“Миллий гвардия нима учун ташкил этилди?” Бугун шу номдаги янги ҳужжатли фильм “Oʻzbekiston 24” телеканалида намойиш этилади

16:16 28 Август 2018 Жамият
571 0


Бугун, 28 август куни соат 20:30 да “Oʻzbekiston 24” телеканалида Миллий гвардия фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинади. 

Сценарий муаллифи, журналист Фозил Фарҳод Спутник мухбирига фильмнинг яратилиши тарихи, ҳужжатли фильмда суратга олиш жараёнига кимлар жалб этилгани ҳақида сўзлаб берди.

“Фильм ижодий гуруҳи шу даражада қаттиқ ишлади-ки, бу жараён хотирамиздан бир умр чиқмаса керак. Масалан, фильмнинг бошланишига бизга қуёш чиқиши ва унинг фонида миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг югураётган саҳнаси керак эди. Жиззахдамиз. Миллий гвардиячилар бизга Амир Темур дарвозасини таклиф қилди. Тонг соат 4 атрофида оқаради, биз эса унгача тасвирга олиш жойига етиб боришимиз керак. Аксига олиб, съёмка майдонимизни аввалдан кўрмаганмиз. Худога таваккал қилиб, соат 02:30 да туриб, учдан ўтганда тоққа йўл олдик ва тоғ тепасига камераларимизни ўрнатдик. Қуёш тасвирдан ташқарида чиқиб қолиш хавфи ҳам бор эди. Аммо, шукр, ундай бўлмади. Кутганимиздай гўзал кадрни тарихга муҳрладик”, – дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, у фильм сценарийсини жорий йил июль ойининг 10 санасидан ёза бошлаган ва хомаки варианти бир ҳафта ичида тайёр бўлган.

Тасвирга олиш ишлари Тошкент вилояти туманларида, Жиззах шаҳрида, Фориш туманида, Тошкент шаҳрида кечган.

“Августнинг бошида тасвирга олиш ишларини якунлаб, монтажга ўтирдик. Нақд бир ойча вақт кетди унга ҳам. Ҳатто Жиззахда яхши чиқмаган стенд-апимизни тонгда икки автобус миллий гвардия йигитлари билан Чорвоқ сув омбори тепасига чиқиб, қайта ёзиб келдик. Фильмда катта ижодий жамоа меҳнат қилди. Фильм сценарийси муаллифи сифатида фильм охиридаги титрда кичик меҳнати синган инсонларни-да, қолдирмай, ҳамма-ҳамманинг исми-шарифини киритдим. Ижодий гуруҳга ҳайдовчиларнинг исми-фамилиясини ёзаётганимда, ҳамкасбларимдан бири ҳазил қилиб луқма ҳам ташлади: “Ошхонадаги ошпазлар ҳам қолиб кетди, уларни ҳам ёзинг!” – деб. Кимнидир қолдириб кетсам, адолатсизлик бўларди”, – деб қўшимча қилади ижодкор.

Таъкидланишича, фильм қаҳрамонлари миллий гвардия ҳарбийларидан танланган.

“Чунки кузатганимда, улар орасида, қиёфаси актёрларникидан-да аъло чеҳралар бор эди. Масалан, Жиззах шаҳрида Мирсодиқ исмли миллий гвардиячи йигитни оиласи билан бирга тасвирга олдик. У кўп вақти ишда ўтиши, лекин шунга қарамай, оиласига, икки фарзандига меҳр беришга ҳаракат қилишини сўзлаб берди”, – деб бўлишади журналист.

Фозил Фарҳод фильмдан “кўнглим тўлди” деб айта олмаслигини тан олади.

Негаки, таътил маҳал бўлгани боис, миллий гвардия таълим муассасаларида тўлиқ съёмка қилишнинг имкони бўлмади. Сценарийда кўрсатилган баъзи саҳналар тасвирга олинмасдан қолиб кетди. “Борига-барака” дейишдан ўзга чорамиз қолмади. Фильмда биз эндигина ташкил этилганига бир йил бўлган махсус ҳарбий бўлинманинг фаолиятига назар ташлашга, уларни очиб беришга, умуман одамларнинг: “Гвардия нима ўзи? У нимага ташкил бўлди?” деган саволларига жавоб беришга ҳаракат қилдик. Бу вазифани қанчалик уддалай олдик ё йўқ, билмадим, баҳони томошабин беради”, – деб суҳбатга якун ясади режиссёр.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар