Миллий армиямиз — бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз

13:55 14 Январь 2019 Жамият
494 0

Шу кунларда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги кенг нишонланмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 13 декабрдаги фармойишига асосан, «Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» деган умумий ғоя остида жойларда турли тадбирлар, учрашувлар, фестиваллар ўтказиляпти. Унда юртдошларимиз фаол иштирок этаётир.

Сана муносабати билан мухбирларимиз соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-маёр Абдусалом Азизов билан суҳбатлашди.

— Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Унинг мазмун-моҳиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича жойларда қатор анжуманлар ўтказилмоқда. Келинг, суҳбатимизни дастлаб шундан бошласак. Айтингчи, Мудофаа доктринасини янгилашга қандай зарурат туғилган эди?

— 2018 йилнинг 9 январида Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида»ги Қонунни имзолади.

Маълумки, 1995 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи чақириқ учинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий доктринаси қабул қилинганди. 2003 йил 3 февралда эса мамлакатимиз Мудофаа доктринаси муҳокама қилинди ва маъқулланди. Демак, шу пайтгача мудофаа соҳасидаги давлат сиёсати асослари, Қуролли Кучларнинг қурилиши, тайёргарлиги ва қўллашга оид асосий принциплар ҳамда йўналишларини тартибга солувчи 2 та доктринал ҳужжат қабул қилинганди.

Мудофаа доктринасини янгилашга қандай зарурат туғилганди, деган саволингизга келадиган бўлсак, аввало, бунга Президентимизнинг 2017 йилда Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригидан жавоб топиш мумкин. Жумладан, табрикда шундай дейилади: «Жаҳонда ва минтақада вазиятнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга оладиган бўлсак, вужудга келадиган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб зарба бериш зарурати, шунингдек, бизнинг устувор вазифа ва имкониятларимиз Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини қайта ишлаб чиқишни ¬талаб этади».

Жаҳон ва минтақадаги вазият, юзага келаётган хатар ва таҳдидларга мос ҳолда доктринани қайта ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлди. Хўш, бу янгидан қабул қилинган Мудофаа доктринасида қандай акс этди?

Доктринанинг 6-бандида “Глобаллашув давом этаётган ва халқаро муносабатларнинг тизими ўзгариб бораётган шароитларда жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият халқаро ва минтақавий хавфсизликка хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кўлами кенгайиб бораётганлиги — геосиёсий қарама-қаршиликнинг кучайиши, можаролар ва танг вазиятларни куч ишлатиб ҳал этишга бўлган ёндашувнинг устунлик қилиши, куч ишлатиш, шу жумладан, оммавий қирғин қуролини қўллаш эҳтимоли ошганлиги, ҳарбийлаштириш, халқаро терроризм ва экстремизм фаоллашганлиги, ахборот макони ва кибермаконда ўзаро кураш кучайганлиги билан тавсифланади.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, минтақамиздаги вазиятга халқаро терроризм, наркотрафик ва трансчегаравий жиноятлар соя солиб турибди.

Хусусан, қўшни Афғонистонда, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларида халқаро террорчи гуруҳларнинг фаолияти, ноқонуний қуролли тузилмалар минтақа хавфсизлигига алоҳида таъсир кўрсатмоқда. Мазкур омил ҳарбий соҳада мамлакат хавфсизлигини таъминлашга доир принциплар ва ёндашувларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Шундай экан, мамлакат миллий манфаатлари, жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, ҳарбий соҳада хавфсизликка таҳдидлар даражаси, замонавий ҳарбий можароларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, Мудофаа доктринамиз қайтадан қабул қилинди.

Қолаверса, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлик ва очиқлиги, энг асосийси, қўшни давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларнинг ривожланаётгани каби муҳим омилларга, Ватанимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашдек устувор вазифаларга таянган ҳолда, мамлакатимиз Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, доктринамиз биринчи марта тўлиқ очиқ эълон қилинди. Бу эса мудофаа сиёсатимиз очиқлигининг тасдиғидир.

— Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида кейинги икки йилда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Масалан, ҳар бир ҳудудда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бу амалда нима беради?

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Миллий армиямиз — бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз» тамойили асосида ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг бирлигини таъминлаш мақсадида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Мазкур секторлар армия билан маҳаллий ҳокимият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамловчи, ҳудудий мудофаа масалаларини ечишда ҳал қилувчи орган бўлиб хизмат қилмоқда.

Мудофаа соҳасида амалга ошири¬лаётган ислоҳотларнинг улкан самара беришида, жумладан, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қўшинлар кундалик фаолиятини самарали ташкиллаштириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ҳарбий шаҳарча ва полигонларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасида ҳарбий-маъмурий секторлар қўшилма ва ҳарбий қисм командирларига яқиндан кўмаклашмоқда.

Бугун ҳарбий-маъмурий секторларнинг ташкил этилиши маҳаллий ҳокимият идораларининг масъулиятини оширди, уларнинг мудофаа масалаларига дунёқарашини кескин ўзгартирди. Ўз навбатида, ҳарбий қисмларни ўз қобиғидан чиқариб, офицер ва сержант, аскарларнинг жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этишларига имконият яратди. Расмиятчилик йўқолиб, муаммоларнинг амалий ечимлари топилмоқда.

— Қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш жараёнлари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Ортда қолган 2018 йилда давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш, қўшинларнинг жанговар шайлигини юксалтириш, миллий армиямизни замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар йўлга қўйилди.

2018 — 2021 йилларда қўшинларни замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳарбий техникаларни таъмирлаш, модернизация қилиш бўйича комплекс дастур доирасида ўтган йилда бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди.

Армияни илғор техника, қурол-аслаҳа билан таъминлаш, мавжуд техникани модернизация қилишда катта қадам ташланди. Ҳозирги замон ҳарбий можароларининг чуқур таҳлилидан келиб чиқиб, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаво кучларини ривожлантириш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш, махсус операциялар кучларини энг янги техника ва аслаҳа билан таъминлаш чоралари кўрилди. Россия Федерацияси, Хитой, Франция ва бошқа бир қатор давлатлар билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик юқори даражада йўлга қўйилди.

— Янгиланишлар ҳақида гап кетаркан, айтиш жоиз, бундай жараён ҳарбий бўлинмаларни озиқ-овқат билан таъминлашда ҳам кузатилмоқда. Яъни аутсорсинг тизими жорий этилди. Ушбу тизимнинг афзаллиги нимада?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий хизматчиларнинг овқатланиш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, шахсий таркиб овқатланишини ташкил этишда давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий қилинди.

Қўшинларни озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича киритилган янги тизим шахсий таркибни унга хос бўлмаган вазифалардан озод қилиб, ҳарбий хизматчиларнинг бутун куч-ғайратини ўз касбий маҳоратини оширишга қаратиш имконини бермоқда. Қолаверса, мазкур тизим ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, ҳарбий шаҳарчаларда истиқомат қилувчи оилаларга турли замонавий хизматлар кўрсатиш учун имконият яратди.

Таъкидлаш жоизки, Мудофаа вазирлигидаги аутсорсинг тизимига 80 га яқин тадбиркорлик субъектлари жалб этилиб, 2 200 дан ортиқ фуқароларга доимий янги иш ўринлари яратилди.

— Энг муҳим ислоҳотлардан яна бири — мамлакатимизда Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди. Мазкур қўмита олдига қандай вазифалар қўйилган?

— Президентимизнинг 2017 йил 20 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати Давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига кўра, мамлакатимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил қилиниши миллий мудофаа саноат комплексини шакллантириш йўлидаги биринчи ва муҳим қадам бўлди. Мазкур комплексни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари янгидан қабул қилинган Мудофаа доктринасида ҳам белгилаб берилди.

Мудофаа тизимини ҳарбий-иқтисодий таъминлашдаги бу муҳим янгилик давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, яқин келажакда миллий армиямизни қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш шунингдек, қўшимча иш ўринларини яратиш, юртимиз иқтисодиётини диверсификация қилиш имконини ҳам беради.

Бир вақтнинг ўзида ушбу комплекс аҳоли эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқиши, ҳозир хориждан валютага сотиб олинаётган кўплаб маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришга ҳам мўлжалланган.

— Ҳар бир соҳада ижтимоий ҳимоя алоҳида аҳамиятга эга масала ҳисобланади. Шундай экан, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Узоқ ҳарбий қисмларда хизмат қилиш, гарнизонма-гарнизон кўчиб юриш, хизматнинг машаққатларига чидаш нафақат ҳарбий хизматчидан, балки унинг оиласидан ҳам катта сабр-бардошни талаб этади. Бунинг учун ҳарбий хизматчининг оиласи мустаҳкам, эртанги кунга ишончи юксак бўлиши лозим. Шунинг учун ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласига давлатимиз раҳбарияти томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017 йилда 56 та уй ипотека кредити асосида, 20 таси хизмат уйлари сифатида ҳарбий хизматчиларга топширилди.

2018 йилда эса 74 та уй ипотека кредити асосида, 21 таси хизмат уйлари сифатида қуриб битказилган. Қисқача айтганда, икки йилда 4,5 минг нафар ҳарбий хизматчи оилаларининг яшаш шароитлари яхшиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун республика олий таълим юртларига 5 фоизлик давлат гранти асосида қабул квотаси ажратилди. Бугун ҳарбийларнинг 700 нафардан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларида шу имтиёздан фойдаланиб ўқимоқда. Яратилаётган бундай қўшимча имконият юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида Юртбошимиз ташаббуси билан «Мард ўғлонлар номи барҳаёт» номли китоб чоп этилди. Сариосиё жангларида ҳалок бўлган 26 қаҳрамоннинг ўзлари ўқиган мактабларига бюстлари ўрнатилди, 21 оилага ҳарбий-маъмурий секторлар, ҳарбий округлар томонидан квартиралар сотиб олиб берилди.

Буларнинг барчаси, албатта, Ватан ҳимоячиларининг хизматга бўлган ёндашувини ўзгартиришга, масъулият ва интизомнинг мустаҳкамланишига, ҳарбийлар қалбида фахр ва ғурур ортишига хизмат қилмоқда. Иккинчи томондан эса кучли ижтимоий ҳимоя — офицер ва аскарлар учун фидойилик, бурчга садоқат билан хизмат қилиш, ўзининг профессионал тайёргарлигини ошириб бориш учун замин яратмоқда.

— Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони кўрсатмасига биноан, 2018 йил 26 ноябрь эрта тонгда Мудофаа вазирлиги қўшинлари «Тревога!» сигнали билан юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди. Биламизки, шу вақтгача Ўзбекистон армиясида бу каби текширув ўтказилмаган. Нима учун бундай текширув қилинди? Текширув якунлари бўйича мудофаа вазири сифатидаги фикрларингизни ҳам билишни истардик.

— Давлатимиз раҳбари 2018 йилнинг 10 январида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада юксалтириш, миллий армиямиз жанговар шайлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишларни таҳлил қилар экан, муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.

Юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан бир қаторда қўшинлар исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлишига, жанговар тайёргарликнинг янги тизимини ишлаб чиқишга эътибор қаратган эди.

Ўтган қисқа муддат Мудофаа вазирлиги қўшинлари ва бошқарув органлари учун мазкур вазифаларни бажаришнинг синов даври бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан, 2018 йил 26 ноябрда қўйилган вазифалар ижросини баҳолаш, жанговар тайёргарликни текшириш мақсадида «Тревога!» сигнали билан юқори жанговар шайликка келтирилди.

Мудофаа вазирлиги аппаратида, ҳарбий округларда, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинларида беш кун мобайнида қўққисдан текширувлар ўтказилиб, жанговар шайликнинг даражаси, командирлар ва шахсий таркибнинг ҳаракатлари баҳоланди.

Мамлакатимизда биринчи марта ўтказилган ушбу тадбир жараёнида Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг бошқаруви, қўшинларни юқори даражадаги жанговар шай ҳолатга келтириш, бўлинмаларнинг марш уюштириши, эҳтимолий душман таҳдидини қайтариш ҳаракатлари махсус тузилган идоралараро ишчи комиссия томонидан назорат ва таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи раҳбарлик қилган машғулотлар 8 та дала ўқув майдонида ўтказилди.

Мудофаа вазирлигининг тўсатдан текшируви жараёнида мамлакатимизда биринчи марта вазирлар, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, тегишли давлат ва хўжалик идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Текширувнинг натижаларига кўра, қўшинларни жанговар ҳолатга келтириш, режада кўзда тутилган ўқув-жанговар вазифаларни бажариш бўйича амалий ҳаракатлар ижобий баҳоланиб, Мудофаа вазирлиги мамлакат хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича «Жанговар вазифаларни бажаришга шай», деган хулосага келинди. Бу эса Қуролли Кучларнинг жанговар қобилиятини ошириш, мудофаа тизимини ҳар томонлама такомиллаштиришнинг янги даври бошланганини кўрсатди.

— Қарши шаҳрида «Ватанпарварлар боғи» бунёд этиляпти. Президентимиз ўтган йил декабрь ойида Қашқадарёга ташрифи чоғида ана шу боғда амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишди. Ушбу маскан ва унинг моҳияти ҳақида гапириб берсангиз.

— Авваламбор, шуни таъкидлаш лозимки, ушбу боғ давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили январда Хонобод авиабазасига амалга оширган ташрифи чоғида берган топшириқлари асосида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

2018 йилнинг 14 декабрида Президентимиз Қашқадарё вилоятига навбатдаги ташрифи давомида Қарши шаҳрида қад ростлаган «Ватанпарварлар боғи»ни бориб кўрди.

Мудофаа вазирлиги томонидан ушбу масканга 24 та ҳарбий техника, қатор экспонатлар тақдим этилди. Махсус тайёрланган блиндажни кўрган киши кўз ўнгига Иккинчи жаҳон уруши майдонларида мардонавор жанг қилган ватандошларимиз келади.

Боғда ўрнатилган Ўзбекистон харитасининг улкан макетида ҳар бир вилоятдан чиққан буюк сиймолар, у ердаги қадимий обидалар, сервиқор тоғлар, дарёлар, бепоён кенгликлар акс эттирилган.

Айни пайтда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган мазкур мажмуа¬ни барпо этишдан мақсад ёшларда ¬тарихимиз ва маданиятимиздан ғурурланиш туйғусини кучайтириш, Ватан равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз номини абадийлаштириш, армиямиз қудрати ва салоҳиятига ишончни мустаҳкамлашдан иборатдир. «Ватанпарварлар боғи» республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бунёд этилиши режалаштирилган.

Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш ҳар бир йигит-қизнинг шарафли бурчи эканлиги, бугунги озод ва мустақил Ўзбекистонни асраш, ушбу тинч ва ёруғ кунларимиз учун аждодларимиз қанча қон тўкканини ёшларимизга эслатиш, маънан ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда бу каби боғларнинг ўрни катта бўлади, деб ўйлайман.

— Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борадаги таълим-тарбиявий ишларга мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида 2018 йил 23 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик ¬руҳида тарбиялаш консепциясини ¬тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга биноан қабул қилинган консепцияга кўра, ёшлар билан ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси уч босқичда олиб борилади.

Ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига дахлдор вазирлик ва идораларнинг ушбу қарор ижросини самарали ташкил этиш тўғрисидаги қўшма қарори ишлаб чиқилди, «Йўл харитаси» тасдиқланди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик меморандуми ҳамда қўшма қарори имзоланди.

Мақсад — ёш авлодда Ватанимиз билан фахрланиш, ҳеч кимдан кам эмаслик ҳиссини шакллантириш, уларни турли ёт ғояларга эргашмасдан обод ва озод юртимизни, халқимиз тинч ҳаётини асраш учун масъулиятни сезадиган қилиб тарбиялашдир. Бу борада барча идора ва ташкилотлар, ўқув юртлари, маҳаллалар билан чинакам кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўймоғимиз, биргаликда ишлашимиз зарур.

— Яқинда Давлат дастури лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди. Унда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Газетхонларимизга шу хусусда ҳам маълумот берсангиз.

— «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳаси бугун кенг жамоатчилик муҳокамасида. Шу ҳақда сўз юритганда, аввало, лойиҳадаги мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларга тўхталиб ўтсак. Бунда Қуролли Кучларни қўллашни режалаштиришнинг норматив-ҳуқуқий асослари янгиланишини, ҳарбий кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш, профессионал тайёргарликнинг инновацион ёндашувлари ишлаб чиқилиши, миллий руҳни юксалтириш, ҳарбий хизматчиларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялаш тизимини такомиллаштириш кабилар режалаштирилган.

Шунингдек, мудофаа саноати комплексини ривожлантириш, тараққий этган давлатлар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада фаоллаштириш каби масалалар дастур лойиҳасидан ўрин олиши Ўзбекистоннинг мудофаа салоҳияти янада юксалишига хизмат қилади.

Сўзимнинг якунида газетангиз орқали Қуролли Кучларимизнинг барча вакилларини ва уларнинг оила аъзоларини, фахрийларимизни, мустақил Ўзбекистонимиз келажаги учун бефарқ бўлмаган барча инсонларни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этишга ижозат берасиз.

— Самимий суҳбат учун раҳмат!

«Халқ сўзи» мухбирлари Шавкат ОРТИҚОВ,

Омонулла ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019