Миллатнинг ўз тили бор экан, демак, унинг дунёга айтар сўзи ҳам бордир!

15:19 21 Октябр 2020 Сиёсат
223 0

Ҳар бир миллатнинг мавжудлигини, яшаётганини намоён этадиган омиллар бўлади. Тил ана шундай мавжудлик ҳодисасидир. Тил шунчаки сўзлашиш воситаси эмас, миллат маънавияти ва маданиятининг тошойнасидир. Миллатнинг ўз тили бор экан, демак, унинг дунёга айтар сўзи ҳам бордир.

Ушбу сана, шубҳасиз, мамлакатимиз ўтмишидаги энг қутлуғ саналардан бири. Зеро, бу кунда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилиниб, мустабид тузум ҳукмронлиги давридаёқ халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсолига айланган эди. Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, бу ҳужжат ўз вақтида халқимизнинг истиқлолга бўлган умид-ишончини, миллий ғурур туйғусини кучайтирди. Мустақиллигимизнинг ўзига хос пойдевори вазифасини бажарди десак асло муболаға қилмаган бўламиз.

Бироқ, ўтган давр мобайнида «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ҳам номигагина амал қилдик. Узоққа бормай, ён-атрофимиз, кўча-кўйга бир назар солайлик. Шунда амалдаги қонуннинг қайси бандига қай даражада риоя қилаётганимиз кўринади. Мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун эса кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатига эҳтиёж сезила бошлади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги «Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир» дея билдирган фикр-мулоҳазаларидан тегишли хулоса чиқаришимиз керак.

Шу мақсадда, юртимизда давлат тилини ривожлантириш, унинг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқёсдаги мавқейини ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 21 октябрда имзоланган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида 21 октябрь – «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиниши, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиши ўзбек тилининг аҳамияти, қадр-қиммати ва нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Шундай экан тириклик дунёсининг бир қисми ўлароқ асрлар оша бутун жаҳонга ўз сўзимизни айтиб келдик. Она тилимизни йўл-йўлакай не-не улуғ зотлар тенгсиз заковати ва фидойилиги билан асраб келдилар, сайқалладилар. Зеро, Ватан чегаралари қай даражада ҳимояга муҳтож бўлса, унинг маънавий бойликлари ҳам шу қадар ҳимояга муҳтождир. Шу маънода, миллий тилимиз қаршисида ҳар доим масъулиятли бўлиш мажбуриятидамиз.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?