Миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир

10:51 28 Октябр 2020 Сиёсат
230 0

Бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Боиси, илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади. Бошқача айтганда, бугун жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин.

Жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Хусусан, Япония, Жанубий Корея, Финляндия, Норвегия каби давлатлар ислоҳотни боғчадан бошлаб, 2-3 ўн йилликда ўзига хос, самарали таълим-тарбия тизимини яратиш эвазига фуқаролари ижтимоий ҳимояланган, иқтисодий барқарор мамлакатларга айланди.

Мамлакатимизда мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган тадқиқотларнинг ҳаммасини ҳам илм-фаннинг бугунги юқори ривожланиш даражасига тўла жавоб беради, деб бўлмайди. Демак, мамлакатимиз таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш, айниқса, таълим тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳаётий заруратдир.

Хўш, бугун жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада ошириш учун нималар қилиш керак? Соҳада кўп йиллардан буён тўпланиб қолган, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни бартараф этиш қандай жиҳатларга эътибор қаратиш лозим?

Биринчидан, мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш, таълим ташкилотлари битирувчилари замонавий касб эгалари бўлишлари учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантириш муҳим деб, ҳисоблайман.

Иккинчидан, дунё миқёсидаги бугунги кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини яратиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, уларнинг янги авлодини яратиш, ўқув дастурлари ва стандартларини оптималлаштириш лозим. Зеро, илм бизга ҳаводек зарур, у йўқ жойда тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Учинчидан, таълим хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий секторнинг салмоғини кенгайтириш, ҳудудларда нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш керак.

Тўртинчидан, илм-фанни иқтисодиётнинг асосий драйверига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёш олимларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, мавжуд илмий ташкилотлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни бугун замоннинг ўзи талаб этмоқда.

Бешинчидан, мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарур. Бинобарин, таълим-тарбия тараққиёти мамлакат равнақи ва тақдирига дахлдор масаладир.

Яна бир муҳим жиҳат. Жамият тараққиёти, миллий фаровонлик ҳамиша ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий билимларни чуқур эгаллаган янги кадрлар, уларнинг юксак малакаси билан боғлиқ бўлиб келган. Чунки чуқур билим ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлган, интеллектуал ривожланган ўғил-қизларни тарбиялаш, пировардида, Ўзбекистоннинг қисқа муддатларда ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлашда мактабларда берилаётган таълим-тарбия ниҳоятда муҳим ўрин тутади.

Шу сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари билан бирга, «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент фармони лойиҳасини ҳам муҳокама қилдик.

Мазкур ҳужжатда Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг умумтаълим муассасасини сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини камайтирмаган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга бериш таклиф этилмоқда.

Бунда ишончли бошқарувчига умумтаълим муассасасида таълим олаётган ҳамда унга бириктирилган микроҳудуд ўқувчиларини ўқитиш, уларни рақобатбардошлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш

ва умумтаълим муассасасининг биноларини таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари юклатилади. Қолаверса, ишончли бошқарувчига нодавлат таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш учун умумтаълим муассасасининг бўш турган бинолари ва ер майдонлари ажратилади.

Назаримизда, бу таклиф амалга ошиши учун ишончли бошқарувчига янаям кенгроқ имконият бериш биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Сабаби беш йил қисқа муддат, камида 10 йилга бериш керак. Кейин фақат шу таълим муассасаси эмас, ҳудуддаги бошқа бўш биноларни ҳам ишончли бошқарувга берилса, хусусий секторнинг қизиқиши ортади. Энг муҳими, ушбу ишончли бошқарув тизимини жорий этиш тажрибасини республиканинг бошқа ҳудудларида биттадан туманда жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Бугунги шиддатли замон барча соҳалар қаторида таълим-тарбия тизимини ривожлантириш бўйича ҳам олдимизга ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Чунки тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир.

Таълим-тарбия тизими ҳақида гапирганда, Абдулла Авлоний бобомизнинг доно фикрларини такрор ва такрор айтиш жоиз: таълим-тарбия – биз учун ҳаёт-мамот масаласидир. Қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз.

ЎзЛиДеП сайловолди дастурида таълим-тарбия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, Таълим тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимиз халқ таълими тизимига ривожланган давлатлар тажрибаларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бизнинг асосий мақсадимиз – Президентимиз бошлаб берган жуда кенг қамровли таълимга доир ислоҳотлар, қўйилган вазифалар ижросини назорат қилишда парламент назоратининг барча таъсирчан шаклларидан фойдаланишдир.

Хулоса шуки, ҳар доим ҳар бир мамлакат учун мутахассислар тайёрлаш, етук кадрларни вояга етказиш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралган. Демак, бугун ўз авлоди келажагини ўйлаган ҳар бир юртдошимиз Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларга ўз улушини қўшиши керак.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?