унинг ўз фалсафаси бор – раҳбар бўлдингми, олдин бошқаларга бер, кейин ўзинг ол, шунда ҳаммага гапинг ўтади.

Жазирама қуёш таъсирида бошидаги рўмолининг гуллари униқиб, қўллари тугул ёноқлари ҳам пўрсиллоқлана бошлаган бу аёлга зимдан тикилиб турарканман, миямда ўз-ўзидан шеърий сатрлар потрана бошлайди:

                            Гоҳо жуда танишга ўхшар

                            Рўмолига чатиш ҳар тола.

                            Шу толага ишқ қўйиб яшар

                            Миллион Ғўза ичра бир Лола...

“Замонамиз қаҳрамони” деган нишон йўқ, аммо Лолахон тимсолидаги бу номга муносиб инсонлар нишонсиз ҳам яққол ажралиб тураверади.

                                               * * *

Жорий йил жамоа учун чакки бошланмади. Давлатга шартномавий режадаги минг тонна ўрнига бир ярим минг тонна буғдой топширилди, ортган 250 тоннаси ишчиларга тарқатилди, 50 тоннаси уруғлик учун ажратилиб, ўта шинам шийпон ортига қурилган янги омборга босиб қўйилди. Бунинг сабаби бор уруғчилик идораси ҳар гектар ерга 250 килограмм атрофида уруғлик беради. Лолахоннинг хўжалиги чўл жойда экани туфайли, қаттиқроқ шамол турса, экилган буғдойнинг бир қисмини учириб кетади. Шунақада яна уруғлик сўраб идорама-идора югурмасдан, ўз заҳирангни ишга солаверасан. Ҳаммасини олдиндан ўйлаб қўйган маъқул-да.

Буғдойдан бўшаган майдонларнинг 25 гектарига сабзи, 20 гектарига шоли, 10 гектарига картошка, 7 гектарига сойя экилди. Хўжаликда боқилаётган қўйлар, ишчиларнинг чорваси учун озуқабоп экинларга ҳам ер ажратилди.

Йилига олти марта насл бериб, икки насли бошқа экинларга, тўрт насли асосан ғўзага зарар етказувчи кўсак қурти билан куну тун олиша-олиша ҳосилнинг катта қисмини сақлаб қола олишгани сабабли ишчиларнинг руҳи баланд, боши осмонда. Улар режадаги 27 ўрнига гектаридан 40 центнердан хирмон кўтаришни дангалига башорат қилишяпти.

Илойим, умидлари рўёбга чиқаверсин, рўзғорларига қут-барака ёғилаверсин, заҳматкаш ота-оналарининг қўлига қараб турган болакайлар қувончига қувонч қўшилаверсин.       

                                                         * * *

Президентимиз шу йилнинг ёзида Фарғонага ташриф буюриб, орада Бағдод туманида фермерлар билан суҳбат ўтказганида, Лолахон ҳам иштирокчилар сафида бўлди. Йиғилишга бораётган чоғида бир тўп аёл уни йўлда тўхтатиб, биламиз, юртбошимиз билан бўладиган учрашувга кетяпсиз, агар гаплашиб қолсангиз айтиб қўйинг, бизга кўп енгилликлар яратиб бераётгани учун у кишидан минг-минг марта розимиз, кексаю ёш тинмай дуо қилиб юрибмиз, дейишибди.

– Биринчи президентимиз ўз фаолиятини аҳолига томорқа тарқатишдан, ижтимоий ҳимояларни кучайтиришдан бошлаб кўпчиликнинг дуосини олганди, — дея энтикиб сўз қотди Лолахон. — Балки, юртга чорак асрдан зиёд етакчилик қилганига, жаҳонда улкан ҳурмат орттирганига шу омил катта сабабчи бўлгандир. Қарангки, Шавкат Миромонович ҳам президентлик фаолаятининг дастлабки кунлариданоқ нуқул элнинг дуосини олиб келяпти. Қадоққўл меҳнатчиларнинг дуосида хосият кўп. Мана кўрасиз, бу киши билан ҳам ҳали жуда узоқ вақт бирга бўламиз.

Ҳар бир гапга фаришталар “Омин!” деб тураркан...

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?