«Миллат қалбига ойна тутиб...» — Ҳафта давомида матбуотда

12:58 12 Июль 2020 Жамият
305 0

Жеймс Кэмероннинг машҳур «Титаник» фильмида бир ажойиб лавҳа бор. Энг қудратли тўлқинларни ҳам писанд қилмай олға силжиётган улкан кема кутилмаганда айсберг билан тўқнашиб, ҳамма ўз жонини омон сақлаш ташвишига тушган таҳликали бир паллада уч нафар скрипкачи палубада турганча мусиқа ижро этишда давом этади. Бугун газеталаримизда фаолият юритаётган журналистлар ўзларининг касбга садоқати билан менга ўша фидойи мусиқачиларни эслатади. Коронавирус инфекциясининг тарқалиши ўзининг янгидан янги антирекордлари билан ҳар бир соҳага салбий таъсирини ўтказаётган, кўнгил хотиржамлиги тобора танқис бўлиб бораётган бир пайтда газеталаримиз мамлакатдаги ўзгаришларни, одамлар ҳаётини: ғаму ташвишларини, ютуғу муаммоларини собитқадамлик билан ёритишда давом этяпти. Ўтган ҳафтада чоп этилган газеталарни варақлаб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Газеталарнинг аксарияти ҳафта бошида асосий эътиборни банк тизимидаги ислоҳотлар, иқтисодиётни рақамлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя, маънавият, туризм мавзуларига қаратишган бўлса, кейинги кунларда мамлакатда эпидемиологик вазият хавотирли тус олиб, карантин чоралари кучайтирилгани муносабати билан коронавирус мавзуси биринчи планга чиқди.

«Халқ сўзи» ҳам бу борада мустасно эмас. Газетада чоп этилган «Ўзимиз ўтирган шохни ўзимиз кесмайлик» сарлавҳали мақолада бепарволик, лоқайдлик, карантин талабларига амал қилмаслик коронавирусга қарши курашда эришилган ютуқларни чиппакка чиқариши мумкинлиги ҳақида шоирона ташбеҳлар билан куйиниб ёзилган. «Бугун дунё баланд дарахт шохидаги полапон инидек қалқиб турибди. Коронавирус деган бало даҳшатли тўзон мисоли ёпирилиб, бу дарахтни тинимсиз тебратмоқда», дейилади мақолада ва бу тебранишлар ҳар дақиқада уч нафар инсоннинг умрига зомин бўлаётгани, юзага келган иқтисодий таназзул туфайли очарчиликдан азият чекаётганлар сони эса бир миллиарддан ошгани айтилади.

Кўнгилга таскин берадигани, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган оқилона чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмлари кескин қисқармади, чет мамлакатлар билан савдо алоқалари издан чиқмади. Тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлаши таъминланмоқда. Энг муҳими, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган салмоқли ишлар натижасида одамларнинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олди олинмоқда.

Бироқ айрим юртдошларимизнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги туфайли вирус тарқалиши қайта авж ола бошлади. Муаллиф бу ҳақда таассуф билан ёзар экан, бехавотир кунлар тезроқ қайтиши учун барчамизни Юртбошимизга қанот бўлиб, бирлашишга, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилишга чақиради.

«Янги Ўзбекистон» газетасида ҳафта давомида чоп этилган материаллар ичида айниқса Ҳаким Сатторийнинг «Тошқўрғон муҳим туризм манзили бўлиши мумкин» сарлавҳали мақоласи ажралиб туради. Унда муаллиф Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг ёшлик ва ўспиринлик йиллари кечган Помир тоғининг Ҳисор тизмасидаги хушманзара масканлар, буюк бобомиз номи билан аталувчи ғор, унга энг яқин жойлашган қишлоқ — Тошқўрғон ҳақида жуда қизиқарли маълумотларни келтиради.

Мақола ўқувчида юртимизнинг бой тарихи, аждодларимизнинг турмуш тарзи ҳақида тўлақонли тасаввур уйғотади. Муаллиф бу ердаги ноёб табиат манзаралари, зилол сувли сойлар, тарихий обидалар ҳақида ҳаяжон ва фахр билан ҳикоя қилар экан, ҳам тарихга дахлдорлиги, ҳам табиий имкониятлари жиҳатдан ўлкамиздаги нодир масканлардан бири ҳисобланувчи Тошқўрғон қишлоғи муҳим туристик манзиллардан бири бўлиб қолишига умид билдиради.

Ўзини ўзи банд қилганлар кимлар? Тил мавқеи кимга боғлиқ? Камбағалликдан қутулишнинг имкони борми? Гаджетлар ажин сабабчисими? Агар сиз мана шу саволларга жавоб қидираётган бўлсангиз «Ишонч» газетасини ўқинг. Нашрнинг ҳар бир сони ўқувчилар учун қизиқарли бўлган турли мавзулардаги мақолаларга бой. Шу билан бир қаторда таҳририят жойларда учраётган муаммоларга ҳам ечим излайди. Хусусан, Муқимбой Исмоиловнинг “Қоғозда «пишаётган» сабзавотлар ёхуд қўлдан-қўлга овора ер қиссаси” сарлавҳали мақоласида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги «Жиззах файз олмазори» фермер хўжалигидаги можаролар, мутасадди раҳбарларнинг масъулиятсизлиги оқибатида келиб чиқаётган низолар ҳақида сўз боради.

«Ҳуррият» газетаси бу ҳафтада журналистикамиз тарихи ва бугунги куни ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бир нечта мақолалар берган. Уларда “Йилнинг энг фаол журналисти“ анъанавий танлови, соҳамиз фахрийлари ва фидойилари ҳақида ҳикоя қилинади. Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўлқин Ҳайитнинг Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди ва фаолиятига бағишланган «Миллат қалбига ойна тутиб...»сарлавҳали мақоласи кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий. Мақолада замондошлари томонидан Туркистон жадидларининг улуғи, ўзбек драматургияси ва публицистикасининг асосчиси, дея таърифланган мутафаккир бобомизнинг ҳуррият ва маънавий камолот орзусида амалга оширган саъй-ҳаракатлари тарихий фактлар асосида батафсил очиб берилган.

Нафақат миллий адабиётимиз, балки қўшни давлатлар адабиётининг умидли намояндалари асарлари билан танишишни хоҳлаган шеърият ихлосмандларига«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасини тавсия этган бўлардим. Газетанинг навбатдаги сонида коронавирус пандемияси туфайли бу йил “Zoom” дастури орқали онлайн тарзда бўлиб ўтган ёш ижодкорларнинг анъанавий «Зомин қалдирғочлари» семинарида иштирок этган Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон давлатларида яшаб, ижод қилаётган ёшларнинг шеърларидан намуналар берилган.

«Маҳалла» газетасининг деярли ҳар бир саҳифаси битта долзарб мавзудаги мақолага ажратилган. Бу мақолалар ижтимоий ҳаёт, сиёсат, иқтисодиёт, тиббиёт, ҳуқуқ, таълим, санъат ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олади. Шу боис ҳар қандай одам газетанинг бу сонидан ўзига қизиқарли бўлган мақолани топа олиш эҳтимоли катта. Менга, масалан, Нилуфар Юнусованинг «Янги тизимда пенсияга чиқиш тартиби қандай?» сарлавҳали мақоласи қизиқроқ туюлди. Шунақа масалалар ҳақида бош қотириш ёшига ҳам яқинлашиб қолдик.

Мавзу хилма-хиллиги борасида «Оила даврасида» газетаси ҳам «Маҳалла»дан қолишмайди. Лекин улар орасида бир мақола алоҳида эътиборга лойиқ. Бу — Эрпўлат Бахтнинг «Муҳофазага муҳтож виждон» сарлавҳали мақоласи. Ўзининг ўткир қалами билан танилган хоразмлик ҳамкасбимиз бу сафар табиатни асраш борасидаги нуқсонлар, хусусан, шу масалага масъул бўлган мутасаддиларнинг лоқайдлиги, таъбир жоиз бўлса, виждонсизлиги ҳақида куюниб ёзади.

«Аёлга ожиза эмас, мўъжиза, деб қаранг». Газетага лейтмотив сифатида чиқарилган бу сарлавҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамованинг «Жамият»газетасида чоп этилган мақоласига тегишли. Унда муаллиф жамиятимизда хотин-қизларнинг ўрни, уларга яратилаётган шарт-шароитлар, гендер тенглигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ўз фикрларини баён этган. Умуман, газетанинг бу сонида парламент қуйи палатаси вакиллари мақолаларига катта ўрин ажратилган.

Шарҳламоқчи бўлсак, юртимизда бунга арзигулик газеталар кўп, ва уларнинг ҳар бири ўзига хос. Обуна бўлинг. Ишончим комилки, сизни қизиқтирадиган мақолани албатта топасиз.

Жамолиддин ТЎХТАШEВ,
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари.

ЎзА

ЎзА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?