Миллий гвардия қўмондони қўл жанги федерациясига янги раҳбар этиб сайланди

18:29 11 Сентябр 2020 Спорт
378 0

Бугун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерациясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш видеоселектор шаклида ташкил этилди. Унда ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда дастлаб, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Мирзакулов 2017 —2020 йилларда федерация томонидан амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар орасида қўл жанги спорт тури оммавийлашиб, тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Ортда қолган йилларда мамлакатимизда бир қатор йирик халқаро мусобақалар ташкил этилди. Спортчиларимиз томонидан халқаро мусобақаларда мунтазам равишда юқори ўринлар қўлга киритилди.

Қўл жангининг мамлакатимиз спортидаги ўрнини янги босқичга олиб чиқиш учун Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерациясида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, бугунги йиғилишда федерацияга янги раҳбар сайлаш ва шу орқали ташкилотнинг иш фаолиятини тизимли ташкил масаласи кўриб чиқилди.

Йиғилишда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерацияси раиси лавозимига бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони сифатида фаолият олиб бораётган Джураев Рустам Мирзаевич номзоди таклиф этилди ва йиғилиш делегатлари томонидан бир овоздан сайланди.

Йиғилиш якунида Рустам Джураев федерация раиси лавозимига сайланишида ишонч билдирганларга алоҳида миннатдорлик билдириб, қўл жанги спорт турини мамлакатимизда янги босқичга олиб чиқиш, бу спорт тури бўйича спортчи ва тренерларга шарт-шароитлар яратиш, юртимизда уюшмаган ёшлар ўртасида ушбу спорт тури бўйича тизимли мусобақалар ташкил этиш, шунингдек, федерациянинг ҳудудлардаги моддий-техника базасини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган таклифларини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?