Миллий мусиқа байрами

09:36 16 Октябр 2019 Маданият
122 0

А.Навоий номидаги Ўзбекистон академик катта театрида Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамблининг 60 йиллик фаолиятига бағишланган тантанали кеча бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев очиб берди. 

Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги Ю.Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли 1959 йилда академик Ю.Ражабий ташаббуси билан тузилган. Жамоа таркибида Ж.Султонов, О.Имомхўжаев, К.Исмоилова, Б.Довидова, Т.Алиматов, К.Мўминов, А.Убайдуллаев, И.Катаев, И.Тўраев каби мусиқа санъатимизнинг етук дарғалари бўлган. Улар ижросида Шашмақом, Фарғона-Тошкент мақом йўллари магнит тасмаси ҳамда граммофон пластинкаларга ёзиб олиниб, бир неча бор кўпайтирилган. Бугунги кунда Ю.Ражабий номидаги “Мақом”ансамблининг бадиий раҳбари Абдуҳошим Исмоиловдир. 

Дастур аввалида Ю.Ражабий номидаги мақом ансамблининг ривожига ўз ҳиссасини қўшган бир гуруҳ санъаткорлар, ҳофизлар-у бахшиларни тақдирлаш маросими бўлди. “Мен отамизга бағишлаб мана шундай хотира кечаси ташкил этишганидан жуда ҳам мамнун бўлдим. Доим отамиздан бизга мерос бўлиб қолган мусиқий хазинамизга янги-янги йўлларни, қочиримларни қўшиш ҳақида ўйлардим ва қўлдан келганча буни амалга оширдим. Энди навбат ёш ижодкорларга.  Айни дамда Абдуҳошим Исмоиловнинг қўшган қочиримларини тинглаб, хурсанд бўлдим. Ана шундай давом этишингиз керак,” – дея таъкидлади Ҳасан Ражабий.

Шундан сўнг Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёрлари томонидан саҳналаштирилган тарихий театр тадбирнинг бадиий қисмини бошлаб берди. Бухоро, Хоразм, Фарғона намунавий мақом ансамбллари ҳамда Ю.Ражабий номидаги мақом ансамбли томонидан миллий ашула ва куйларимиз ижро этилди. Тожикистон мақом ансамблининг раиси Тожикистон халқ артисти А.Абдурашидов сўзга чиқиб, Шашмақом ўзбек ва тожик халқларининг бетакрор мусиқий мероси эканлигини таъкидлади. Ю.Ражабий номидаги мақом ансамблининг 60 йиллик фаолиятига бағишланган кечага Нодира ғазалига басталанган “Муғулчайи Бузрук соқиномаси” якун ясади.

Дилшода Олимова


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019